Шавкат Мирзиёев ЖСТ раҳбари билан учрашувда Ўзбекистон тез фурсатда ташкилотга аъзо бўлиши муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга келган Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди. Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги бўйича музокаралар фаол давом этаётгани таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 июн куни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТ аъзоси бўлиши борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Қисқа муддат ичида Ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилгани, аъзо мамлакатлар билан фаол музокаралар олиб борилаётгани, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш шартлари муҳокама қилина бошлангани ва миллий қонунчиликни ташкилотнинг меъёр ва қоидаларига мувофиқлаштириш ишлари давом этаётгани таъкидланди.
Шунингдек, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, электрон савдо ва рақамли хизматлар экспортини ошириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.
Халқаро савдони тартибга солиш масалалари бўйича ўзбекистонлик экспертларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, ЖСТ кўмаги билан Ўзбекистонда Савдо сиёсати бўйича компетенция марказини ташкил этиш таклиф этилди.
Давлат раҳбари ЖСТ бош директорини Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвони берилгани билан табриклади.
Учрашув якунида Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдиргани таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди.
«Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши – президентимиз учун ўта муҳим устувор масала эканига алоҳида эътибор қаратилди. Нгози Оконжо-Ивеала мамлакатимизда олиб борилаётган ишларни юксак баҳолаб, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш йўлидаги ҳаракатларимизни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди», деб ёзди Мирзиёева ижтимоий тармоқда.
Мавзуга оид
22:12 / 22.11.2024
Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашди
14:37 / 18.11.2024
Бюджет харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаяпти — президент
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
20:26 / 09.10.2024