Жаҳон | 13:20 / 03.06.2024
6890
9 дақиқада ўқилади

Фаластинни тан олаётган Украина, Байденнинг оташкесим келишуви ва ҳукмни кутаётган Трамп — кун дайжести

Жаҳонда ўтган дам олиш кунлари давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Жафокаш Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олаётганлар сафи кенгаймоқда. Украина президенти Володимир Зеленский Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиши ҳақида баёнот берди.

Бу орада ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторидаги Дуғмушлар оиласи етакчисининг бошини танасидан жудо қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга сабаб Исроил Ғазо сектори аҳолисига инсонпарварлик ёрдами тарқатишни шу оила аъзоларига топширишни мақсад қилган. 2024 йилнинг мартида ҲАМАСчилар арабларнинг Дуғмуш клани мухтори (етакчиси) ва унинг оила аъзоларининг барчасини Исроил билан алоқаларда гумонлаб қатл этган эди.

Исроилнинг Ғазодаги агрессияси қурбонлари ошишда давом этмоқда. Сўнгги сутка ичида яна 60 киши ҳалок бўлган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмасига кўра, 7 октябрдан буён давом этаётган қирғин қурбонлари сони 36 минг 439 кишига етган. Яна 82 минг 627 киши яраланган.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил томонидан уюштирилган тўртта оммавий қирғин натижасида 60 киши ҳалок бўлган, 220 киши яраланган.

Ғазода тинчлик келишуви

Исроил гарчи мукаммал деб ҳисобламаётган бўлса ҳам, АҚШ президенти Жо Байденнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасини қабул қилди. Бу ҳақда Sunday Times газетасига Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Офир Фалк айтиб ўтган.

«Биз кўнган келишув — у қадар қониқарли битим эмас аслида, лекин биз гаровда ушлаб турилган фуқароларимизнинг имкон қадар тезроқ озод бўлишини истаймиз. Ҳали қайта ишлаб чиқиш керак бўлган кўплаб деталлар бор, жумладан, биз олдимизга қўйган мақсадларга етишмагунимизча ўт очиш тўлиқ тўхтатилмайди», — деган Фалк.

Унинг сўзларига кўра, Исроил келишувни қабул қилган, лекин ўт очишни тўхтатиш шартлари ўзгармаган. Исроил томонининг шартига кўра, гаровдагилар тўлиқ озод этилиши керак, шунингдек ҲАМАС жангарилари йўқ қилиниши лозим.

Исроил Рафаҳга АҚШ авиабомбалари билан ҳужум қилгач, Жо Байден можарони тартибга солиш бўйича режани таклиф этган. Байденнинг режасида Ғазодаги можарони тинчлантиришни уч босқичда амалга ошириш назарда тутилган. Олти ҳафта давом этадиган биринчи босқичда ўт очиш тўхтатилади, Исроил қўшинлари Ғазодаги аҳоли пунктларидан чиқарилади, Исроилда сақланаётган фаластинлик маҳбуслар эвазига исроиллик гаровда ушлаб турилганлар алмаштирилади. Иккинчи босқичда ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тўхтатилади, Исроилнинг барча ҳарбийлари Ғазо секторидан чиқарилади, Исроилга гаровда ушлаб турилганларнинг барчаси қайтарилади. Учинчи босқчида Ғазо секторини АҚШ қўллови билан қайта тиклаш бошланади.

Исроил президенти агар Байденнинг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифини қабул қилса бош вазир Бинямин Нетаняҳуни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Мен бош вазирга унинг ҳукуматининг гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш бўйича барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашимни билдирдим», — деган Исҳоқ Ҳерцог.

Украинадаги уруш

Франция Украинага Storm Shadow ракеталаридан Россиянинг Курск ва Белгород областларига зарба беришга изн берди. 500 км олисликдаги нишонларни юқори аниқликда йўқ қила оладиган мазкур қанотли ракеталардан фойдаланиш учун рухсат берилганини аноним қолишни истаган ҳарбий авиация офицери маълум қилган.

Унинг айтишича, Франция президенти Эммануэл Макроннинг Украинага Россиянинг ҳарбий объектларига ҳужум қилишга рухсат бериш зарурияти ҳақидаги сўзлари чегараолди ҳудудларидаги ҳарбий аэродромларга зарба беришга изн берилиши сифатида тушунилиши керак.

«Бизнингча, Украина ҳудудига қарата ракеталар учирилаётган ва зарбалар берилаётган Россиядаги объектларни йўқ қилиш учун Украинага рухсат беришимиз керак, деб ўйлаяпмиз. Лекин украинлар Россиядаги бошқа объектларни нишонга олмасликлари талаб этилади», — деган эди Макрон.

BBC маълумотларига кўра, бундай ҳарбий операциялар чекланган бўлади, чунки Украина қуролли кучларида бундай вазифаларни бажаришга қодир самолётларнинг ўзи йўқ. Storm Shadow ракеталари билан жиҳозланган Украинанинг Су-24 самолётлари зарба бера олиши учун Россия чегарасига яқинлашиб келиши керак, лекин бу ҳолда улар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими нишонига айланиб қолади. F-16 самолётлари бу вазифани яхшироқ уддаласа-да, Ғарб давлатлари Америкада ишлаб чиқарилган қирувчи самолётлардан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат бериш-бермаслиги ҳозирча маълум эмас.

Бундай саволларга жавобан Украина президенти Володимир Зеленский «Ғарб давлатлари томонидан етказилган ҳар қандай қуроллардан Россия ҳудудидаги нишонларга қарши фойдаланиш —вақт масаласи», — деган.

Бу орада Германия Мудофаа вазирлигининг Украина масалалари бўйича махсус штаби раҳбари Киев Patriot ракеталаридан Россиянинг ўз ҳудуди устида парвоз қилаётган ва Украинага таҳдид туғдираётган авиациясини уриб туширишга рухсат берилишини таъкидлади.

Украина тинчлик саммити

Украина президенти Володимир Зеленский Хитойни Швейцарияда ўтадиган Украинада тинчлик бўйича саммит ишини барбод қилишга уринаётганликда айблади.

Зеленскийга кўра, Хитой 15-16 июн кунлари Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилаётган тинчлик саммитини барбод қилишда Россияга кўмаклашмоқда, деб ёзади Politico нашри.

«Россия Хитойнинг минтақадаги таъсиридан фойдаланиб, шунингдек хитой дипломатларини ишга солиб, тинчлик саммитини барбод қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда», — деган Зеленский Сингапурда ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Унинг сўзларига кўра, Москва кўплаб давлатларга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказишни узиб қўйиш, энергия ташувчи маҳсулотларнинг нархини ошириш билан таҳдид қилиб, кўплаб давлатларни тинчлик саммитида қатнашишдан воз кечишга мажбурламоқда.

«Энди эса маълум бир давлатда бу борада Россияга ёрдамлашилаётгани тўғрисидаги ахборотларимиз бор», — деган Зеленский.

Масалан, Саудия Арабистони ҳам Россия қатнашмаётганини рўкач қилиб, Швейцариядаги саммитда қатнашмоқчи эмас.

Аввалроқ Хитой Россия таклиф этилмаганини рўкач қилиб, Швейцарияда ўтадиган саммитга ўз делегациясини юборишдан бош тортган эди. Бунинг ўрнига Пекин ўзининг тинчлик конференциясини ўтказиш ғоясини илгари сурмоқда ва унда Россия ҳам, Украина ҳам иштирок этишини таъминламоқчи. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўтган ҳафтада бу ғояга рози эканини билдирган эди.

Украина Хитой томонидан ташкил этилиши мўлжалланаётган саммитда иштирок этадими, дея берилган саволга Зеленский «Пекин бундай учрашувни ўтказишга ҳаққи йўқ», деб жавоб берган.

Трамп энди нима қилади?

Жиноят иши очилиб, айбдор деб топилганига қарамасдан, республикачилар партияси барибир Доналд Трампни АҚШ президентлигига номзод сифатида илгари сурмоқчи.

Бу ҳақда Доналд Трампнинг келини, бир вақтнинг ўзида республикачилар партиясининг ҳамраиси Лара Трамп таъкидлаб ўтган. Ҳозирча Доналд Трампга якуний ҳукм ўқилмаган. Бу воқеа 11 июл куни содир бўлади. Ҳукмдан 4 кун ўтиб, республикачилар партиясининг номзодни илгари суриш бўйича қурултойи ўтказилади.

«Нима ҳам дердим, биз ҳамма нарсага тайёр бўлиб туришимиз керак. Нега ўзи ҳакамлар ҳайъатининг фикри бу қадар шошилинч эълон қилингани тушунарсиз, ҳолбуки ҳукм ўқилишига бир ойдан кўпроқ вақт бор?» — деган Лара Трамп.

Унга кўра, Доналд Трамп штаби вазият қандай ривожланишига қараб, ўз режасини ўзгартириб туради. Уларда кутилмаган ҳолатлар учун ғоялар тахтлаб қўйилган. Нима бўлганда ҳам улар Доналд Трампни номзод сифатида илгари суришади. «Биз учун фақат шуниси муҳим», деган Лара Трамп.

Эслатиб ўтамиз, Ню-Йорк суди ҳакамлар ҳайъати Трампни қўйилган барча 34 та банд бўйича айбдор, деб топган эди. Собиқ президентга ҳужжатларни қалбакилаштириш иши бўйича 34 та ҳолатнинг ҳар бири учун тўрт йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Якуний жазони судя Хуан Мерчан 11 июл куни бўлиб ўтадиган махсус суд мажлисида белгилайди.

Мавзуга оид