Иқтисодиёт | 22:10 / 30.05.2024
10389
3 дақиқада ўқилади

Бир қатор йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджетидаги улуши кескин қисқарди

2023 йилда йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджетидаги улуши қисқарган. Хусусан, энг йирик солиқ тўловчилар – Навоий кон металлургия комбинатининг улуши 0,4 фоизга, Олмалиқ кон металлургия комбинатининг улуши эса 2,38 фоизга камайган. Шунингдек, бир қатор энергетика корхоналарининг ҳам бюджет тушумларидаги улуши кутилганидан сезиларли даражада кам бўлган.

ОКМК / Фото: Андрей Кудряшов

2023 йилги давлат бюджети ижроси тўғрисидаги “Фуқаролар учун бюджет” нашри эълон қилинди. Унга кўра, йирик солиқ тўловчиларининг бюджет тушумларидаги улуши қисқарган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича бизнес ва аҳолидан ундириладиган солиқлар ўсганига қарамай, давлат бюджети даромадлари ўсиши секинлашган.

2022 йилда бюджет даромадлари 22,4 фоизга ўсган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 14,8 фоизни ташкил қилган.

Хусусан, ер солиғидан тушумлар 29,9 фоизга, мол-мулк солиғидан тушумлар 27 фоизга, жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан тушумлар 23,25 фоизга, божхона божларидан тушумлар эса 67,2 фоизга ошган.

Бюджет даромадларининг олдинги йилга нисбатан камроқ ўсгани йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши камайгани билан боғлиқ.

Йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджетидаги улуши.
Фото: bakiroo телеграм канали

“Олтин нархлари осмонга ўрлаганига қарамай, энг йирик солиқ тўловчи НКМКнинг улуши 0,41 фоизга пасайган. Миснинг юқори нархларига қарамай ОКМКнинг улуши 2,38 фоизга пасайган.

Энергетикада аҳвол тубга қараб кетаётганини тушумлар улушидан қараб ҳам билиш мумкин. “Ўзбекнефтгаз” улуши 0,22 фоизга, “Ўзтрансгаз” улуши 0,92 фоизга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи улуши 0,16 фоизга, Uz-Kor Gas Chemical улуши 0,25 фоизга қулаган”, - деб ёзади Отабек Бакиров.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Олтин нархининг ўсиши фойда солиғи тушумларини оширган

Ҳисоботда келтирилишича, тоғ-кон ва металлургия саноати корхоналарининг асосий ишлаб чиқариш товари ҳисобланган олтиннинг 1 унцияси учун жаҳон бозоридаги ўртача йиллик нарх 1 941,8 АҚШ долларига ошиши фойда солиғи тушумларининг 2022 йилга нисбатан 6,2 фоизга кўпайишига олиб келган. 

2022 йилги ҳисоботга кўра, фойда солиғи – 37 трлн 649,9 млрд сўмни ташкил қилиб, шундан жами тушумнинг 17 трлн 393,7 млрд сўми ёки 46 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчи корхоналарга тўғри келган. 2023 йилда эса фойда солиғи тушумлари 40 трлн 778,9 млрд сўмни ташкил қилган, шундан жами тушумнинг 21 трлн 656,7 млрд сўми ёки 53,1 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчи корхоналарга тўғри келган. Олтин нархининг ўсиши фойда солиғи тушумларида ўз аксини топган.

Аммо олтин қазиб олувчи корхоналарнинг ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумларидаги улуши қисқарган. 2022 йилда ресурс солиқлари тушумларининг асосий улушини (15 трлн 300,3 млрд сўм, ёки 54,5 фоиз) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ташкил этиб, шундан 62,1 фоизи олтин қазиб олувчи корхоналар ҳисобига тўғри келган. Таққослаш учун бу кўрсаткич 2022 йилда 63,7 фоиз бўлган.   

Рақамлар бир қатор энергетика корхоналарининг ҳам бюджет тушумларидаги улуши кутилганидек сезиларли даражада кам бўлганини кўрсатади.

2023 йилда йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ тушумларидаги улуши прогнози ва 2023 йилги бюджет ижроси

Мавзуга оид