Жамият | 13:59 / 02.06.2024
41875
8 дақиқада ўқилади

Кесарча кесиш орқали дунёга келтириш – бола учун бу усул хавфлими?

Кўпчилик агар бола табиий туғуруқ билан эмас, балки кесарча кесиш усулида туғилса, соғломроқ бўлади деб ҳисоблайди. Чиндан ҳам шундайми? Kun.uz шу каби қатор саволларга жавоб олиш учун мутахассислар фикрини ўрганди.

Бир куннинг ўзида дунёда ўртача 385 минг бола туғилади. Она боласини 2 хил усулда: табиий ва кесарча кесиш усули билан туғиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рухсат берган меъёрга кўра, жами туғуруқларнинг 10-15 фоизи кесарча кесиш усули билан амалга оширилиши керак. Бироқ кесарча кесиш усулида фарзанд дунёга келтириш кўрсаткичи йилдан йилга ошиб боряпти. Ҳозир дунё бўйича 21 фоиз туғуруқ кесарча кесиш усулида амалга оширилади. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 29 фоизга етиши прогноз қилинган.

Кесарча кесиш усулида фарзанд дунёга келтириш фақатгина шифокор кўрсатмасига биноан амалга оширилиши керак. Шунда она ва болада юзага келиши мумкин бўлган кўп касалликларнинг олдини олиш, ўлим ҳолатларини камайтириш мумкин.

Аксинча, агар заруратсиз ҳолатда ҳам кесарча кесиш амалиёти билан туғуруқ ўтказилса, бу онага ҳам, болага ҳам зарарли бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда агар шифокор кўрсатмаси бўлмаса, кесарча кесиш усулида туғишга рухсат берилмайди. Фақат кўрсатма мавжуд ҳолатлардагина бу амалиётга рухсат берилади.

Республика перинатал маркази акушер гинекологи Умида Юнусбекова кесарча кесиш операцияси жиддий операция эканини, агар кўрсатма бўлмаса, шифокорлар бу турдаги операцияни ўз-ўзидан ўтказа олмаслигини таъкидлади:

“Кесарча кесиш усулида туғуруқ учун абсолют ва нисбий кўрсатмалар мавжуд. Бачадонда 2 та чандиқнинг бўлиши (2 марта кесарча кесиш усулидаги туғуруқ), йўлдошнинг олдинда жойлашиши, аёлда юрак-қон томир касалликлари ёки бошқа қўйилган турли диагнозлар билан кесарча кесиш усулида туғиш тавсия қилиниши мумкин. Бундан ташқари, боланинг ҳолатига қараб ҳам кесарча кесиш усулида туғуруқ танланиши мумкин”.

Туғуруқ бола учун нега муҳим?

Республика перинатал маркази бўлим мудири Умида Азимованинг қайд этишича, табиий туғуруқ вақти чақалоқ учун туғуруқ стресси ҳисобланади ва бу пайти унда котехоломин гормони ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Бу модда боланинг ўпка суюқлиги сўрилишига ёрдам беради. Ва бу жараёнда боланинг биринчи йиғиси, нафас олиши, мушак тонуслари фаоллашиши, рефлекслари пайдо бўлиши содир бўлади. Яъни бола ташқи муҳитга мослаша бошлайди.

Бундан ташқари, бола онанинг туғуруқ йўлларидан ўтаётганда у ўзига фойдали бактерияларни олади. Бу бактериялар учун ичаклари соғлом бўлишига ёрдам беради.

“Бола дунёга келгач, у ташқи дунёга мослашиши керак. Бу пайтда унинг учун энг хавфсизи онасининг бактерияларидир. Чунки у 9 ой онасининг қорнида бу бактерияларга мослашади. Шунинг учун бола қиндан ўтаётганда онасидан лактобактерияларнинг биринчи қисмини олиб ўтади. Бу бактериялар унинг ичакларини соғлом тарзда тўлдиради.

Иккинчи босқичда эса бола онасининг қорнига ётқизилиши ва шу яқинлик сабаб онасидан фойдали бактерияларни олиши керак. Учинчи босқичда эса у туғилгандан сўнг 1 соат ичида эмизилиши керак. Кесарча кесиш усулида туғилган болаларда бу 3 та қадам бўлмай қолиши эҳтимоли борлиги унинг онасидан фойдали бактериялар олиш ўрнига шифохонадаги бошқа бирор ташқи микробни олишига сабаб бўлиши мумкин. Бу унинг ичаклари учун зарарли”, деб тушунтирди педиатр Муштарий Эршагева.

Кесарча усулида туғиладиган болалар улуши юқори давлатлар

Баъзи давлатларда “онанинг илтимоси билан”, яъни она хоҳлагани учун операция билан туғуруқ амалга ошириш мумкин. Шу сабаб айрим мамлакатларда кесарча кесиш орқали туғиш кўрсаткичи табиий туғуруқлар сонидан ҳам кўпроқ. 

Масалан, Доминикан Республикасида туғуруқларнинг 62,9 фоизи, Туркияда 58,4 фоизи, Бразилияда 56,4 фоизи, Жанубий Кореяда 53,8 фоизи, Мексикада эса 52,6 фоизи кесарча кесиш орқали амалга оширилади.

Бола қандай туғилса яхши?

Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали фарзандини табиий ва кесарча кесиш орқали дунёга келтирган оналар фикрини ҳам ўргандик. Кесарча кесиш амалиёти орқали туғган аёлларнинг аксари туғуруқдан кейин тикланишнинг қийинроқ бўлганини, узоқ муддатли даврда эса бош ва бел оғриғи, хотира пасайиши кабилардан қийналишларини айтишди. Аммо табиий туғуруқдан кейин ҳам соғлигида муаммолар орттириб олган оналар ҳам бор.

Баъзи оналарнинг фикрича, кесарча кесиш оқрали туғилган болалар соғломроқ бўлади. Бироқ врачлар бу фикрни инкор қилди, болаларнинг соғлиги унинг қандай усулда туғилганига боғлиқ бўлмайди. Аксинча, бола учун табиий туғуруқ хавфсизроқ.

“Бола табиий туғуруқ билан туғилса, она унга стрессга қарши гормонлар беради. Мана шу гормонларни олмаслик, бола учун яхши эмас. Чақалоқ туғилгач, бир суткагача унинг буйраги, 3 кунгача эса жигари ишламайди. Ичаклари эса ҳали варақланмаган китоб каби бўлади. Бу пайтда болага онаси юборган стрессга қарши гормонлар жуда фойдали”, деди педиатр Муштарий Эргашева.

Нега кесарча кесиш усулида туғиш “оммалашмоқда”?

Дунё миқёсида аёлларнинг йилдан йилга кўпроқ кесарча кесиш амалиётини танлаётганининг сабаблари турлича.

Lancet журнали ўтказган тадқиқотга кўра, кесарча кесиш амалиёти шахсий танловга айланаётганига табиий тўлғоқ азобидан қўрқиш, табиий туғуруқда шикастланишдан қочиш кабилар ҳам сабаб бўлади. Баъзи давлатларда кесарча кесиш амалиёти табиий туғруққа қараганда хавфсизроқ деган қараш ҳам бу амалиётнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Бундан ташқари, ўрганишлар натижасида хусусий туғуруқхоналарда давлат туғуруқхоналарига қараганда кўпроқ кесарча кесиш орқали туғуруқлар амалга оширилиши қайд этилган.

ЖССТ маълумотларига кўра, оналар ўртасида семизлик даражасининг ошиши, кўп фарзандлилик ва кеч фарзандли бўлиш ҳолатлари кўпаяётгани ҳам кесарча кесиш орқали фарзандли бўлиш ҳолатлари ошишига сабаб бўляпти. Охирги йилларда коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар ҳам фарзандини кесарча кесиш амалиёти орқали дунёга келтирган.  

Кесарча кесиш билан нечтагача туғиш мумкин?

Умида Юнусбекованинг қайд этишича, кесарча кесиш усулида нечтагача фарзанд дунёга келтириш ҳар бир аёлнинг ҳолатига қараб индивидуал тарзда баҳоланади. Лекин энг муҳими, аёл камида 3 йил ўз соғлигини тиклаб олиш учун туғуруқ оралиғини сақлаши керак.

Нима қилиш керак?

Кесарча кесиш усули орқали фарзанд дунёга келтириш ҳам туғуруқнинг бир усули. Лекин бу усулда туғилишнинг кўпайиши кейинги авлод соғлигига таъсир қилиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун оналар соғлиғига эътиборли бўлиши, ҳомиладорликка алоҳида тайёргарлик кўриши, фарзандли бўлгач эса боласининг иммунитетини ошириш устида ишлаши керак.

Акушер гинеколог қизлар турмушга чиқишдан олдин, фарзандли бўлишни режалаштираётганда эса эр-хотин биргаликда ота-она бўлиш учун тайёргарлик кўриши керак.

Агар вазият кесарча кесиш усулида туғишни тақазо қилса, бола туғилаётган жараёнда “олтин соат” вақти (бола туғилган илк соат) уни бағрига босиш, 1 соат ичида эмизиш каби муҳим босқичларни бажаришга ҳаракат қилишлари керак.

2 йил давомида она сути билан озиқлантириш, тўғри парвариш қилиш орқали ҳам бола соғлигида пайдо бўлиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш мумкин.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz
Тасвирчи ва монтаж устаси: Шоҳрузбек Абдурайимов

Мавзуга оид