Исроил танклари Рафаҳ ғарбидаги эвакуация зонасига зарба берди
Шунингдек, Исроил танклари Рафаҳ марказига кириб боргани таъкидланмоқда.
28 май куни Исроил танклари Фаластиннинг Рафаҳ шаҳри ғарбидаги эвакуация лагерига зарба берди, оқибатда 21 киши ҳалок бўлди. Бу Исроил авиациясининг якшанба тунидаги даҳшатли зарбасидан кейинги илк ҳодиса, деб хабар берди Reuters.
ҲАМАС соғлиқни сақлаш идорасининг хабар қилишича, ҳалок бўлганларнинг 12 нафари аёллар. Исроил армияси масъулига кўра, Исроил томони ҳодиса ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.
Гувоҳларнинг айтишича, Рафаҳ марказидаги шаҳарнинг диққатга сазовор жойи Ал-Авда масжиди яқинида пулемётлар ўрнатилган танклар ва зирҳли техникалар кўзга ташланган. Исроил ҳарбийлари ўз кучларининг Рафаҳ ҳудудида операцияни давом эттираётганини айтган, аммо шаҳар марказига ўтганлар ҳақида изоҳ бермаган.
Сешанба кунги ҳужум Исроил томонидан кенгайтирилган гуманитар майдон сифатида белгиланган ҳудудда содир бўлди. Исроил май ойи бошида ҳужум бошлаганида Рафаҳдаги тинч аҳолини у ердан эвакуация қилинишга чақирган эди.
Исроил уч ҳафта олдин Миср билан Рафаҳ чегара пункти назоратини қўлга киритиш орқали ўз босқинини бошлади. Шу сабабли танклар чекка ҳудудларни кузатиб, баъзи шарқий туманларга кирган, бироқ шаҳарга ҳали тўлиқ куч билан кириб келмаган эди.
Исроилнинг уч ҳафтадан буён Рафаҳ ҳудудида давом этаётган операцияси халқаро ҳамжамиятда норозилик уйғотмоқда. Бу норозилик, айниқса, якшанба куни 45 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумдан кейин кескин кучайди.
Таъкидланишича, зўравонликларни жиловлашга қаратилган дипломатик ҳаракат сифатида Испания, Ирландия ва Норвегия сешанба куни Фаластин давлатини расман тан олди ва бу Исроилнинг халқаро изоляциясини анча чуқурлаштирди.
Мавзуга оид
21:10 / 17.11.2024
Туркия Исроил президентининг самолётини ўз ҳаво ҳудудига киритмади — ОАВ
20:12 / 17.11.2024
Исроил зарбаси оқибатида «Ҳизбуллоҳ» матбуот котиби ҳалок бўлди
20:40 / 16.11.2024
HRW Исроилни Ғазо секторидаги фаластинликларни мажбуран кўчирганликда айблади
09:20 / 16.11.2024