Ўзбекистон | 11:41 / 23.05.2024
1261
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Чехия билан саноат чиқиндиларини қайта ишлаш борасида ҳамкорлик қилади

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Чехия Республикасининг New World Technologies (NWT) JSC компанияси бош директори Давид Витек билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Учрашув доирасида делегация масъул вакиллари томонидан компания фаолияти ҳақида тўхталиб ўтилди. Хусусан, чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш орқали ундан энергия олиш ва йирик биогаз станциялари, иссиқхоналар ривожига қаратилган фаолият юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга доир истиқболли лойиҳалар юзасидан сўз юритилди. Бунда, автомобил шиналарини ёқиш орқали олинадиган энергия ва унинг сарфи, заводнинг истеъмоли каби масалалар муҳокама қилинди.

Жараёнда компания вакиллари мамлакатда экология, айниқса, чиқиндиларни бошқариш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида ўзаро ҳамкорлик бўйича қатор мақсадлари борлигини маълум қилди.

Вазирлик компания мақсадларига хайрихоҳ эканлигини билдирди. Шу билан бирга, «нол чиқинди» тамойили асосида барча туман ва шаҳарларда аҳоли ўртасида чиқиндиларни саралаш маданиятини юксалтириш баробарида уни қайта ишлаш, чиқинди сарфини камайтириш, иқтисодиётнинг ажралмас бўлагига айлантириш пировард мақсад эканлигини айтиб ўтилиб, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Муаллиф Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид