Жамият | 10:14 / 29.05.2024
22628
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Авазбек Олимов судда ютқазди. Ундан шоира фойдасига 170 млн сўм ундириш белгиланди

Қўшиқчи шоира Маҳлиё Аҳророванинг “Гўзал ёрим” шеърини унинг рухсатисиз йиллар давомида “Севар ёрим” номи остида куйлаб келгани учун товон пули ва маънавий зарар тўлайдиган бўлди.

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 24 майдаги ҳал қилув қарори билан хонанда Авазбек Олимовдан даъвогар Маҳлиё Аҳророва фойдасига 150 млн сўм товон пули ва 20 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Шунингдек, Авазбек Олимовга “Севар ёрим” қўшиғини ижро этмаслик мажбурияти юклатилган.

Бундан ташқари, хонанда ҳисобидан шоира фойдасига олдиндан тўланган 6 млн 680 минг сўм давлат божи ва 34 минг сўм почта харажатини ундириш ҳам белгиланган.

Маълумот учун, шоира Маҳлиё Аҳророва судга даъво аризаси киритиб, хонанда Авазбек Олимов унинг “Гўзал ёрим” шеърини ўзгартириб, “Севар ёрим” номи остида муаллифнинг рухсатисиз ижро этиб келганлигини, “Гўзал ёрим” шеъри 2009 йилда ёзилганлиги ва “Сўзи гавҳарим” китобида чоп этилганлиги, хонанда уни 2015 йилдан ҳозирги кунга қадар мунтазам равишда номини ўзгартириб, турли давраларда ижро этиб келганлигини таъкидлаганди.

Иш ҳужжатларига кўра, айни ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2023 йил 4 декабр кунги қарори билан Авазбек Олимов маъмурий жавобгарликка тортилган.

Даъво аризасида Маҳлиё Аҳророва хонандадан ўзининг фойдасига 200 млн сўм маънавий зарар ҳамда 340 млн сўм товон пули ундириб беришни, хонандага “Севар ёрим” қўшиғини ижро этишни, барча теле ва радиоканалларга мазкур қўшиқни эфирга узатишни тақиқлашни сўраганди.

Мавзуга оид