Байденнинг Ғазо бўйича таклифлари: сиёсатшунослар нима дейди?
АҚШ президенти Жо Байден Ғазо секторида оташкесим режасини эълон қилди. ҲАМАС бу таклифни олқишлади, Нетаняҳу кабинетида эса мунозара давом этяпти. “Геосиёсат” Ғазо атрофидаги сўнгги воқеликларни сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Бектош Бердиев билан таҳлил қилди.
— Президент Байден Ғазода урушни тўхтатиш учун қандай таклифларни айтди?
Бектош Бердиев: — Байден томонидан Ғазо учун, бир вақтнинг ўзида Исроил учун ҳам муҳим бўлган режа таклиф қилинди.
Биринчи босқичда 6 ҳафта ичида Исроил қўшинлари Ғазодаги аҳоли пунктларидан олиб чиқилади. Асирлар алмашинуви муҳим ўрин тутади бунда. Исроиллик аскарларнинг ҲАМАС томонидан асир олиниши фонида Исроил шунчаки гумонланаётган шахсларни ҳам асирга оляпти ва икки томоннинг бир-бирига нафратини кучайтиряпти. Байденнинг бу таклифи ҲАМАСга ҳам маъқул келди.
Иккинчи босқичда Исроил бутунлай Ғазони тарк этиши ва асирлар алмашинуви якунланиши керак.
3-5 йил давом этадиган учинчи босқичда эса Ғазо қайта тикланади. Ижтимоий, сиёсий инфратузилмани қайта тиклаш катта маблағ талаб қилади.
Бу режанинг муҳимлиги шундаки, бу Исроил олиб бораётган ҳарбий сиёсатнинг муваффақиятсиз бўлганини билдиради. Исроил бошида жуда баландпарвоз гапирганди. Тинч аҳоли ўлиши Исроилга халқаро босимни келтириб чиқариши билан бирга, АҚШга нисбатан бутун мусулмон дунёси нафратини қўзитяпти. Шунинг учун Байден томонидан бу режа илгари сурилиши маъқул иш, сайлов олдидан бўлгани сиёсий очко ишлаш учун ҳам.
— Байден таклифининг иккинчи босқичида Ғазода муддатсиз ўт очишни тўхтатиш ҳақида айтган, бу келишув амалга ошса ҳам лекин муддатсиз дейиш қанчалик реалликка мос?
Камолиддин Раббимов: — Яқин Шарқдаги масалаларнинг узил-кесил ечими эмас бу, фақат урушни тўхтатиш ҳақида гап кетяпти. Нетаняҳу ҳукумати бу режага ишончсизлик билдирди, лекин расмий даражада эмас. Яъни Нетаняҳунинг ўзи биз ўз йўлимиздан қайтмаймиз, демади, балки унга яқин шахслар биз ҲАМАСни йўқ қилишимиз керак, деди. Байден лойиҳани эълон қилаётганда Исроил вазиятини юмшатиш учун ҲАМАС 7 октябрдаги каби ҳужум қилолмайди, Исроил мақсадига эришди, деди.
Бугун АҚШга глобал босим катта. Дунёда кучлар ўртасида кураш кетяпти, ҳар бир давлатнинг глобал легитимлиги мавжуд бўлади ёки бўлмайди, бир давлатни адолатли деб биладими ёки зулмни қўлловчи, деб биладими, деган масала бўлади. Исроилнинг ҳаракатлари сабаб АҚШнинг глобал репутациясига путур етди. Акс садоси Украинага ҳам етди ва Зеленский Фаластин давлати тузилиши тарафдори эканини айтди. Зеленский мана шундай мувозанатни тикламагунча унга босимлар бўлаверди, АҚШга ҳам шундай босимлар бўляпти.
Исроил бугун кибрга берилиш оқибатида ўзининг узоқ муддатли манфаатларини сақлай олмаяпти.
Бектош Бердиев: — АҚШ режаси Исроил учун ҳам муҳим, чунки вазиятдан чиқиш керак эди. Гўёки АҚШ режасига кўнгандек бўлиб, ҳарбий операциядаги муваффақиятсизлигини ёпиб кетиши мумкин.
АҚШ нега бу қарорга келди? Глобал майдонда қудратли бўлган Россия, Хитой, Эрон каби давлатлар маълум бир ахборотлар тарқата бошлади.
Бу режани Исроил сиёсий элитаси қабул қилар, лекин Нетаняҳудан ҳам кучлироқ кучлар қабул қилармикан, деган масала бор. Нетаняҳу ҳукуматига муқобил бўлган мухолиф кучлар булар, улар бу билан Нетаняҳуни обрўсизлантиришлари мумкин. Жамият муносабати қандай бўлиши масаласи ҳам бор, шунча аскар ўлди, шунча пул сарфланди, Исроил имижи қора бўлди, деган иддаолар қўйилади.
— Биринчи босқичда асирлар озод қилингач, режа иккинчи босқичга ўтишига ишонч борми ўзи?
Камолиддин Раббимов: — Икки томон келишса, воситачи давлатлар иштирокида режа тузилади. Шунинг учун режанинг ярмида ўйин қилиш қийин бўлади. Агар фавқулодда бошқа конфликтлар, беқарорлик пайдо бўлмаса, режалар амалга ошиши талаб қилиниб туради.
Исроил асирларини озод қилишдан манфаатдор, чунки ички жамиятдан босим катта. Қолаверса, асирлар орасида америкаликлар ҳам бор, яъни икки фуқароликка эга шахслар. Исроиллик асирлар юзта атрофида бўлса, фаластинлик асирлар минглаб бўлиши мумкин, яъни номутаносиб.
ҲАМАС бу режага рози бўлди, лекин Исроилнинг рози бўлиш нияти йўқ. Аммо АҚШнинг Исроилга босим қилиш имкониятлари бор. Бу режага рози бўлиш Исроилда сиёсий инқирозни кучайтиради. Чунки Нетаняҳу ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилиб, Ғазони яксон қиламиз, деганди жамиятга. Натижа бўлмагани сабаб сиёсий инқироз кучаяди.
— Глобал ҳамжамиятнинг ачиниш ҳисси ва Байден тинчлик сулҳи янграр экан, “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС Исроил томон яна ҳужумлар уюштирди. Конфликт тугашидан манфаатдор бўлмайдиганлар ҳам борми?
Камолиддин Раббимов: — Бу уруш психологияси, яъни иккинчи томон шартларга кўнмаётган бўлса, менинг таҳдидим янада кучлироқ бўлади, деган маънода босим қилиш. Икки томон ҳам эскалация бўлса, сенга шундай зарар бўлади, деб босим қилади, бу — табиий нарса.
Бектош Бердиев: — Байден режасини айтди ҳали, уруш тўхтали дегани эмас. Исроил ҳам вақт давомида максимал фойдаланиб қолишга ҳаракат қиляпти, ҲАМАС ва Ҳизбуллоҳ ҳам худди шундай ҳаракат қиляпти.
Исроилнинг темир гумбаз ҳимоя тизимини ҲАМАС томонидан ясалган қўлбола ракеталар ҳам ёриб ўта оляпти. Темир гумбазни ёриб ўтиш тактикасини энди ҲАМАСдан ташқари «Ҳизбуллоҳ» ҳам қўллаяпти. Бундан ташқари, бу минтақада тинчлик бўлишидан манфаатдор бўлмаган кучлар ҳам бор. Уруш ёки тинчлик қандай шаклда бўлишига кўп нарса боғлиқ. Масалан, Эрон доим Исроил бутунлай йўқ бўлишини истайди, буни очиқ айтган бир неча бор. Баъзи бошқа кучлар ҳам шуни истайди, 1947 йилги чегараларга қайтишни ҳам исташади.
— Исроил томони ҲАМАСни батамом йўқ қилмагунчга уруш давом этишини билдирди. Байденнинг чақириғи Исроил томонидан нега қабул қилинмаяпти?
Камолиддин Раббимов: — Исроил вазият қопқонига тушиб қолган. Бир томондан ҲАМАСни йўқ қилиб бўлмайди, бунинг учун бутун Ғазони йўқ қилиш керак бўлади. ҲАМАС ғоявий ташкилот, бундай ғоя бошқа араб ва мусулмон давлатларида ҳам бор.
1947 йилга қадар Исроил деган давлат йўқ эди, ундан олдин яҳудий давлатлари бор эди, лекин уларни йўқ қилган ислом цивилизацияси эмас, балки христиан цивилизацияси. Салбчиларнинг биринчи нишони мусулмонлар бўлган бўлса, иккинчи нишони яҳудийлар бўлган. Рим империяси, христиан давлатлари яҳудийлар билан курашиб келган. Яъни қадимий яҳудийлар давлатчилиги йўқ бўлишида мусулмон цивилизациясининг айби йўқ, балки яҳудийлар мусулмон ўлкаларда жон сақлаган шундай пайтларда.
Энг катта муаммо Нетаняҳу ҳукуматидаги ултра ўнглар, улар куч ишлатишни қўллайди, урушни давом эттирмоқчи бўлишади. Бу нарса яҳудий давлатчилигининг мундаментал муаммоси, аслида.
— Бундай икки томонлама босимлар остида Нетаняҳунинг сиёсий умри оз қолди дейиш мумкинми?
Бектош Бердиев: — Ҳукуматнинг алмашинуви, қайта тузилиши каби ҳолатлар кўп бўлади Исроилда. Аммо ғоявий масалалар мураккаб. Ҳатто Исроилнинг ўзида Фаластин давлати бўлиши керак, Исроил деган давлат бўлмасин, деганлар бор, уларнинг сиёсий таъсири ҳам ортяпти. Лекин агрессив сиёсий кучларнинг ҳам ўрни катта, улар Фаластиннинг бутун халқини қириб ташлаш керак, дейишади. Исроил учун бу ғоявий фундаментал муаммо бўлиб қолмоқда.
Байден режасига 2 та нарса таъсир қилади. Биринчиси, АҚШдаги яҳудий лоббиси, бунинг ҳам роли бор. Иккинчиси эса Трампнинг ҳокимиятга келиши эҳтимоли. Агар у ҳокимиятга келса, Байден режаси йўққа чиқади.
— Байденнинг режаси амалга оша бошласа, лекин АҚШда Трамп ҳокимиятга келиб қолса, режанинг боришини барбод қилиши мумкинми?
Камолиддин Раббимов: — Назаримда, барбод қилиши мумкин. Ҳокимият ўзгариши билан сиёсий консенсус ўзгаради. 7 октябрдан олдин ҳам Нетаняҳу кабинетига Исроилга босим бор эди, чунки Демократлар Исроил агрессив сиёсатига совуққонлик билан қараган. Бир вақтлар демократлардан бўлган Клинтон икки давлат тузишга уринганди.
Трамп келса, фақат Исроилда эмас, араб давлатларида ҳам ҳолат ўзгариб, биз кутиш ҳолатида бўламиз, АҚШ билан тўқнашмаймиз, деган ҳолат бўлиши мумкин.
Бектош Бердиев: — Трампнинг куёви яҳудий, унинг қизи ҳам яҳудий динини қабул қилган. Трамп яҳудийларга хайрихоҳлик билан қарайди. У АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчирган эди президентлик даврида, мусулмон дунёсида нафратни кучайтирганди. Бундан ташқари, Фаластин халқига ёрдам кесиб қўйганди, Жўлон тепаликларини Исроилники деб тан олганди. Трамп бир пайтлар Эрон ядро дастурини барбод қилгани каби бу келишувни ҳам барбод қилиши мумкин. У очиқ исломофоб сиёсатчи ҳисобланади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
13:52 / 22.11.2024