Жаҳон | 14:22 / 04.06.2024
15407
2 дақиқада ўқилади

Россия Украина зарбалари «ҳалокатли оқибатларга» олиб келиши ҳақида огоҳлантирди

АҚШ Украинага Россия Федерациясидаги нишонларга қарши Америка қуролларидан фойдаланишга рухсат берилганидан кейин Россиянинг «жиддий жавоби» хавфини етарлича баҳоламаяпти, дея маълум қилди Россия ТИВ.

Россия ТИВ Фото: Фото: Felix Abraham/IMAGO

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг унга берилган Америка қуролларидан фойдаланиши ҳақидаги қарорларнинг «ҳалокатли оқибатлари» тўғрисида маълум қилди. «Номаълум сабабларга кўра, улар қабул қилишлари мумкин бўлган жавоб жиддийлигига етарлича баҳо бермаяпти», деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков.

У Вашингтонни Россия президенти Владимир Путиннинг берган баёнотларини «ўрганишга вақт сарфлашга» чақирди. «Бу жуда муҳим огоҳлантириш ва уни жуда жиддий қабул қилиш керак», - дея қўшимча қилди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари.

Қатор Ғарб давлатлари Украинага Россиядаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат берди

Сўнгги кунларда Россиянинг Харкив вилоятига ҳужумлари кучайган бир пайтда, қатор давлатлар ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун тақдим этган қуроллардан фойдаланишга рухсат берди. Бундай баёнотлар Франция, Литва, Латвия, Канада, Швеция, Эстония, Полша, Германия, Финландия, Чехия, Британия ва Нидерландия томонидан қилинган. Шунингдек, АҚШ маъмурияти Киевга Россия Федерациясидаги нишонларга зарба йўллашга норасмий тарзда рухсат берди. Ўз навбатида, Белгия Украинага Россия Федерациясига ҳужум қилиш учун қурол ишлатишига рухсат бермаслигини маълум қилди. Аввалроқ НАТО ва Европа Иттифоқи Украина Қуролли кучлари томонидан Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирган эди.

Май ойининг охирида Путин «НАТО давлатлари, айниқса Европадаги кичик давлатлар вакиллари нима билан ўйнашаётганидан хабардор бўлишлари керак», деди. Бундан ташқари, Россия Федерацияси ва Беларус тактик ядро қуролини қўллашни синовдан ўтказиш бўйича қўшма машғулотларни бошлади.

Мавзуга оид