Иқтисодиёт | 16:24 / 25.05.2024
6285
4 дақиқада ўқилади

2023 йилда уй-жой нархлари аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 2,1 марта тезроқ ўсган – Марказий банк

2023 йил давомида кўчмас мулк бозорида уй-жойларнинг ўртача бозор нархи фундаментал нархидан 24 фоизгача юқори баҳоланган. Бунга асосий сабаб – талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносиблик. Натижада ўтган йилда миллий ва хорижий валютадаги уй-жой нархлари индекслари мос равишда 43 ҳамда 23 бирликка ошган. 

Фото: Kun.uz

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўчмас мулкни харид қилиш хусусияти бирламчи эҳтиёжни қондиришдан инвестицияга ўзгарган. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2023 йил учун молиявий барқарорлик шарҳида келтириб ўтилган.

Регуляторнинг қайд этишича, кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг ортиқча баҳоланиши сақланиб қолмоқда. Йиллар давомида юқори суръатларда ўсиб бораётган уй-жойларнинг бозор қиймати ушбу активларга бўлган талабни янада оширмоқда. Юқори талаб шароитида таклиф ҳажмининг сезиларли ортда қолиши уй-жой нархларининг фундаментал омилларга, хусусан аҳоли даромадига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўсишини юзага келтирмоқда. Бундан ташқари, уй-жойларни ижарага бериш орқали кўриш мумкин бўлган рентабеллик даражасининг пасайишига қарамай, спекуляция омили таъсирида кўчмас мулк бозорида юқори фаоллик ва талаб ҳажми ортган.

Натижада, 2023 йил давомида кўчмас мулк бозорида уй-жойларнинг ўртача бозор нархи фундаментал нархидан 24 фоизгача юқори баҳоланиши кузатилган.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўчмас мулкни харид қилиш хусусияти бирламчи эҳтиёжни қондиришдан инвестицияга ўзгарди. Уй-жой нархларининг миллий ва хорижий валютадаги индексларида кузатилган юқори ўсиш суръатлари уларга бўлган талабни янада оширмоқда. 2023 йилда миллий ва хорижий валютадаги уй-жой нархлари индекслари мос равишда 43 ҳамда 23 бирликка ошди.

Бундан ташқари, мамлакатда капитал бозорининг етарли даражада шаклланмагани, молия инструментларининг оммалашмагани, шунингдек, кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг ўсиш суръати банк депозитлари даромадлилигига (2023 йил давомида, 1 йилдан юқори бўлган жами муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари миллий валютада 20 фоиз, хорижий валютада 5 фоиз) нисбатан ҳам юқори бўлиши аҳоли томонидан кўчмас мулк бозорига сармоя киритишнинг юқори рентабелли актив сифатида қаралишига сабаб бўлди», дейилади Марказий банк шарҳида.

Уй-жой нархлари ўсишида таклиф омилининг таъсири пастлигича қолган. 2023 йил якунига кўра қурилиш-монтаж ишлари нархларининг йиллик ўсиш суръати 5,2 фоизни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоиз бандга камайган. 2023 йил давомида қурилиш-монтаж ишлари нархларининг йиллик ўсиш суръатларида кузатилган ушбу пасайиш тенденцияси кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг юқори ўсишида таклиф омилининг таъсири паст эканидан далолат беради.

Кўчмас мулк бозорида уй-жойга бўлган талаб ва таклиф номутаносиб равишда шаклланишда давом этмоқда. 2023 йилда амалга оширилган қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиши (15 фоиз) мамлакат номинал ЯИМ ўсиш суръатларига (19 фоиз) нисбатан пастроқ шаклланган.

2023 йилда Ўзбекистонда аҳолининг уй-жой харид қилиш имкониятлари ҳам қисқарган. Мамлакат аҳолисининг ўртача иқтисодий ҳолатини ифодаловчи аҳоли жон бошига ҳисобланган номинал ЯИМ миқдорига нисбатан уй-жой нархларида юқорироқ ўсиш кузатилган. Хусусан, 2023 йил якунига кўра, 1 кв метр учун уй-жой нархининг аҳоли жон бошига ҳисобланган номинал ЯИМга нисбати 30 фоизни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоиз бандга ортган. Ушбу нисбатнинг ортиши аҳолининг кўчмас мулк бозорида уй-жой сотиб олиш қобилияти пасайганини ифодалайди.

Шунингдек, кўчмас мулк бозоридаги уй-жой нархлари шаклланишига аҳолининг расмий даромадига боғлиқ бўлмаган бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистонда уй-жой нархларининг аҳоли даромадларига нисбатан юқори суръатларда ўсиши давом этган. 2023 йилда уй-жой нархларининг бозор қиймати йиллик 36 фоизга, аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи эса 17 фоизга ўсган. Натижада, уй-жой нархларининг бозор қиймати аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан йиллик ҳисобда қарийб 2,1 марта тезроқ ўсган. 2023 йилда Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич айрим Марказий Осиё, Кавказ ва бошқа давлатлар кўрсаткичларига нисбатан юқори шаклланган.

Мавзуга оид