Ўзбекистон | 14:59 / 05.06.2024
8338
4 дақиқада ўқилади

“Болаларга чириган картошка едиришмоқда” – Нурмат Отабеков

Сенат ишчи гуруҳи Андижон вилоятидаги боғчаларнинг овқатлантириш тизимини салбий баҳолади. Ўрганишларда муассаса ошхоналари таъмирталаб экани, жиҳозлар, идиш-товоқлар етишмаслиги, сифатсиз маҳсулотлар олиб келингани аниқланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Нурмат Отабековнинг айтишича, бундай МТТлар фаолиятини бугуннинг ўзидаёқ тўхтатиш керак.

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида Андижон вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларининг овқатлантириш ҳолати муҳокама қилинди.

Сенаторлар ўрганилган давлат боғчаларида соғлом овқатлантириш тегишли талабларга мувофиқ ташкил этилмаётгани аниқланган. Хусусан, Шаҳрихон тумани 52-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси эски экани, ошхона ташқи ва ички хоналари тўлиқ таъмирталаб, стол, стул ва бошқа жиҳозлар етишмаслиги айтилмоқда.

Ошхона санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди, тозалаш ишлари ўтказилмаган, болалар учун идиш-товоқлар етарли эмас”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, таом тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли қабул қилиш, сақлаш учун шароитлари ўрганилганда, Қўрғонтепа туманидаги 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бракераж комиссияси томонидан маҳсулотлар қабул қилиб олинмаётгани ва шунинг натижасида сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари кирим қилингани аниқланган.

Бундан ташқари, муассасаларда таомномалар 10 кунлик ягона мавсумий таомнома асосида тузилмаган. Тузилган таомнома санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳудудий бўлимлари билан келишилмаган ҳамда таомномаларга киритилган ўзгартиришлар юзасидан далолатнома расмийлаштирилмаган.

Мажлисда иштирок этган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, бундай боғчаларда болаларга чириган маҳсулотлардан таом едиришаётган бўлиши ҳам мумкин.

Сенатдан ташкил қилинган ишчи гуруҳ бориб кўрган МТТ ишлаши керак эмас. Уларнинг фаолиятини шу бугуннинг ўзидаёқ тўхтатиш керак. Олиб келинган маҳсулотлар нотўғри сақланиб, томир отиб юборса, турган жойида чириса, қайси бир ошпаз ўша чириган, униб кетган картошкани ташлаб юборади?!

Албатта, уни болаларга едиришади. Идиш-товоқлар етарли эмас, четлари синган. Демак, бу болаларнинг лаб-лунжини, тилларини кесиб олиш эҳтимоли бор ҳатто. Талабларга риоя этилмаган, фақат негатив. Менинг назаримда, айнан шу 4 та тумандаги мутасаддиларга нисбатан бироз қаттиқроқ чора кўрилиши керакки, токи бу бошқа бировларга бирмунча мактаб бўлсин”, – деди у.

Таъкидланишича, мажлисда боғча болаларини овқатлантириш масаласи юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари ҳам эшитилган. Сенаторлар томонидан соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилган.

Жумладан, жисмоний шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) тизими орқали тарбияланувчилар давоматини йўлга қўйиш ҳамда шу асосда озиқ-овқат харажатларининг аниқ ҳисобини юритиш, овқатлантиришни ташкил этиш бўйича бракераж комиссиялари томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиб олишда ташкилот раҳбарларининг масъулиятини ошириш, етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш каби таклифлар берилган. Тадбир якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.

Маълумот учун, бугунги кунда республикада 6 824 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 1 172 тасида 83 нафар тадбиркор томонидан аутсорсинг хизматлари йўлга қўйилган. Қолган 5 652 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларни анъанавий усулда овқатлантириш ташкил этилган.

Айни вақт вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида жами 549 та давлат боғча бўлиб, уларда 122 386 нафар бола тарбияланмоқда.

103 та (18,8%) давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларни овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этилган бўлиб, 7 та аутсорсерларга ошхоналар ижарага берилган. Қолган 446 та (81,2%) давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларни овқатлантириш туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълим бўлими томонидан ташкил этилган.

2023 йилнинг 1 сентябридан барча ҳудудлардаги давлат боғчалари учун 10 кунлик ягона мавсумий таомнома асосида тарбияланувчиларни овқатлантириш ташкил этилган.

Мавзуга оид