Ўзбекистон | 10:27 / 24.05.2024
2672
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё ва ЕИ экспертлари Тошкентда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилади

Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё халқаро институтида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби" мавзусида эксперт конференцияси бўлиб ўтади.

"Дунё" хабарига кўра, тадбир Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа кенгаши президенти томонидан 2023 йил 2 декабр куни Чўлпонота (Қирғизистон)да бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ ўтказилмоқда.

Тадбирда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Хакала, Европа Иттифоқининг терроризмга қарши кураш бўйича координатори Бартян Вегтер, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ҳамда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган дастур координаторлари ва лойиҳа менежерлари ҳамда хавфсизлик соҳасининг Европа Иттифоқи-Марказий Осиё форматида фаолият олиб борувчи Европа Иттифоқи тузилмаларининг қатор экспертлари иштирок этади.

Конференцияда LEICA (Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти), BOMCA (Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури) ва CADAP (Марказий Осиёда наркотикларга қарши курашиш дастури) каби хавфсизлик бўйича ҳамкорлик дастурлари доирасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги олиб борилаётган жорий ҳамкорлик алоқалари таҳлил қилинади.

Шунингдек, терроризм, экстремизм ва радикализм, кибержиноятчилик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик ва одам савдоси каби таҳдидларга қарши курашиш соҳаларида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари ўрганиб чиқилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид