19 ёшида 18 йиллик қамоқ – Қорақалпоғистонда босқинчилик ва қотиллик қилган йигитга ҳукм ўқилди
Қораўзак туманида яшовчи йигит ўзи билан бир кўчада истиқомат қилувчи 56 ёшли аёлнинг уйига кириб, унинг 12 млн сўм пулини ўғирлаган. Шу пайт уйғониб кетган аёлни эса ёғоч бўлаги билан уриб ўлдирган.
Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 19 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди. У фирибгарлик, босқинчилик ва қотиллик жиноятларини содир қилганликда айбли деб топилган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 2005 йилда туғилган йигит бирор бир фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилган. У 2023 йилнинг 21 октябр куни Нукус шаҳрида ижарада турадиган талаба танишининг уйига бориб, ўша ерда яшовчи йигитнинг ноутбугини ҳар куни 80 минг сўм бериб туришига ишонтирган ҳолда олиб кетган. Сўнгра ноутбукни 1,5 млн сўмга сотиб, пулини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Шунингдек, йигит 2023 йил 29 ноябр куни соат 19:30ларда Қораўзак туманида ўзи билан бир кўчада ёлғиз яшовчи, бозорда савдо қилувчи 56 ёшли аёлнинг уйига ўғирликка тушган. Яъни аёл ухлаб ётган хонага кириб, унинг ёнида турган, ичида пули бўлган сумкани ўғирламоқчи бўлган. Бироқ кутилмаганда аёл уйғониб қолиб, йигитга қаршилик кўрсата бошлаган. Шунда йигит ўзи билан олиб келган ёғоч бўлаги билан аёлнинг бош қисмидан бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган. Сўнгра ичида 12 млн 313 минг сўм пули бўлган сумкани олиб чиқиб кетган.
Қотил жиноят қуроли ҳисобланган ёғоч бўлагини уй ёнидаги ариққа ташлаб, пулнинг тахминан 10 млн сўмга яқинини ҳам шу атрофдаги ер майдонига яшириб кетган. “Ови” бароридан келган йигит тўғри танишининг олдига бориб, у билан Нукус шаҳрига кетади ва кафеларга кириб, пулнинг бир қисмини кайфу сафога сарфлаб юборади.
2024 йилнинг 8 май куни жиноят ишлари бўйича Қораўзак туман судида йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд мажлисида судланувчи аслида аёлни ўлдириш нияти бўлмаганлигини айтиб, ўзига енгиллик беришни сўраган. Унинг қилмиши рад қилиб бўлмас далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топган.
Суд ҳукми билан йигит Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш), 164-моддаси 3-қисми “в” банди (уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда босқинчилик қилиш) ҳамда 97-моддаси 2-қисми “и” бандида (тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
20:03 / 19.11.2024
“Кўп кайф қилиб юборганман” — 3 яшар боланинг қотили ўша куни “глюк”да бўлганини айтди
21:47 / 15.11.2024
Қотил гиёҳванд бўлган: 3 ёшли болани ўлдирган эркак устидан суд бошланди
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
19:18 / 02.11.2024