Ўзбекистон | 07:44 / 01.06.2024
3215
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳаво қатновлари ҳафтасига 100 тага етказилиши мумкин

Хитой фуқаро авиацияси маъмуриятида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" хабарига кўра, тадбирда Хитой фуқаро авиацияси маъмурияти Халқаро ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Мяо Син ва элчихона вакиллари иштирок этди.

Мяо Син сўнгги йилларда томонлар ўртасида бўлиб ўтган олий ва юқори даражалардаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувлар ижроси доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида айни вақтда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини 18 тага етказилганини маълум қилди.

Ушбу парвозлар Uzbekistan Airways, China Southern Airlines ва Loong Air авиакомпаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Ҳаво қатновлари Пекин ва Тошкент ўртасида 7 та, Урумчи ва Тошкент ўртасида 5 та, Сиан ва Тошкент ўртасида 3 та ва Чэнду ва Тошкент ўртасида 3 тани ташкил қилмоқда.

Суҳбат чоғида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси маркази сифатидаги ўрни ва қўшни мамлакатлар фуқароларининг республика орқали хорижга учишдаги имкониятларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунида, томонлар мазкур йўналишдаги тизимли ишларни изчил давом эттиришга, хусусан соҳага оид шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини ҳафтасига 100 тага етказиш тўғрисида келишиб олди.

Мавзуга оид