Спорт | 13:11 / 05.06.2024
9314
3 дақиқада ўқилади

Катанец: «Жаҳон чемпионатига чиқишимизга бутун миллат ишониши лозим»

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ЖЧ-2026 саралашидан ўрин олган Туркманистон билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.

Фото: ЎФА

 

«Бизда ҳаммаси жойида. Барча футболчиларимиз тайёр. Албатта, ўйинчилар турли формада бўлиши табиий ҳолат. Айримлар майнинг ўртасида сўнгги ўйинини ўтказган, баъзилар ўтган ҳафтада. Кейинги босқичга чиққан бўлсак-да, мухлисларни хурсанд қилиш учун чиройли ўйин кўрсатишимиз керак. 

Ротация? Жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Кўп ўйинчиларни қўша олмаймиз, чунки сентябрда асосий босқич бошланади. Иккинчи бўлимда ёш футболчиларга имкон беришимиз мумкин. Жиддий ёндашишимиз керак, хатолар ва жароҳатлар керак эмас. 6 ойда учинчи бор йиғиляпмиз, ўйинларимиз сони кам. Шу сабаб асосий таркибни ҳадеб ўзгартира олмаймиз. 

Яна фаолиятимдан биламанки, бизни тажрибали футболчилар жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Ҳозир барча жамоалар бизни ҳурмат қилади. Умид қиламанки, сентябрда ҳам барча соғлом бўлади. 

Футболчилар рақобатни ҳис қилиши шарт эмас. Улар бир-бирига рақобатчи сифатида эмас, ёрдам берувчи шерикдек қарашлари керак. Сўнгги пайтларда футболда захирадан тушганлар кўпроқ фойда келтирмоқда. Бизда ҳам Аббос Файзуллаев кўп бор захирадан тушиб, ёрдам берди. 

Саломатлигим? Тўлиқ гапирса, бунга анча вақт кетиб қолади. Организмни етарлича эшитмаганман, шу сабаб ҳозир даволанишга мажбур бўляпман. Бошқа бундай бўлмаслигига умид қиламан. Футболчиларга айтдим: «Агар учинчи марта саломатлигим сабаб жамоада бўлмасам, демак, ортга қайтмайман». 

Руҳий тайёргарлик? Нафақат мен ёки футболчилар, ОАВ ҳам, умуман бутун миллат жаҳон чемпионатига чиқишимизга ишониши керак. Ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак. «Албатта, мундиалга чиқамиз» деб ишонишимиз керак. Словенияни мундиалга олиб чиққанимда, шундай бўлган.

Олимпия жамоасини доим кузатамиз. Уларни йўлланма билан табриклайман ва Парижда ҳам муваффақиятлар тилайман. Аллақачон олимпия жамоасининг бир қанча футболчилари бизда ҳам ўйнашмоқда. Муҳими ёшлардан камтарликни талаб қиламан. Юлдузлик касалига чалиниб, оёқлари ердан узилмаслиги керак. 

Ташқаридан туриб ҳам Суперлига ўйинларини кузатдимми? Албатта, бунинг имкони бор. Вилоятларга бориб, ўйинларни кўришимда ҳеч қандай афзаллик йўқ. Африкадан туриб ҳам томоша қилишим мумкин. Ассистентларимиз билан ўйинларни бўлишиб олганмиз», — дея словениялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири. 

Ўзбекистон — Туркманистон баҳси эртага, 6 июн куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 19:30да бошланади.

Мавзуга оид