Папуа: БМТ кўчки қурбонлари сони ортишидан хавотирда
Папуа-Янги Гвинеядаги вайронкор кўчки ҳудудидаги вазият ўта жиддийлигича қолмоқда. 150 га яқин уй кўп метрли тупроқ ва вайроналар остида қолиб кетган.
Папуа-Янги Гвинеянинг тоғли ҳудудида содир бўлган ҳалокатли кўчкидан сўнг, БМТ табиий офат 700 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлганидан хавотирда. «Тахминларга кўра, 150 ёки ундан ортиқ уй 6-8 метр тупроқ ва вайроналар остида қолиб кетган бўлиши, шунинг учун тахминан 670 ёки ундан ортиқ одам ҳалок бўлиши мумкин», деди Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маҳаллий миссияси раҳбари Серхан Актопрак 26 май, якшанба куни Австралиянинг АВС медиа-компаниясига берган интервюсида.
Актопрак маълумотларига кўра, офат кўлами дастлаб кутилганидан анча катта бўлиб чиқди, офат зонаси ва унинг атрофидаги ҳудуд хавфли ва беқарорлигича қолмоқда - тош қулаши давом этмоқда, ер массалари ҳаракатда қолмоқда ва ҳудуддаги уйларга босим келтириб чиқармоқда. Хавфли вазият туфайли қутқарувчилар дастлаб ўзларини қутқариб, 250 га яқин тирик қолганларни эвакуация қилишга мажбур бўлди, деди ХМТ миссияси раҳбари.
Кўчки 24 майга ўтар кечаси Папуа-Янги Гвинея марказидаги Энга провинцияси қишлоғида содир бўлди. 10 миллионга яқин аҳолиси бўлган Австралия шимолидаги бу тропик мамлакат экваторга яқинлиги сабабли тез-тез кучли ёмғирлар ёғади. Бундан ташқари, Папуа Ердаги энг сейсмик фаол зоналардан бирида жойлашган. Яқинда Энга провинциясида 4,5 магнитудали зилзила қайд этилди. Кўчкининг сабаби ушбу ер силкинишига боғлиқми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.