Жаҳон | 00:00 / 29.05.2024
6662
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Байденни «Украина тинчлик саммити»да иштирок этишга чақирди

Расмий Вашингтон саммитни қўллаб-қувватлашини айтди, аммо ҳали юқори даражадаги делегация юбориш ҳақида ҳеч нарса дегани йўқ.

Фото: Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байденни июн ўрталарида Швейцарияда бўлиб ўтадиган тинчлик саммитида иштирок этишга чақирди. Зеленскийнинг айтишича, асосий иттифоқчисининг йўқлиги «Путинни фақат хурсанд қилади», деб ёзди BBC.

Хабарларга кўра, президент Байден ва вице-президент Камала Харрис саммитда иштирок этмайди.

Бир неча ой давомида режалаштирилган саммит Люцерн кўли ёқасидаги ҳашаматли Бургенсток меҳмонхонасида бўлиб ўтади.

Нашрнинг таъкидлашича, президент Байденнинг иштирок этмаслиги борасидаги гап-сўзлар Украина учун катта зарба бўлади. Расмий Вашингтон саммитни қўллаб-қувватлашини айтди, аммо ҳали юқори даражадаги делегация юбориш ҳақида ҳеч нарса дегани йўқ.

Швейцария ҳукумати саммитга 160 дан ортиқ давлатни таклиф қилди ва мақсади «дунё етакчилари халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми асосида Украинада адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш йўлларини муҳокама қиладиган форумни ташкил этиш» эканини айтди.

BBC ёзганидек, саммитнинг муваффақияти йўлида жиддий тўсиқлар бор. Уларнинг асосийси - урушни бошлаган мамлакат Россиянинг у ерда бўлмаслигидир.

Россия билан яхши алоқаларга эга Хитой ҳам юқори даражадаги вакилларини юбормаслиги мумкин. Шунингдек, Бразилия ва Ҳиндистон ҳам кичик лавозимли вакилларини юборишини айтган. Швейцария ҳукуматининг ахборотига кўра, 70га яқин давлат саммитда қатнашишга рози бўлган. Зеленский эса, уларнинг сони 90га етганини айтмоқда.

Саммитга иштирок этишга рози бўлган давлат раҳбарлари орасида Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц, шунингдек, Африка ва Ўрта Шарқнинг бир қатор давлат раҳбарларини кўриш мумкин.

Мавзуга оид