Жаҳон | 13:57 / 02.06.2024
9236
10 дақиқада ўқилади

Хитой–Япония–Корея саммити: қўшнилар нималарни муҳокама қилди?

Шарқий Осиёнинг учта энг қудратли давлати – Хитой, Япония ва Корея раҳбарлари 4 йилдан буён илк марта учлик саммитига йиғилди – бу формат коронавирус сабаб тўхтаб қолганди. Кун тартибидаги масалалар қайсилар? “Геосиёсат” доимгидек мавзунинг энг муҳим нуқталарини кўриб чиқиш учун таҳлилчиларни таклиф қилди.

Суҳбатдошларимиз – Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Аббос Бобохонов ва иқтисодчи Шуҳрат Расул.

— Дастлабки бу учта давлатнинг учрашувларига сабаб бўлаётган масалалар, улар ўртасидаги тарихий низоларга тўхталиб ўтсак.

Аббос Бобохонов: Хитой бош вазири бизнинг муносабатларда 2 та катта тўсиқ бор деб, тарихий масалалар ва Тайван омилини айтди. Тарих дейилганда асосан Иккинчи жаҳон урушидан кейинги масалалар назарда тутилади. Масалан, бир вақтлар Японияга тегишли бўлган Сенкаку ороли бугун Хитойники. Нанкин қирғини масаласи ҳам бор, Япония ҳужумида жуда кўп Нанкин шаҳри аҳолиси ўлган, ҳалигача энг катта муаммолардан бири. Хитой томони Япония тан олиб кечирим сўрашини истайди, аммо Япония тан олмайди. Ден Сяопин давридаги келишувларга кўра, Япония 40 млрд доллар қайтувчи ва 5 млрд доллар ёрдам инвестиция киритиши билан компенсация қилиб, муносабатларни тиклаши кўзда тутилган. Лекин бу ҳам ечим бўла олмади. 2016 йилда юмшаш бўлди, Япония бош вазири Абе Хитойга ташрифида тарихий воқеалар муносабатларга таъсир қилмаслиги ҳақида баёнот беради. Абе ҳукуматдан кетгач, бу масала яна кун тартибига чиққан.

Шуҳрат Расул: Японияда 19-аср охири, 20-аср бошида капиталистик муносабатлар тез ривожланди. Шу даврда Япония империя ҳам қурган. 1910 йилда Корея яриморолини босиб олади ва 35 йил назоратда ушлаб туради. Япония 1931 йилда Хитойнинг Шимолий ҳудуди бўлган Манжурияни босиб олишга киришади. 1937 йилда эса катта уруш бошлади ва Хитойга тегишли Тинч океани қирғоқ ҳудудларини босиб олди. АҚШ билан Пёрл Харбордаги конфликтдан сўнг эса Япония ва Хитой уруши Иккинчи жаҳон урушининг бир қисмига айланди. Хитойнинг ҳам, Жанубий Кореянинг ҳам Японияга нисбатан империячи сифатида қараши бор ва бу ўша тарихий тўсиқ бўлаётган омиллардан.

Аббос Бобохонов: 5 йил давомида учрашув бўлмаганига фақат пандемия сабаб эмас. Хитой ва АҚШнинг глобал рақобати ҳам сабаб, Япония ва Жанубий Корея АҚШ иттифоқчилари сифатида кўрилади. 1952 йилда АҚШ ва Япония ўртасида агар Японияга қуролли ҳужум бўлса, АҚШ ҳимоя қилиши бўйича шартнома тузилган, шу бўйича АҚШнинг 80 мингдан ортиқ ҳарбийлари Япония ва Жанубий Кореядаги базаларда жойлашган. Шу ҳам Япония ва Хитой муносабатларида таранглик келтириб чиқаради.

— Бу саммит ўтган йили АҚШ, Жанубий Корея, Япония вакилларининг Кемп-Дэвид учрашуви билан боғлиқми? Яъни Хитой Ҳинд-Тинч океанидаги хавфсизликдан хавотирдами?

Шуҳрат Расул: АҚШ ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршилик айнан Шимолий ва Жанубий Корея масаласига бориб тақалади. Кемп-Дэвид саммитидаги ҳужжатлар эмас, масалани олдинроқдан бошлаш керак. 2007 йилда АҚШ Хитойнинг ўсиб келаётган иқтисодий ва ҳарбий қудратини жиловлаш мақсадида Quad (АҚШ, Ҳиндистон, Британия, Австралия) ташкилотини тузди. 2019 йилда Quad+ платформаси ташкил этилиб, унда Жанубий Корея ва Япония ҳам қатнашяпти. Бу нарса Хитойнинг иқтисодий ривожи ва 15 йил олдин мудофаа тизимини замонавийлаштириш дастури билан боғлиқ.

Аббос Бобохонов: AUKUS ҳам бор, Quad'га ўхшаш коалиция, унда АҚШ, Австралия, Британия асосий ўрин тутади. Хитойнинг ҳарбийлашиш, ҳудудларга бўлган даъволарини жиловлаш учун тузилган бу. Хитойнинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан ҳудудий масалалари бор, Виетнам, Малайзия каби давлатлар билан. Кўпроқ Филиппин билан Спратли ороллари муаммоси бор.

Шуҳрат Расул: — Хитой Спратли оролларига боғлиқ даъво билан чиқяпти. Бу ҳам Хитойга яқин давлатларни ҳайиқтиряпти ва улар иттифоқчи излайди. AUKUS шу давлатларга ёрдам бериш мақсадида.

Жанубий Корея, Япония кабиларнинг Хитой бўйича ўз позициялари бор, дедик. Лекин Австралия доим АҚШ ва Буюк Британия сиёсий орбитасида. AUKUS доирасидаги лойиҳа бўйича АҚШ Австралияга 66 млрд долларлик атом сувости кемалари қуриб беришни ваъда қилди, бунинг ортидан катта можаро келиб чиқди Хитой ва Франция билан. Чунки аввалроқ Франция билан сувости кемалари қуриб бериш бўйича келишуви бор эди Австралиянинг. Австралия Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларида ҳам АҚШ ва Британия чақириғи билан урушга кирган, Хитой билан бўладиган конфликтларда ҳам шундай бўлади.

Аббос Бобохонов: — Яна бир масала: Хитой ҳарбий соҳани модернизация қилиш масаласи бор. Бу ишларни АҚШ Тайванни қайтариб олишга ҳаракат сифатида кўрди ва иттифоқчилари билан коалициялар туза бошлади.

Хитой Тайванни тинчлик йўли билан бирлаштиришни истайди. Лекин Ғарбдаги таҳлилий марказлар қуролли ҳаракатлар билан қайтариб олади, деган хулоса беради. Бироқ Хитой ўз мудофаасини янгилаши табиий. Хитой ҳали бирорта ҳарбий ҳаракат амалга оширмаган бошқаларнинг ҳудудига нисбатан, қачонки ўзига нисбатан бўлса, шунда қурол ишлатган. Тайван эса Хитой ҳудуди ҳисобланади, у ерга бўладиган ҳар қандай қуролли ҳаракатга жавоб берилиши мумкин.

Жанубий Корея ва Япония Хитойдан Шимолий Корея таҳдидини чеклашда қандай ёрдам кутмоқда?

Шуҳрат Расул: — Бу масала муҳокама қилинган, лекин расмий келишувларда бу ҳақида гап йўқ. Япония ҳам, Жанубий Корея ҳам Шимолий Кореяни жиловлашни сўрайди. Шимолий Кореянинг энг муҳим иқтисодий ҳамкори Хитой, қарийб 95 фоиз иқтисодий алоқалар Хитой орқали ёки Хитойнинг ўзи билан бўлади, шунинг учун Хитойнинг таъсири катта. АҚШ Кемп-Девид учрашувлари бўйича Япония ва Кореяни Хитойга қарши консолидация қиладими, деган масала савол остида, жуда қийин бу. Япония ва Жанубий Корея АҚШ айтгани учун Хитойга қарши турадиган давлатлар эмас, Хитой билан ўта манфаатли савдо алоқалари бор, келажакда яна ошиши кутиляпти.

— Хитой Жанубий Корея ва Япониядан нималарни сўраган бўлиши мумкин музокараларда?

Аббос Бобохонов: — Учрашув ташкил қилинишига нима сабаб бўлди? 2023 йилда Хитойнинг Ғарб билан савдо ҳажми аввалги йилларникидан камайди, эҳтимолий санкциялар ҳам бор олдинда. Ғарбнинг, Жанубий Корея ва Япониянинг Хитойдаги инвестициялари камайган охирги 2 йилда. Шу жиҳатлар прагматик ёндашишга мажбур қиляпти Хитойни. Шу пайтгача сиёсий масалалар биринчи ўринда бўлгани учун бу учрашувни ташкил қилиш имкони бўлмаётганди, энди иқтисодий масала долзарб бўлгани учун учрашув ташкил қилинди.

Хитой таклиф қилаётган эркин савдо ҳудуди масаласига Жанубий Корея ва Япония рози бўлмади, деган хабар кўрмадим ҳали, масала муҳокама қилинган, бу жуда катта гап. Япониянинг Хитой билан 315 млрд долларлик, Жанубий Кореянинг эса 250 млрдлик савдо айланмаси бор, бу икки давлат Хитой иқтисодий сиёсатининг катта бўлаги ҳисобланади, режаларига таъсир қилади. Шу маънода бу учрашув бўлиши замон талаби бўлди.

Бундан ташқари, микрочиплар ишлаб чиқариш бўйича катта масала кўтарилди. Ўтган йилдан бошлаб АҚШ талаби билан Япония ва Жанубий Корея Хитойга микрочиплар бермай қўйди. Лекин маълумотларга кўра, Япония ва Жанубий Корея бизнес клублари рухсат беришни талаб қиляпти ҳукуматдан.

Хитой Фукусима АЭСдан зарарли моддалар денгизга сизиб чиқиши ортидан Япония денгиз маҳсулотларини чеклаган эди. Шу масала ҳам муҳокама қилиниб, ташқи таъсирлардан холи халқаро комиссия тузилиб, уларнинг хулосаси бўйича иш кўрилиши айтилди.

Шуҳрат Расул: — Трамп даврида АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси 720 млрд доллардан кўпроқ эди, ҳозир эса 430 млрд доллар. Бундан ташқари, Хитой Европа бозорида ҳам ютқазяпти, буларни компенсация қилиш керак бўлади. Япония ва Жанубий Кореянинг компаниялари ҳам зарар кўряпти юқорида айтилганидек. Бу 3 давлатнинг кенгашиб олиши зарурат эди айни пайт.

— Япония томони Тайван масаласини ҳам кўтарган, шу бўйича фикрингиз?

Аббос Бобохонов: — Япония 1972 йилдаги Тайван масаласи бўйича позициясини ўзгартирмаган, унга кўра Тайван алоҳида давлат бўлиши керак. Хитойни бу қониқтирмайди. Маълумотларга кўра, томонлар Тайван ва Шимолий Корея масаласи нозик бўлгани учун чуқур муҳокама қилмаган, шунчаки гаплашилган. Демак, учала давлат иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро муаммолар ҳал бўлиши тарафдори, алоқаларни мураккаблаштирмоқчи эмас.

Шуҳрат Расул: — АҚШ ва Ғарбнинг позицияси аниқ, ўсаётган Хитойнинг ривожланишига тўсиқлар қўймоқчи. Хитойда энг сўнгги технологиялар бўйича муаммолар бор, Ғарбдан санкциялар остида микрочиплар ололмаяпти, шунинг учун Япония ва Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилмоқчи бу бўйича.

АҚШ Хитойга қарши Австралияни қўшиши мумкин, лекин Япония ва Жанубий Кореяни жалб қилиши жуда қийин масала. Учала давлатнинг бу йиғилиши, келажакдаги режалари АҚШ позициясига мутлақо зид. АҚШнинг Хитойга қарши коалициясида Австралия, қисман Ҳиндистон иштирок этади, лекин чуқурлашмайди Ҳиндистон. Чунки Хитой билан иқтисодий манфаатлари бор, Хитой электромобилларига катта божлар қўйиб, бекор қилиш эвазига бизга инвестиция киритинг, Ҳиндистонда заводлар қуринг деяпти. Катта эҳтимол билан Ҳиндистон билан келиша олади Хитой.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид