Жаҳон | 13:00 / 30.05.2024
6749
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги яна бир қочқинлар лагерига ҳужум, ҳусийчилар уриб туширган дрон ва Украинага берилган рухсат — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда танишинг.

Ғазодаги уруш

Исроил Ғазодаги уруш яна 7 ой давом этишини тахмин қилмоқда. Ғазодаги ҳарбий амалиётлардан мақсад ҲАМАС бошқарувига барҳам бериш ҳамда унинг ва иттифоқчиларининг Исроилга ҳужумини тўхтатиш эканлиги таъкидланмоқда.

Исроил 29 май куни Рафаҳга танкларини юборди ва Ғазода ҲАМАСга қарши, дея иддао қилинаётган уруш йил охирига қадар давом этиши кутилаётганини эълон қилди.

Reuters’га кўра, кўплаб ғазоликлар Исроил зулмидан қочиб, бошпана топган Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги Халқаро суд қарорига қарамай, Исроил сешанба куни Рафаҳга ўз танкларини олиб кирган.

Рафаҳ аҳолисининг таъкидлашича, Исроил танклари ғарбдаги Тел-ал-Султон, марказдаги Йибна ва Шабурагача бостириб кирган, сўнгра Миср билан чегарадаги буфер зонага чекинган. 

Фаластин соғлиқни сақлаш расмийлари Исроилнинг Ғазо бўйлаб ҳаво ҳужумлари ва ўққа тутилиши оқибатида 19 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил ҲАМАС жангариларини тинч аҳоли орасида яширинишда айблайди, жангарилар эса буни рад этиб келади.

Таъкидланишича, Исроил ҳарбийлари Миср чегарасидаги буфер зонанинг тўртдан уч қисмини назорат қилмоқда ва ҲАМАСнинг қурол контрабандаси олдини олиш учун барча қисмини назорат қилишни мақсад қилган. Бу ҳақда Исроил Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Цачи Ҳанегби маълум қилди.

Ғазодаги жанглар ҳеч бўлмаганда 2024 йил бўйи давом этади, деб қўшимча қилди у. Шунингдек, Исроил фаластинлик маҳбуслар билан исроиллик гаровга олинганларни алмашишни кўзда тутувчи келишувнинг бир қисми сифатида ҲАМАС талаб қилгандек урушни тугатишга тайёр эмаслигига ҳам ишора қилди.

Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ Рафаҳда ўтказиладиган йирик ҳарбий амалиётга қарши эканини яна бир бор такрорлади ва бундай операция аллақачон ўтказилаётганига ишонмаслигини ҳам айтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Женевада ўтган йиғилишида 30 дан ортиқ давлат Исроилнинг Ғазодаги шифохоналарга қилган ҳужумларини қоралади ва анклавдаги соғлиқни сақлаш инқирозидаги ролини янада чуқурроқ текширишни талаб қилди.

Исроил расмийларнинг «мудҳиш хатога йўл қўйиб» Рафаҳдаги БМТ агентлиги омборлари яқинидаги қочқинлар лагерига ҳужум қилингани тўғрисидаги популистик баёнотларига қарамасдан, орадан бир сутка ўтмасдан сионистлар армияси Рафаҳдан ғарброқда жойлашган «Ал-Маваси» қочқинлар лагерига ҳужум қилган. Ҳужум натижасида камида 21 киши ҳалок бўлган.

Урушнинг 236-кунига келиб, Ғазода қурбон бўлганлар сони 36 минг 171 кишига етган. 81 минг 420 нафар инсон ярадор бўлган.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил қўшинлари 6 та оммавий қирғин уюштириши натижасида 75 киши қурбон бўлган, 284 киши яраланган.

Қизил денгиздаги вазият

Анчадан бери овози чиқмай кетган Ямандаги ҳусийчилар янги куч тўплаб, яна бош кўтара бошлашди. Улар Ғазода уруш бошланганидан буён Американинг олтинчи MQ-9 Reaper зарбдор разведка дронини Яман узра уриб туширишга муваффақ бўлишди. Дрон Мариб вилояти узра қулатилган.

Бундай дронлардан биттасининг нархи 30 млн АҚШ доллари туради.

Қизиғи шундаки, америкаликлар аввал дрон техник носозлик туфайли қулаганини эълон қилишган. Бироқ ҳусийчилар дрон ўзларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими воситасида уриб туширилганига видеоисбот тақдим этишган.

Ҳусийчилар Қизил денгизда кемаларга ҳужум қилишни ҳам бошлаб юборишди.

Маршал ороллари байроғи остида Бирлашган Араб Амирликлари томон ҳаракат қилаётган ва Грецияга тегишли бўлган Laax кемаси Яман яқинида иккита ракета зарбасини қабул қилган.

Буюк Британия денгиз савдоси операциялари маркази кемага ҳужумни тасдиқлаган. Зарба натижасида экипаж аъзолари омон қолган, кемага жиддий зарар етмаган.

Аввалроқ ҳусийчилар Россия нефтини Хитой томонга ташиётган Греция танкерини ҳам нишонга олишган эди.

Украинага рухсат

Франция президенти Эммануэл Макрон Украинага Россиянинг ичкарисида жойлашган ҳарбий базаларни нейтраллаштиришга рухсат бериш кераклигини таъкидлади.

У ўз фикрини тушунтириш учун матбуот анжуманига харита кўтариб келди.

«Биз барчамиз Украинага ракеталар учирилаётган Россия ҳарбий базаларини нейтраллаштиришга изн беришимиз керак», — деган Макрон, Украинага ҳужумлар Россия ҳудудидан туриб амалга оширилаётганига урғу бериб.

Европа кенгашининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррель эса Европа Иттифоқининг бир неча аъзоси ўз қуролларидан Россия ҳудуди ичкарисида жойлашган ҳарбий нишонларни йўқ қилишга рухсат беришга тайёр эканини маълум қилган.

Украинага Россияга қарши қуроллардан фойдаланишга изн берган мамлакатлар сони 11 тани ташкил этмоқда. Ташаббусни Франция, Буюк Британия, Нидерландия, Полша, Швеция, Финландия, Чехия, Литва, Латвия, Эстония ва Канада қўллаб-қувватлаган.

Ғарбдаги барча давлатлар Украина қуролли кучларига ўзлари тақдим этган қуроллар билан Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба беришга рухсат этишлари керак, деган Эстония мудофаа вазири Ҳанно Певкур.

Унинг таъкидлашича, Россия Украинага ўз ҳудуди ичкарисидан зарбалар бермоқда, бу ҳолатда украиналиклар бир қўли орқасига боғлангандек урушишга мажбур бўлмоқда ва бу ҳолатни нормал деб атаб бўлмайди.

Украинага ёрдам

Швеция 500 км олисликдаги нишонни аниқлай оладиган локатор самолётларни етказиб берадиган бўлди.

Швеция ҳукумати сайтида маълум қилинишича, Украинага 13,3 млрд швед кронаси ёки 1,3 млрд АҚШ доллари миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатади. Бу маблағ таркибига зирҳли транспортёрлар, ASC 890 узоқдаги нишонларни радиолокацион аниқлаш самолётлари киради.

ASC 890 — Saab 340 самолёти базасида яратилган швед самолёти бўлиб, ҳаво кемасига ўрнатилган радар 6 км баландликдан туриб 500 км олисликдаги нишонларни бехато аниқлаб бера олади. Самолёт қўшимча ёқилғи қуймасдан осмонда 6 соат парвоз қила олади. ASC 890 ҳарбий операцияларни мувофиқлаштириш учун ҳаво қўмондонлик пункти сифатида ишлаб чиқилган.

Стокҳолм Киевга, шунингдек, Jaktrobot Rb 99 ўрта масофага учувчи бошқариладиган ракеталарни ҳам тақдим этади. Ушбу ракеталардан ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларида ёки самолётларда фойдаланиш мумкин.

Ҳукумат баёнотига кўра, бундай йирик миқдордаги ёрдам пакети қиролликнинг мудофаа қобилиятини сусайтиради, бироқ Стокҳолм эвазига янги қурол-яроғлар ва Global Eye самолётини харид қилмоқчи.

Ушбу пакет Россиянинг Украинага босқинидан буён қироллик томонидан кўрсатилган 16-ёрдам бўлмоқда. Швеция ҳукумати Украинага яқин икки йил учун 7 млрд долларлик узоқ муддатли ҳарбий ёрдам дастурини тақдим этган.

Гуржистондаги намойишлар

Гуржистоннинг 160 та нодавлат ташкилоти «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши чиқди. Қўшма баёнотда айтилишича, улар мамлакатда Россиядан андоза олинган қонуннинг қўлланишига қарши.

«Гуржи халқи ўзининг Европадаги келажагини ҳимоя қилишга қатъий қарор қилди ва шундай қилишда давом этади, улар ҳеч қачон Россия таъсири остида яшашга рози бўлмайди», — дейилади Гуржистондаги 160 нодавлат ташкилот ва оммавий ахборот воситаларининг хорижий таъсирнинг шаффофлиги ҳақидаги қонунга қарши қўшма баёнотида.

Ҳужжат муаллифларига кўра, Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига айнан ўхшаш бўлган қонунни қабул қилиш билан Гуржистон ҳукумати «фуқаролик секторини бузмоқчи бўлган», аммо мисли кўрилмаган бирдамлик ва тинимсиз қаршиликка дуч келган.

«Мамлакатимизда Россия қонунлари қўлланмайди. У ҳеч ким эргашмайдиган қоғоз бўлиб қолади!» — таъкидлайди баёнотга имзо чекканлар.

Уларга кўра, Гуржистоннинг амалдаги расмийлари ўз мамлакатида «билимга, халқаро обрўга, фуқаролик тартиби ва тинчлигига атайлаб хавф туғдирган».

«Бизнинг норозилик ва курашимиз қонун бекор қилинмагунча давом этади», — деб ваъда қилмоқда ҳужжат муаллифлари.

Баёнотга имзо чекканлар янги қонунда назарда тутилганидек, Адлия вазирлигининг махсус реестрида рўйхатдан ўтмасликларини билдиришган. 

Мавзуга оид