Ўзбекистон | 15:53 / 03.06.2024
4651
1 дақиқада ўқилади

Май ойида электр ва газдан фойдаланишдаги қоидабузарликлар бўйича салкам 500 та маъмурий иш қўзғатилди

Ўтган ойда “Ўзэнергоинспекция” энергоресурслардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 489 та маъмурий иш расмийлаштирган. Шу кунларда Зоминда 207,6 млн сўмлик электр энергиясини ўғрилаганликда гумонланаётган фермер хўжалиги масъуллари ва бошқалар устидан тергов кетмоқда.

​​​​​​​Зоминда аниқланган ҳолат / Фото: ИЖҚКД

Май ойида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 489 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” хабар бермоқда.

Ўтказилган назорат тадбирларида 312 та ҳолатда электр энергияси, 177 та ҳолатда табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилгани аниқланган.

Шунингдек, 3 июн куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Жиззахда электр энергияси ўғрилаш билан боғлиқ навбатдаги ҳолат аниқланганини маълум қилди.

Департаментнинг Зомин туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда, “K.” ҳамда “S.N.” фермер хўжаликлари масъул шахслари ва бошқалар тегишли ер майдонларига ўрнатилган трансформатор ва электрон ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиб, тижорат мақсадида жами 207,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Бу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга оид