Иқтисодиёт | 13:30 / 28.05.2024
21108
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги биринчи беш юлдузли меҳмонхона сотувга қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги International Hotel Tashkent меҳмонхонасидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш жараёни бошланганини эълон қилди.

Фото: ihthotel.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги InterHotel МЧЖдаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш учун савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилади.

Хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида Deloitte компанияси жалб этилган.

Сотувга қўйилган меҳмонхона 232 та хона, 7 та конференция зали, 2 та ресторан, барлар, ёзги терраса, фитнес-клуб ва бассейнни ўз ичига олади. Умумий 3 га ер майдонида 44 903 кв метр бино ва иншоотлар жойлашган.

Хусусийлаштириш жараёни уч босқичда амалга оширилади: сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest), мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) ҳамда мажбуриятга эга бўлган таклиф (BО) босқичлари. Якуний босқичда таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга ошириш белгиланган.

Аризаларни қабул қилиш муддати - 2024 йил 4 июл соат 18:00 га (Тошкент вақти билан) қадар давом этади.

Мавзуга оид