Жаҳон | 13:00 / 01.06.2024
6176
8 дақиқада ўқилади

Рафаҳда очилган чегара, Украинага берилган рухсат ва Трамп узра қамоқ кўланкаси — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда танишинг.

Ғазодаги вазият

Фаластинликлар Жабалия ҳудудида оммавий вайронгарчиликлар гувоҳи бўлишди. Жабалия — Ғазо секторининг шимолидаги ҳудуд бўлиб, бу масканни Исроил ҳарбийлари тўхтовсиз 20 давомида ўққа тутишган. Бу ҳудудда яшовчи 20 мингдан ортиқ фаластинликлар интенсив аивиазарбалар натижасида ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишган.

Рафаҳдаги қирғин Исроилнинг асрлар оша давом этаётган қотиллик анъаналарининг давоми бўлди. 7 октябрдан буён ўтган 238 кун давомида Исроил Ғазода 3200 дан ортиқ оммавий қирғин ўтказган.

Исроил шу кунгача камида 26 минг 284 фаластинликнинг бошига етди. Уларнинг 71 фоизи аёллар, болалар ва гўдаклардир. 238 кун ичида ярадор бўлганларнинг сони 82 минг 57 кишига етган. 10 мингдан зиёд инсонлар вайронлар остида қолиб бедарак кетган.

Бу орада Ғазода очарчилик қурбонлари сони ҳам ортиб бормоқда. Ғазога ҳужумнинг илк кунларида туғилган фаластинлик 7 ойлик Файз Абу Атайя исмли гўдак очликдан вафот этди. Бу Исроил томонидан Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг қамал қилиниши оқибати.

Исроилни Рафаҳ назорат ўтказиш пунктини очишга мажбур қилишди. Инсонпарварлик ёрдами етказиш учун Исроил ва Миср Ғазо жанубидаги назорат ўтказиш пунктини очиш учун принципиал келишувга эришган. Май ойи бошларида Исроил қўшинлари чегара назорат пукнтини эгаллаб ёпиб қўйишган эди. Чегара очилишига АҚШнинг ҳар икки томонга босими сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ғазода тинчлик ташаббуси

АҚШ президенти Жо Байден 31 май, жума куни Исроил таклиф қилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича янги режани тақдим этди. Режа деэскалациянинг уч босқичи, асосан, доимий сулҳ ва Исроилнинг Фаластин ҳудудидан чиқиб кетишини ўз ичига олади.

Байденнинг сўзларига кўра, ҳужжат Қатар воситачилари орқали аллақачон ҲАМАС вакилларига берилган.

Режага кўра, биринчи босқич олти ҳафта давом этиши керак. Унда тўлиқ ва якуний ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларининг Ғазо секторидаги аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетилиши ва юзлаб фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига бир қатор исроиллик гаровга олинганларни қайтариш киради. Иккинчи босқич ҳарбий ҳаракатларни якуний тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, бу босқичда қолган барча гаровга олинганлар Исроилга қайтарилиши керак. Ниҳоят, учинчи босқичда АҚШ ва халқаро ҳамжамият кўмагида минтақани кенг кўламли қайта қуриш режаси бошланади, бу эса 3-5 йил давом этади. ҲАМАС томонидан ўлдирилганларнинг жасад қолдиқлари исроиллик оилаларга қайтарилиши керак.

Байден ҲАМАСни келишувни қабул қилишга чақирди

Байденнинг нутқидан сўнг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг идораси баёнот бериб, Ғазо секторидаги уруш мақсадларини такрорлади. Ҳисоботда қайд этилганидек, Исроил барча гаровга олинганлар қайтарилмагунча, ҲАМАС етакчилиги ва ҳарбий салоҳияти йўқ қилинмагунча урушни тўхтатмоқчи эмас.

Маълумотларга кўра, ҲАМАС Байден тақдим этган келишувни олқишлаган. Гуруҳ вакилларининг сўзларига кўра, агар Исроил «бу борада аниқ мажбуриятини билдирса», улар доимий ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқишга асосланган ҳар қандай таклифга «конструктив муносабатда бўлишга» тайёр.

Украинадаги уруш

Германия Киевга Россиядаги нишонларни немис қуроллари билан уришга рухсат берди. Халқаро қонунларга кўра, Украина Россия ҳужумларидан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, деган Германия ҳукумати вакили.

ГФР ҳукумати матбуот котиби Штеффен Ҳебештрайтга кўра, сўнгги ҳафталарда Украина «хусусан, Харкив вилоятида Россия чегарасига тўғридан тўғри туташ позициялардан» ҳужумларга учраган. «Биз аминмизки, Украина халқаро ҳуқуқ бўйича ўзини бу ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», — деди у.

Жо Байденнинг кўрсатмаларига биноан АҚШ президенти маъмурияти ҳам Украинага Россия Федерацияси ҳудудига, аммо Россия томонидан ҳужумга учраган шаҳарни ҳимоя қилиш учун «фақат Харкив билан чегарада» Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда зарбалар йўллашга норасмий тарзда рухсат берган.

Politico суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, яқинда АҚШ президенти Жо Байден ўз жамоасига «Харкивда жавоб қайтариш учун» Украинанинг Америка қуролларидан фойдаланишига қўйилган чекловларни бекор қилишни ва Украина Қуролли кучларига «зарба берган ёки бунга тайёрланаётган Россия қўшинларига жавобан ҳужум қилишига» рухсат беришни буюрган. Шу билан бирга, нашр манбасининг таъкидлашича, Украина Россия Федерациясидаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилиш учун Америка қуролидан фойдалана олмайди ёки Россия ҳудуди ичкарисидаги ҳарбий нишонларга зарба бера олмайди.

Украина қуролли кучлари Финландиядан олинган қуроллар билан Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиши мумкин, деган мамлакат ташқи ишлар вазири Элина Валтонен. 30 май куни Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский ҳам худди шундай баёнот билан чиққан эди.

Қозоғистонга парвозларга рухсат

Қозоғистондан Европа Иттифоқига парвозларга қўйилган чекловлар олиб ташланди. Европа Комиссияси Қозоғистон авиацияси маъмурияти томонидан хавфсизлик чоралари бўйича амалга оширилган ҳаракатларни ижобий баҳолади.

Бундай қарор Еврокомиссиянинг Парвозлар хавфсизлиги қўмитаси йиғилишида Европа Иттифоқининг 27 давлати авиация ҳокимияти вакиллари иштирокида қабул қилинган.

Йиғилишда Қозоғистон делегацияси аввалроқ аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилганини тушунтириб берган. Европа Комиссияси амалга оширилган ҳаракатларни ижобий баҳолаган.

Қозоғистон авиаташувчилари илк бор 2009 йилда Европа Иттифоқининг қора рўйхатига киритилган эди. Кейин Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) аудит давомида ўз стандартларининг паст даражада бажарилишини аниқлади. Шу сабабли Еврокомиссия Air Astana компаниясидан ташқари Қозоғистоннинг барча авиакомпанияларининг Европа мамлакатларига парвозларини тақиқлади.

2018 йилда Европа комиссияси Қозоғистон авиакомпанияларининг Европа Иттифоқи мамлакатларига парвозларидаги чекловларни бекор қилди. Аммо 2019 йилда Bek Air самолёти ҳалокатидан сўнг, Еврокомиссия Қозоғистон авиация маъмуриятининг мамлакатда парвозлар хавфсизлигини самарали назорат қилиш қобилиятини яна шубҳа остига қўйган эди. 

Трамп қамаладими?

АҚШ президентлиги лавозими учун яна кураш олиб бораётган Доналд Трамп мамлакат тарихида жиноят содир этган деб топилган илк президент бўлди. Бироқ у президентлик сайловида иштирокини тўхтатмайди, чунки Америка қонунчилиги жиноят содир этган маҳкумларни сайловда номзод сифатида қатнашишини тақиқламайди.

11 июл куни Доналд Трампга молиявий фирибгарликда айбдор деб топилган иш бўйича суд ҳукми эълон қилинади. Агар унга қамоқ жазоси берилса, назарий жиҳатдан у ҳатто қамоқдан ҳам президентликка сайланиши мумкин. Бу ҳолда унга бириктирилган тансоқчилар ҳаттоки қамоқда ҳам уни қўриқлашади.

«Ҳуқуқий нуқтаи назардан Трампнинг президентликка номзод мақоми билан ҳеч нарса ўзгармайди», деган экспертлардан бири.

Қизиғи шундаки, Трамп Флорида штатида яшовчи сифатида унинг қатъий қонунларига бўйсунади. Бу штатда жиноят содир этган маҳкумларга жазо муддати тугамагунча сайловларда овоз бериш тақиқланади. Бу қоида мунозарали ва баҳсли ҳисобланади, бироқ назарий жиҳатдан Трамп сайловда овоз бериш ҳуқуқини йўқотиши мумкин, аммо номзодлик мақомидан айрилмайди. 

Мавзуга оид