Жаҳон | 08:40 / 07.06.2024
3235
2 дақиқада ўқилади

Starliner бошқарилувчи кемаси ХКСга туташди

Манёвр режалаштирилганидан 80 дақиқа кечроқ якунланди. Кечикишга ҳаракатланиш тизимидаги муаммолар сабаб бўлган, деб тушунтирди NASA. 

Фото: AP

Астронавтлар - 61 ёшли Бутч Уилмор ва 58 ёшли Суни Уилямс бортида бўлган биринчи бошқариладиган Starliner космик кемаси 6 июн, пайшанба куни Москва вақти билан соат 20:34 да Халқаро космик станция (ХКС)га муваффақиятли туташди, дея хабар беради Аэронавтика ва космик маконни тадқиқ этиш бўйича миллий бошқарма (NASA).

Қайд этилишича, туташиш манёври режалаштирилганидан 80 дақиқа кечроқ бажарилган. Кечикиш сабаби - космик капсуланинг ҳаракатланиш тизимидаги муаммолар, деб тушунтирди NASA. «Учиришдан сўнг яна иккита сизиб чиқиш содир бўлди. Қайсидир нуқтада манёвр қилиш учун ишлатиладиган 28 та тузатиш жиклёридан бештаси ишламай қолди», деди шарҳловчи космик манёвр жонли эфирида. Бироқ, кейинчалик бешта жиклёрдан тўрттаси яна ишлай бошлади, бу эса ХКС билан муваффақиятли туташиш имконини берди.

Boeing Starliner’ни ХКСга фақат учинчи уринишда учирди 

Boeing корпорацияси Starliner бошқариладиган кемасини бортида икки америкалик астронавт билан учинчи уринишда ХКСга учирди. 5 июн куни аппарат Флорида штатидаги Канаверал бурнидан Atlas V United Launch Alliance ракета-ташувчиси ёрдамида учирилди. 

Астронавтлар станцияда тахминан бир ҳафта қолади. NASA таъкидлашича, учиришдан мақсад космик кемани кейинчалик станцияга ва Ерга мунтазам ва хавфсиз парвозларни амалга ошириши учун сертификатлашдир. 

Starliner’ни учиришга биринчи уриниш 6 май куни, иккинчиси 1 июн куни бўлиб ўтди. Иккаласи ҳам техник носозликлар туфайли бекор қилинди. Starliner космик кемаси 2014 йилдан бери давлат-хусусий шериклик доирасида NASA билан шартнома асосида Boeing томонидан ишлаб чиқилган. 

Мавзуга оид