Жаҳон | 19:01 / 03.06.2024
5954
2 дақиқада ўқилади

Эронда президентлик сайловида иштирок этиш учун биринчи марта аёл рўйхатдан ўтди

Номзодларни рўйхатга олиш 30 майдан 3 июнга қадар, номзодларнинг талабларга мувофиқлигини текшириш эса 4-10 июн кунлари амалга оширилади.

Фото: Mehr News Agency

Зуҳра Илоҳиён Эронда ўтказиладиган навбатдан ташқари президентлик сайловида рўйхатдан ўтган биринчи аёл бўлди. Бу ҳақда Mehr агентлиги хабар берди. 

«Ҳукуматимнинг асосий шиори - «соғлом ҳукумат, соғлом иқтисодиёт ва соғлом жамият» бўлади», деди у рўйхатдан ўтгач. 

Шу билан бирга, Эрон парламентининг собиқ раҳбари Али Ларижоний, мамлакат Марказий банкининг собиқ раҳбари Абдунносир Ҳимматий, Эрон Олий раҳбарининг парламентдаги вакили Саид Жалилий ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг собиқ қўмондони, генерал Саид Воҳид Ҳаққониён каби таниқли сиёсатчилар ҳам ўз номзодини рўйхатдан ўтказган. 

Улардан ташқари, собиқ соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири Масъуд Пизишкиён, спорт ва ёшлар ишлари вазири собиқ ўринбосари Аҳмад Расулинажод, Демократик партия бош котиби Мустафо Кавокибиён, Мустақиллик ва тенглик партияси бош котиби Қудратали Ҳишматиён, амалдаги парламент аъзолари Муҳаммадризо Саббақиён, Аббос Муқтадий ва Муҳаммад Хушчеҳра, шунингдек, собиқ парламент аъзоси Маҳмуд Аҳмади-Биқош ҳам рўйхатга олинган. 

Янги президентлик сайлови, Эрон конституциясининг 131-моддасига кўра, президент вафот этган ёки муомалага лаёқатсиз деб эълон қилинган ва унинг вазифалари биринчи вице-президентга ўтганидан кейин 50 кун ичида ўтказилиши керак. Ҳозир бу лавозимни Муҳаммад Мухбир эгаллаб турибди. 

Тасдиқланган сайлов тақвимига кўра, номзодларни рўйхатга олиш 30 майдан 3 июнга қадар, номзодларнинг талабларга мувофиқлигини текшириш эса 4-10 июн кунлари амалга оширилади. Номзодларнинг якуний рўйхати 11 июн куни эълон қилинади, дейилади агентлик хабарида. 

Сайловолди ташвиқоти икки ҳафта давомида – 12 июндан 26 июнгача давом этади. Президентлик сайлови 28 июн куни бўлиб ўтади. Иккинчи тур, агар зарурат туғилса, 5 июл кунига белгиланади.

Мавзуга оид