Жаҳон | 22:49 / 24.05.2024
10138
2 дақиқада ўқилади

2020-2021 йилларда COVID-19 пандемияси оқибатида вафот этганлар сони маълум қилинди

Коронавирус 2020 йилда ўлимнинг энг кўп учрайдиган сабаблари орасида учинчи, 2021 йилда эса иккинчи ўринни эгаллади.

Фото: AP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботига кўра, 2020 ва 2021 йилларда COVID-19 пандемияси мос равишда 4,1 миллион ва 8,8 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлган. Коронавирус 2020 йилда ўлимнинг энг кўп учрайдиган сабаблари орасида учинчи, 2021 йилда эса иккинчи ўринни эгаллади. 

Ҳисоботда қайд қилинишича, COVID-19 туфайли ўртача умр кўриш икки йил ичида 1,8 йилга қисқарди ва 2012 йил даражасида 71,4 ёшни ташкил этди. 2021 йилда «глобал соғлом умр кўриш давомийлиги» 1,5 йилга қисқариб, 61,9 ёшни ташкил қилди. 

Таъкидланишича, пандемиянинг оқибатлари бутун дунё бўйлаб нотекис сезилмоқда. Америка ва Жануби-Шарқий Осиё энг кўп зарар кўрди, 2020-21 йилларда ўртача умр кўриш тахминан уч йилга қисқарди ва соғлом умр кўриш икки ярим йилга қисқарди. 

ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус глобал соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш орқали саломатлик тараққиёти ва мустаҳкамланиши кузатилаётганини таъкидлади. 

«Аммо биз тараққиёт нақадар заиф эканлигини тан олишимиз керак. Икки йил ичида COVID-19 пандемияси умр кўриш давомийлигининг ўн йиллик ўсишини йўқ қилди», деди ташкилот раҳбари. 

2024 йил баҳорининг иккинчи ярмида, айрим мамлакатларда олимлар COVID-19 билан касалланишнинг сезиларли ўсишини қайд эта бошладилар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўсишнинг аксарияти FLiRT вируси варианти билан боғлиқ, у Omicron версияси насл-насабининг бир қисмидир. 

Олимлар FLiRT варианти ковиднинг ёзги тўлқинига олиб келиши мумкинлигини истисно қилмайди. Аммо пандемиянинг қайтиши ҳақида гапиришга ўрин йўқ. Ҳозирча вирус аҳолининг заиф қатламлари учун хавф туғдирмоқда.

Мавзуга оид