Ўзбекистон | 11:12 / 23.05.2024
1656
3 дақиқада ўқилади

Айрим қадоқлаш материаллари ва товарларга экологик йиғим жорий этилиши мумкин

Фойдаланиш хусусиятини йўқотгандан сўнг атроф-муҳитга зарар етказувчи ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган қадоқлаш материаллари ва товарларга экологик йиғим институтлари жорий этилиши мумкин.

Фото: Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан янги таҳрирдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Депутатлар ва ваколатли орган ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш кластерлари, тадбиркорлик субъектлари, чиқинди полигонлари фаолияти билан яқиндан танишилиб, соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммолар ўрганилди.

Ўрганиш жараёнларида тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқиндиларни саралаш жараёнлари қонунчиликда тартибга солинмаганлиги, кўрсатилган хизматлардан аҳолининг дебитор қарздорлиги йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги маълум қилинди.

Муҳокамалар давомида ЎзЛиДеП фракцияси вакиллари томонидан санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотларнинг ҳуқуқий фаолиятининг белгилаш, ЎзХДП фракцияси вакиллари томонидан эса чиқиндиларни утилизация қилиш ҳамда уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир фаолиятни рағбатлантиришнинг иқтисодий механизмлари белгилаш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. 

“Адолат” СДП фракцияси вакиллари юридик ва жисмоний шахслар томонидан чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда фойдаланиш хусусиятини йўқотгандан сўнг атроф-муҳитга зарар етказувчи ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган қадоқлаш материаллари ва товарларга экологик йиғим институтлари жорий этиш лозимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси томонидан чиқиндилар билан ишлашда табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик, хусусан, қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш ҳамда суюқ маиший чиқиндиларни тўкканлик учун молиявий жарималар қўллашга доир нормалар киритиш таклиф этилди.

Қонун ташаббускорлари таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чиқиндиларни бошқариш борасида мавжуд амалиётни янада такомиллаштириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назорати самарадорлигини ошириш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида давлат ва хусусий шерикчиликни янада ривожлантириш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид