Ўзбекистон | 18:35 / 23.05.2024
2379
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилади 

Президент Шавкат Мирзиёевга спорт таълимини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказиш режалари бўйича ахборот берилди. 

FIFA қарори билан футзал бўйича бу йилги жаҳон чемпионати сентябр-октябр ойларида Ўзбекистонда ўтказилади. Унда дунёнинг энг кучли 24 жамоаси қатнашади. Иштирокчи мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар, 30 мингдан зиёд мухлислар келиши кутилмоқда. Мутасаддилар бу борада кўрилаётган тайёргарлик ишлари, спорт ва маданий тадбирлар режалари юзасидан президентга ахборот берди. Чемпионатни юқори савияда ўтказиш учун бош вазир раҳбарлигида ташкилий қўмита тузилиши белгиланди. 

Тошкентда Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда. Келгуси йил у ерда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади. Кейинчалик, ундан самарали фойдаланиш мақсадида Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил қилиниши кўзда тутилган. Ушбу муассаса ҳузурига Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқот институти ҳамда Мутахассислар малакасини ошириш институти ҳам ўтказилади. Академия тизимида Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази, Ахборот кутубхона маркази, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўқитиш маркази очилади. 

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, академияга 3 та бакалавр йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича қабул бошланади. Битирувчи талабаларга тўғридан-тўғри 6 йиллик тренерлик малака сертификати берилади. Олимпия ва паралимпия коллежларидан селекция қилинган битирувчилар тўғридан-тўғри иккинчи курсга қабул қилинади. 

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга кафедралар ва ўқув дастурларини илғор хорижий тажрибаси асосида ташкил этиш, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди. 

Спорт таълимидаги яна бир янгилик Кураш маҳорат мактаби бўлади. Дунёда у билан 30 миллион, Ўзбекистонда 30 минг киши профессионал шуғулланмоқда. Ҳар бир вилоят марказида Кураш маҳорат мактаби ташкил этилиши режалаштирилган. Маҳорат мактабида 140 нафар ўқувчи бўлади, улар 5-11-синф ўқувчилари орасидан танлаб олинади. 

Тақдимотда Париж олимпиадасига кўрилаётган тайёргарлик бўйича ҳам ҳисобот берилган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид