Ўзбекистон | 09:22 / 05.06.2024
4508
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида визага ариза бериш тартиби ўзгарди

Энди ноиммиграцион виза учун суҳбат ўрнини янги сайтда белгилаш лозим бўлади.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси янги сайтда иш бошлайди. Бу ҳақда элчихонанинг Telegram’даги каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, 10 июндан бошлаб июл ва кейинги ойлар учун ноиммиграцион (сайёҳлик, бизнес ва бошқа) виза учун суҳбат ўрнини янги веб-сайтда белгилаш лозим бўлади.

Янги веб-сайт ишга тушгач, мижозлар онлайн виза суҳбат санасини белгилашдан аввал виза учун тўловни амалга оширишлари керак.

Шунингдек, элчихона Тошкент марказида паспортларни тақдим этиш учун янги қулай жой ташкил этилишини ва қўшимча тўлов орқали ҳужжатларни Ўзбекистон бўйлаб тўғридан-тўғри уйга ёки офисга етказиш хизматини йўлга қўйишини маълум қилган.

Таъкидланишича, аввалги суҳбат тизимидан фойдаланган ҳолда июн ойи учун суҳбат санасини белгилаган виза мурожаатчилари, белгиланган санада виза суҳбатига келишлари ва виза учун тўловни бинонинг ичида суҳбатдан аввал амалга оширишлари керак.

“Ушбу янги тизимнинг жорий этилиши, виза мурожаатчиларимиз учун доимий равишда хизматларни яхшилаш учун қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг бир қисмидир. Элчихона веб-сайти ушбу ўзгаришлар бўйича маълумотнинг энг яхши манбаи бўлиб қолади”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид