Жамият | 10:00 / 02.06.2024
18574
4 дақиқада ўқилади

Татимаган текин музқаймоқ, Ашхободдаги жанжал ва ноодатий мега тирбандлик, – 1 июн Тошкентда қандай ўтди?

Халқаро болалар кунида пойтахтда ноодатий "хаос" кузатилди. Ашхобод боғидаги бепул музқаймоқ сабаб ўн минглаб одамлар шу боғга ёғилди. Натижада тартибсизлик ва одамлар ўртасида ўзаро жанжал юзага келди. Айрим кўчаларда автомобилларнинг йирик тирбандлиги кузатилган бўлса, маълум вақт метроларга одам сиғмай қолди.

Йўллар ва метродаги “одамлар оқими”

1 июн Халқаро болалар куни муносабати билан барча каби Тошкент шаҳар аҳолиси ҳам ўз фарзандларини сайр қилдириш, байрамни нишонлаш мақсадида манзилларига отланишди. Бунинг натижасида тушдан кейин пойтахт кўчаларида 10 балли тирбандликлар кузатила бошланди. Буни тармоқларда тарқалган видеоларда ҳам кўриш мумкин.

Айниқса ҳолат Абдулла Қодирий ҳамда Махтумқули кўчалари, аниқроғи Ашхобод истироҳат боғига кетаверишда яққол кўзга ташланди. Хавфли бўлишига қарамай, одамлар автомобилини ташлаб, фарзандлари билан боғ орқасидаги темирйўл оралаб келишгача борди. Ҳатто, видеолардан бирида одамлар оқими юзага келган жойда поезд ўтгани ҳам маълум.

Қолаверса, нафақат кўчаларимиз, балки жамоат транспорти, хусусан метро ҳам йўловчилар билан тўлди, юкламаси юқори бўлган линияларда доимгидан кўпроқ босим юзага келди.

“Текинга нарса тарқатиш” акцияси, ўйинчоқлар ўғрилиги ва жанжал

Байрам кунининг асосий резонансли воқеаси Ашхобод боғи билан боғланади. Тармоқларда бирин-кетин тарқалган видеоларга кўра, боғда дастлаб одамларга бепул музқаймоқ тарқатилган. Бу вақт давомида катта тартибсизлик юзага келган.

Кейинги ҳолатда эса фуқаролар кичик ўйингоҳда ютуққа қўйилган ўйинчоқларни ўмаришга урингани айтилмоқда. Видеолавҳаларда ҳам шундай ҳаракатлар экс этганини кўриш мумкин.

Сўнгги вазиятда Ашхободга борган аёллар ўзаро жанжаллашгани кузатилди. Суратга олинган лавҳаларда улар бир-бирининг сочини юлишгани, бир-бирига ҳақоратомуз сўзлар ишлатгани, орада болалар ҳам бўлгани акс этган.

ИИО вазиятни назоратга олди

Жамоат жойларидаги бундай тартибсизликлардан сўнг дастлаб Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ расмий муносабат билдирди. Бошқарма ҳаракат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролардан сайилгоҳлар ҳамда боғларга ташриф буюришда имкон қадар жамоат транспортидан фойдаланишни, қолаверса, шахсий транспорт воситасини атрофдагиларга халал берадиган жойларда, йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда тўхтатмаслик, қолдириб кетмасликни сўради.

Йўлларда, тадбирлар бўлиб ўтаётган сайилгоҳлар атрофида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун ЙПХ ходимлари хизматга жалб этилди.

“Асосий мақсадимиз, бугунги байрам тадбирларининг кўтаринки кайфиятда ва хавфсиз ўтишини таъминлашдир!” – дейилади ЙҲХБ хабарида.

Сўнг ИИВ тартибсиз вазиятлар тўлиқ назоратга олингани ҳамда тиқилинчлар ва йўллардаги тирбандликларни бартараф этиш ишлари жадал амалга оширилаётганини маълум қилди. Юзага келган ҳолатда жароҳатланганлар аниқланмагани, тоби қочганлар ҳақида маълумот келиб тушмагани ҳам очиқланди.

Шунингдек, пойтахтдаги жамоат жойларида байрам муносабати билан ташкил этилиши режалаштирилган турли “Текинга нарса тарқатиш” каби акциялар тўхтатилди.

Мавзуга оид