Жаҳон | 12:12 / 01.06.2024
2504
5 дақиқада ўқилади

ЕИ РФга урушда ёрдам бергани учун КХДР ва Эронга қарши санкцияларни кенгайтирди

Ҳар икки давлат Россия Украинага қарши ҳарбий амалиётларда фойдаланадиган турли турдаги қуролларни етказиб беришда айбланмоқда. Тегишли баёнот Европа Иттифоқи кенгаши сайтида эълон қилинди.

Фото: Virginia Mayo/AP

Европа Иттифоқи кенгаши 31 май, жума куни Россияга қурол етказиб бериш билан шуғулланувчи Эрон ва Шимолий Корея жисмоний ва юридик шахсларининг санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Тегишли баёнот Европа Иттифоқи кенгаши сайтида эълон қилинди. Янги рўйхатга олти нафар жисмоний ва учта юридик шахс киритилган бўлиб, уларнинг барчаси мос равишда Шимолий Корея ва Эрондан таъминот жараёни билан бевосита боғлиқ.

КХДР вакилларига қарши санкциялар, Европа Иттифоқи кенгаши таъкидлаганидек, «ноқонуний қурол дастурлари ва Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаш билан» боғлиқ. Эрон вакилларига «Россиянинг Украинага қарши уруши учун учувчисиз бошқариладиган учоқлар ҳамда Яқин Шарқ ва Қизил денгиз минтақасига учувчисиз учоқлар ва ракеталарни етказиб бергани учун» санкция қўйилди, бу эса ушбу давлатга Исроилга ракета ҳужуми, Яман ва Суриядаги гуруҳларга фаол ёрдам берганлик учун жавобгарликни ҳам назарда тутади.

Рўйхатга аниқ кимлар киритилган? 

Эрон мудофаа вазири Муҳаммадризо Аштианий, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси «Ал-Қудс» кучлари қўмондони Исмоил Қаани, Aviations Industries Organization компанияси раҳбари Афшин Ҳожи Фард, дронларни ишлаб чиқариш бўйича бутловчи қисмлар сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланувчи Kavan Electro компанияси, унинг юқори раҳбарияти икки вакили янгиланган Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган. 

Европа Иттифоқи кенгаши веб-сайтида КХДР вакилларининг номи кўрсатилмаган, бироқ санаб ўтилган шахслар «активлари музлатиб қўйилиши ҳамда уларга бевосита ёки билвосита ёки манфаати учун маблағлар ёки иқтисодий ресурслар тақдим этиш тақиқланиши» айтилган. Бундан ташқари, уларга Европа Иттифоқи мамлакатларига саёҳат қилиш тақиқланган. 

Шимолий Корея фуқаролари ва компанияларидан ташқари Россия Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко ва Россиянинг «Восточная Стивидорная компания»си ҳам Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлди. Таъкидланишича, Кожемяко Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг 2023 йил сентябрида Россияга ташрифини ташкил этишда муҳим рол ўйнаган ва бу ташриф давомида унга БМТ санкциялари билан тақиқланган қурол намуналарини берган. 

ТИВ раҳбарларининг қўшма баёноти 

Шу куни Европа Иттифоқи сайтида Европанинг бир қанча давлатлари, шунингдек, АҚШ, Канада, Британия, Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёноти эълон қилинди. 

Унда мамлакатларнинг «Украинага ҳужумда фойдаланиш учун КХДРдан Россияга қурол-яроғнинг ноқонуний ўтказилиши» муносабати билан Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларни мувофиқлаштириш нияти билдирилган. Пхенян ядровий дастурини кенгайтириши муносабати билан ҳам санкциялар жорий этилган. 

АҚШ КХДРдан қурол етказиб берилгани учун россияликларга қарши санкциялар жорий қилган

Май ойи ўрталарида АҚШ Молия вазирлиги икки нафар Россия фуқароси ва уч рус компаниясига КХДРдан Россияга қурол-яроғ етказиб беришга алоқадор деб ҳисоблаган ҳолда санкциялар жорий қилган эди. Рафаэл Газарян ва унга алоқадор «Транс капитал» ҳамда «Рафорт» компаниялари, шунингдек, Алексей Буднев ва унга тегишли бўлган «Технология» компанияси Вашингтон томонидан жазо чораларига тортилди. 

АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Газарян Россия расмийлари ва Словакия фуқароси Ашот Мкртичев ўртасида воситачи бўлиб, Пхенян билан Москва учун қурол сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борган. Газарян операцияларни амалга ошириш учун «Транс капитал» МЧЖдан фойдаланган. Мкртичев 2023 йил март ойида АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган. Буднев эса Россия армияси эҳтиёжлари учун Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ҳарбий алоқа воситаларини Россияга етказиб беришга ёрдам берди, дея таъкидлайди Молия вазирлиги.

Санкциялар Қўшма Штатлардаги мулк ва активларни блоклашни назарда тутади. Бундан ташқари, АҚШдаги жисмоний ва юридик шахсларга санкциялар рўйхатида кўрсатилган шахслар билан бизнес юритиш тақиқланади.

Кимнинг синглиси Москва билан ҳарбий ҳамкорликни рад этяпти

Айни пайтда, Пхенян Москва билан қурол савдосини рад этди. Икки мамлакат ўртасидаги қурол-яроғ битимлари версияси «нохуш қарашлар ва уйдирмаларга тўла» ва «энг бемаъни фараздир», дея Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжоннинг сўзларидан иқтибос келтирган КХДР марказий ахборот агентлиги. Унинг сўзларига кўра, бундай версияни «душман кучлар» тарқатмоқда. 

Мавзуга оид