Жаҳон | 12:25 / 28.05.2024
6967
4 дақиқада ўқилади

Норвегия ва Испания Фаластинни давлат сифатида тан олди

Ўтган ҳафта эълон қилинган Норвегиянинг Фаластинни тан олиш қарори кучга кирди. Испания Шарқий Қуддусни Фаластин пойтахти деб тан олди. Ирландия ҳам Фаластин давлатини тан олмоқчи.

Фото: Beate Oma Dahle/NTB/REUTERS

Норвегия ва Испания Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди. Қарор 28 май, сешанба куни кучга кирди, деб тасдиқлади Ослодаги ташқи ишлар вазирлиги. Икки кун аввал Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде Брюсселдаги учрашувда Фаластин миллий маъмурияти бош вазири Муҳаммад Мустафога тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган эди. «Бу эътироф билан биз Осло келишувлари (Исроил ва Фаластин ўртасидаги) бошлаган жараёнга янги дастур тақдим этмоқдамиз», деди Эйде. Унинг фикрича, агар бошқа давлатлар Норвегиядан ўрнак олса, бу қарор Яқин Шарқдаги можарони «тинч йўл билан ҳал этиш учун катта туртки бериши» мумкин.

Мадрид Шарқий Қуддусни Фаластин пойтахти деб тан олди 

Испания бош вазири Педро Санчес 28 май, сешанба куни унинг мамлакати 1967 йил чегараларида мустақил Фаластин давлатини ва пойтахти Шарқий Қуддусни тан олишини маълум қилди. Сиёсатчи бу қарорни тарихий деб атади ва у «ҳеч кимга қарши қаратилмагани» ҳамда Мадрид энг яхши муносабатларни сақлаб қолиш ниятида бўлган Испания билан дўст бўлган «камроқ даражада Исроилга қарши» эканини таъкидлади. 

Ирландия ҳам Фаластинни тан олиш ниятида

Бир неча кун аввал Норвегия ва Испания билан бир вақтда Фаластинни тан олиш ниятини эълон қилган Ирландия ҳам 28 май куни мустақил Фаластин давлатини тан олиши тўғрисида баёнот бериши кутилмоқда. 

Аввалроқ Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре Фаластин тан олинишини «исроилликлар ва фаластинликлар учун сиёсий ечим таклиф қиладиган ягона муқобил вариант» деб атади. «Фаластин халқи ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга, ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликлар ўз давлатларида тинчликда яшаш ҳуқуқига эга», - деди Стёре. 

Исроил Осло ва Дублин позициясига қарши

Исроил Фаластин тан олинишига мутлақо қарши. Яқинда Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Фаластин маъмурияти суверен давлат бўлиш учун зарур бўлган мезонларга жавоб бермаслигини билдириб ўтди.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац 22 май куни ўз мамлакатининг Ирландия ва Норвегиядаги элчиларини зудлик билан маслаҳатлашувлар ўтказиш учун чақириб олди. «Мен Ирландия ва Норвегияга аниқ ва равшан хабар юбораман: бошқалар унинг суверенитети ва хавфсизлигига путур етказар экан, Исроил жим турмайди», - деди у. 

Германия ҳозирча Фаластин давлатини тан олиш ниятида эмаслигини таъкидлади. АҚШ президенти Жо Байден ҳам Фаластин бир томонлама тан олинишини рад этди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид