Исроил махсус хизматлари Ҳаага суди прокурори Карим Хонни кузатган
Исроил Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд ишига мунтазам равишда аралашишга уринган. У Исроил хавфсизлик кучларининг Фаластин ҳудудидаги хатти-ҳаракатларини тергов қилишга халақит бермоқчи бўлган, дея хабар беради журналистлар.
Исроил махсус хизматлари Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) ходимларини кенг кўламли кузатувга олган ва Исроил хавфсизлик кучларининг Фаластин ҳудудидаги ҳаракатларини тергов қилишга халақит бериш мақсадида унинг ишига аралашишга уринган. Бу ҳақда Исроилнинг "Сиха мекомит" ва "+972" нашрлари ҳамда Британиянинг The Guardian газетаси 29 май, чоршанба куни эълон қилган қўшма суриштирувда айтилади. Журналистларнинг сўзларига кўра, кузатув нишонлари орасида ХЖС амалдаги прокурори Карим Хон ҳам бўлган, у яқинда Ҳаага судидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мамлакат мудофаа вазири Йоав Галантни ҳарбий жиноятларда гумон қилиб, ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраган.
Суриштирув муаллифлари Исроил разведка хизматларининг йигирмадан ортиқ амалдаги ва собиқ аъзолари ҳамда давлат хизматчилари, ХЖС ходимлари, дипломатлар ва адвокатлар билан суҳбатларга ишора қилмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, Исроил деярли ўн йилдан бери судга қарши яширин «уруш» олиб бормоқда, бу нафақат кузатув, балки ҳакерлик ҳужумларини ҳам ўз ичига олган.
Хон бир неча ой давомида тўғридан тўғри кузатилган, бу эса «бош вазир Нетаняҳуга унинг режаларини олдиндан билишга имкон берди». Хоннинг тутиб олинган ёзишмаларидан келиб чиққан ҳолда, у бир мунча вақт олдин Исроил раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрамоқчи бўлган, аммо буни истамаган «Қўшма Штатлар томонидан кучли босим» остида бўлган.
ХЖС прокурорига таҳдидлар
Кеча The Guardian газетасининг хабар беришича, Исроил ташқи разведка хизмати "Моссад" собиқ раҳбари Йосси Коэн 2017 йилги махфий учрашувлар чоғида ўша пайтдаги ХЖС прокурори Фату Бенсудга таҳдид қилиб, уни Исроилнинг ҳарбий жиноятлари бўйича терговдан воз кечишга мажбурлаган. Тергов 2021 йилда бошланган.
Исроил ҳукумати ва армияси расмийлари тергов айбловларини рад этди. ХЖСнинг таъкидлашича, «судга душман» қатор мамлакатлар разведка хизматлари махфий маълумотларни тўплаш ва кузатув билан шуғулланган. Шу билан бирга, суд матбуот хизмати Исроил разведка хизматларининг ушбу фаолиятдаги иштирокини на тасдиқлади, на рад этди.
Нетаняҳу ва Исроил мудофаа вазирини ҳибсга олиш учун ордер
Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд 20 май куни Бинямин Нетаняҳу ва Йоав Галантни, шунингдек, Исроилга душман бўлган ҲАМАС гуруҳининг уч нафар етакчиси - Исмоил Ҳания, Муҳаммад Дейф ва Яҳё Синварни ҳибсга олиш учун ордер бериш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди. ХЖС прокурори Карим Хон уларнинг барчасини ўтган йилнинг 7 октябридан бери Ғазо сектори ва Исроилда содир этилган ҳарбий жиноятларга шерик деб атаган.
Исроил раҳбарларини Карим Хон очарчиликдан уруш усули сифатида фойдаланганликда, атайлаб катта азоб-уқубатлар келтирганликда ва тинч аҳолини ўлдиришда айблаган. Айблов хулосасида асосий эътибор Ғазо секторига инсонпарварлик киришини чеклаш ҳаракатига қаратилган.
Исроил расмийлари, шунингдек, бир қатор иттифоқчи давлатлар, жумладан, АҚШ Хоннинг баёнотини кескин танқид қилди. У, ўз навбатида, Исроил ва ҲАМАСни тенглаштирмаслигини ва Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини тан олишини тушунтирди, лекин Исроил ҳар қандай ҳолатда ҳам халқаро гуманитар қонунларга риоя қилиши кераклигини таъкидлади.
Мавзуга оид
09:17
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024