Жаҳон | 15:50 / 07.06.2024
5257
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ янги гравитацион бомбани ишлаб чиқишга қарор қилди

Қўшма Штатлар ядро қуроли стратегиясини кучайтирмоқда, деб ёзади Semafor интернет-нашри Жо Байден маъмуриятидаги манбага таяниб.

Фото: Reuters

Жо Байден маъмурияти ўзининг ядровий қурол стратегиясини кучайтирмоқда, чунки Россия ва Хитой ўтган йили АҚШ қурол назоратини муҳокама қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламади, деб хабар берди Semafor жума куни Байден маъмуриятининг исми ошкор қилинмаган юқори мартабали ходимига таяниб

Хусусан, янги гравитацион бомба яратиш, шунингдек, «Оҳайо» тоифасидаги қатор ядро сувости кемаларидан фойдаланиш муддатини узайтириш ҳақида қарор қабул қилинди, деди манба. «Жо Байден маъмурияти, шунингдек, ортиб бораётган ядровий таҳдидлар шароитида АҚШ ядровий кучларининг кейинги эволюциясини кўриб чиқмоқда ва асосий иттифоқчилар ўзларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган узоқ масофали зарба бериш ва кузатув қобилиятига эга бўлишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда», - деди расмий батафсил маълумот беришдан бош тортиб.

АҚШнинг Россия ва Хитой билан қурол назорати бўйича музокаралари

Нашрнинг ёзишича, 7 июн куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши қурол назорати, қуролсизланиш ва қуролларни тарқатмаслик бўйича катта директори Пранай Вадди Вашингтон тегишли режаларини қурол назорати бўйича конференцияда эълон қилиши кутилмоқда, деб ёзади нашр. 

Ўтган йили худди шу конференцияда Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Қўшма Штатлар Хитой ва Россия билан қурол назорати масаласини «олдиндан ҳеч қандай шартларсиз муҳокама қилишга тайёрлигини айтди», деб эслатди Semafor. «Бироқ, Пекин ва Москва бу таклифларни рад этди, бу эса Қўшма Штатларни ўз ёндашувини ўзгартиришга мажбур қилди», — дея расмий сўзларидан иқтибос келтиради нашр. 

Байден маъмурияти ҳали ҳам ўзининг геосиёсий рақибларини музокаралар столига ўтказишга умид қилмоқда, аммо уларни рад этиш оқибатлари бўлишини кўрсатмоқчи, дея қўшимча қилди манба. Россия ва Хитой «агар ҳамкорликдан бош тортишда давом этса, хавфсизлик муҳити ёмонлашади», деди у.

Россия ва АҚШ ўртасида стратегик ҳужумкор қуроллар шартномаси 

Ҳозирда Россия ва АҚШ стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш бўйича шартнома (СҲҚ-3, New START) мажбуриятларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. У 2010 йил 8 апрелда АҚШ ва Россиянинг ўша пайтдаги президентлари Барак Обама ҳамда Дмитрий Медведев томонидан имзоланган ва 2011 йил 5 февралда кучга кирган. Ҳужжат томонларнинг ўзаро келишуви билан яна 5 йилга узайтириш имконияти билан 10 йилга мўлжалланган. 2021 йил 29 январда Россия президенти Владимир Путин СҲҚ-3ни 2026 йил 5 февралгача узайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади.

СҲҚ-3га кўра, Вашингтон ва Москва ядро каллаклари сонини 1550 тагача камайтиришга ва ўқ отиш мосламалари ҳамда оғир бомбардимончилар сонини 700 тагача чеклашга ваъда берди. Бундан ташқари, у АҚШ ва Россия Федерациясининг қурол назорати учун бир-бири ҳарбий ядровий объектларида ўзаро текширувларини назарда тутган.

Бироқ, 2023 йил 21 февралда Владимир Путин Федерал кенгаш олдида нутқ сўзлаб, Москва шартномадан чиқмаётган бўлса-да, унинг иштирокини тўхтатаётганини эълон қилди. Бу қадамга Путин Британия ва Франция каби НАТО давлатларининг ядро арсеналлари қандай ҳисобга олиниши борасидаги ноаниқликни сабаб қилиб келтирди.

2023 йил март ойи охирида Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Вашингтон ва Москва ўз ядровий қуроллари, жумладан, айрим базаларда ядро каллаклари ва бомбардимончи самолётлар сони тўғрисида маълумот алмашишни тўхтатгани ҳақида хабар берди.

2023 йил октябр ойи охирида Пентагон Қўшма Штатлар хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдаги ўзгаришлар туфайли ўзининг асосий B61 ядровий гравитацион бомбасини B61-13 модификациясига янгилашга қарор қилганини билдирди.

Мавзуга оид