Иқтисодиёт | 14:43 / 29.05.2024
10654
3 дақиқада ўқилади

ФНҚЗ учун келишилган сумма ҳали тўлиқ тўланмагани маълум бўлди

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги 100 фоиз улушлар икки йил аввал 100 млн долларга Saneg'га сотилган эди. Лекин ҳозир ҳам заводдаги улушларнинг назорат пакети давлатда қолмоқда, Saneg'нинг улуши эса 41,5 фоизни ташкил этади. Компания ҳали белгиланган тўловни тўлиқ тўламаган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи / Фото: Давактив

Ўзбекистондаги асосий нефт қазиб чиқарувчи компания – Saneg нефт конларидаги “Ўзбекнефтгаз”га тегишли ускуналарни назоратга олмоқда. Бу – ҳукуматнинг 2024 йил 2-чораги учун инвестиция дастурида кўзда тутилган.

Бу хусусийлаштириш жараёни ҳозир қайси босқичда экани, хусусийлаштириш объекти ва битим қиймати маълум эмас. Инвестиция дастурида келтирилишича, нефт конларидаги ускуналар, UNG Petro АЁҚШлар тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи билан биргаликда, жами 70 млн долларга баҳоланган.

АЁҚШлар тармоғи ва Чиноз НҚЗ Petroleum Technology Group назоратига ўтган бўлса, нефт конларидаги ускуналар Saneg эгалигига ўтиши кўзда тутилган.

Saneg билан бундан икки йил олдин Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бўйича ҳам хусусийлаштириш битими тузилган эди. 2022 йилнинг 22 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги заводнинг 100 фоиз улуши 100 млн долларга “Саноат Энергетика Гуруҳи” МЧЖга сотилганини эълон қилганди.

Бироқ, 2024 йилнинг 29 май ҳолатига кўра, заводнинг 58,5 фоиз улуши Давактивга, 41,5 фоиз улуши эса Saneg'га тегишли.

Давактивнинг Kun.uz'га аниқлик киритишича, Saneg ҳали белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширмаган.

“Харид қийматини тўлаган қисмига мутаносиб равишда улуш ўтказиб берилади. Харид қиймати тўлиқ тўлангандан ва шартнома шартларини бажаргандан сўнг, улуш ҳам тўлиқ ўтказилади”, – дейилади агентлик изоҳида.

Saneg тўлиқ тўловни қанча муддатда амалга ошириши кераклиги ҳақидаги саволга ойдинлик киритилмади.

Маълумот учун, битим доирасида харидорга қуйидаги мажбуриятлар ҳам юклатилганди:

  • заводни модернизация қилиш орқали замонавий ва экологик тоза бензин, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси, Жет а-1 реактив ёқилғиси ва суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш;
  • нефт агрегатларини модернизация қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини камида 2 миллион тоннага ошириш;
  • юқоридаги мақсадлар учун 380 млн доллардан ортиқ инвестиция киритиш.

Kun.uz аввалроқ Тошкент металлургия заводи хусусийлаштирилиши ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид