Жаҳон | 07:43 / 27.05.2024
5556
3 дақиқада ўқилади

Сеул: Шимолий Корея айғоқчи сунъий йўлдошни учиришга тайёрланмоқда

Шимолий Корея сунъий йўлдош учирилиши ҳақида Японияни огоҳлантирди. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, бу айғоқчи сунъий йўлдошдир.

Фото: KCNA VIA KNS/AFP

Шимолий Корея Японияни 4 июн, сешанба кунидан бир кун олдин сунъий йўлдош учириши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда 27 май, душанба куни Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати маълум қилди. КХДР билдиришномасида Корея яримороли ва Филиппиннинг Лусон ороли яқинидаги денгизда ракета ташувчиси қолдиқлари тушиши мумкин бўлган учта хавфли зона белгиланди, деб хабар бермоқда "Киодо" агентлиги.

Аввалроқ Жанубий Корея расмийлари КХДР ўзининг иккинчи ҳарбий жосуслик сунъий йўлдошини орбитага чиқариш ниятида экани ҳақида хабар берган эди. Сеулга кўра, Жанубий Корея ва Америка разведкаси учиришга тайёргарликни "яқиндан кузатмоқда".

Жанубий Кореянинг юқори мартабали расмийси "Рёнхап" агентлигига Россиядан кўплаб мутахассислар КХДРга жосуслик сунъий йўлдошларини учиришда ёрдам бериш учун келганини айтди. Манбага кўра, бу РФ ўтган йили Шимолий Кореянинг сунъий йўлдош дастурини қўллаб-қувватлашга ваъда берганидан кейин содир бўлган.

КХДР сўнгги бор ноябр ойида айғоқчи сунъий йўлдошни учирди ва 2024 йилда орбитага яна учта шундай қурилмани чиқаришга ваъда берди. Январ ойида Жанубий Корея ҳам орбитага биринчи разведка сунъий йўлдошини юборган.

Шимолий Кореянинг ядровий таҳдиди

Шимолий Корея охирги пайтларда тез-тез ракета синовларини ўтказа бошлади. Хусусан, 3 апрел куни мамлакат давлат ОАВ ядро каллагини олиб юришга қодир гипертовушли каллакка эга ўрта масофага мўлжалланган Hwasong-16B ракетаси синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. Мамлакат етакчиси Ким Чен Ин янги ракетани "яна бир кучли стратегик ҳужум қуроли" деб атади.

2022 йил сентябрида КХДР кўп сонли санкциялар ва БМТ резолюцияларига зид равишда, "душман кучлар" томонидан ҳужум таҳдиди юзага келган тақдирда профилактик зарбалар беришга рухсат берувчи ядро қуроли тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ўзини расман ядровий давлат деб эълон қилди. 2024 йилнинг март ойида Жанубий Корея ва АҚШ 2018 йилдан бери биринчи марта КХДР томонидан юзага келиши мумкин бўлган ядровий таҳдидга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Шимолий Корея томонидан жосуслик сунъий йўлдошларининг учирилиши, ҳарбий таҳлилчилар таъкидлаганидек, Пхеняннинг ўзининг потенциал рақиблари ҳақида ҳарбий маълумот тўплаш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

Мавзуга оид