Жаҳон | 13:05 / 08.06.2024
11290
8 дақиқада ўқилади

Бўшаб қолган Рафаҳ кўчалари, тактикани ўзгартирган ҲАМАС ва Медведев учун сўралган ордер — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Вайрон қилинган бинолар, қурилиш материаллари парчалари ва бўм-бўш кўчалар — Исроил қуруқликдан бостириб кирганидан сўнг 1,5 миллион фаластинликка бошпана бўлиб турган Рафаҳ ана шундай кўринишга келди.

Фаластинликларнинг оммавий қочиб чиқиши шаҳар кўчаларини бўшатиб қўйган ва бир пайтлар жуда қизғин ҳаёт кечган шаҳарни вайрона ва умидсизлик рамзига айлантирган.

Умуман, 8 ойлик уруш давомида бир пайтлар “очиқ осмон остидаги энг катта қамоқхона”, деб аталган Ғазо дунёдаги энг катта оммавий қабристонга айланди. 7 октябрдан буён Исроил қамал қилинган эксклавнинг 1,5 фоиз аҳолисини ўлдирди. Оммавий қабристонлар миқёси кишини даҳшатга солади. Бу 13,5 та футбол майдонига тенг жойни эгаллайди.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Ғазонинг Нусайрат шаҳридаги мактабга бомба ёғдириши натижасида 39 киши ҳалок бўлди. Ўнлаб кишилар ярадор бўлган. Бу ерда қочқинлар жон сақлаётган бўлган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси хабарига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида қурбон бўлганлар сони 36 минг 731 нафарга етган. Ярадорлар 83 минг 530 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги бир сутка ичида Исроил қўшини 6 та оммавий қирғин уюштирган, унда 77 киши ҳалок бўлган ва 221 киши яраланган.

ҲАМАС тактикасини ўзгартирмоқда

Reuters агентлигининг вазиятдан хабардор америкалик мулозимлар орасидаги манбалари сўзларига кўра, ҲАМАСнинг Ғазодаги қаршилик гуруҳи сони уруш бошидаги 20–25 минг кишидан 9–12 минг кишигача қисқарган

Манбалардан бирига кўра, кучсизланган ҲАМАС энди Рафаҳни эгаллаётган Исроил қўшинлари билан узоқ қарама-қаршиликлардан қочиб, пистирмалар қўйишга ва қўлбола бомбалар билан фронт чизиғи ортидаги нишонларни мўлжалга олишга интилмоқда.

Ғазодагилар ҳам тактика ўзгарганини сезишган.

«Аввалги ойларда улар жангга киришиб, Исроил қўшинлари уларнинг ҳудудига қадам босиши ҳамоно, уларга қарата ўт очиб туришарди, — деган ғазоликлардан бири Виссам Иброҳим Reuters журналистларига. — Энди уларнинг тактикаси сезиларли тарзда ўзгарган: энди ҳамасчилар уларнинг қайтишини кутишади, сўнгра пистирма уюштириб ҳужум қилишади».

ҲАМАСнинг бундай тактикаси узоқ вақт жанг олиб боришига шароит яратиши мумкин. Исроил армияси вакили Питер Лернер ҳали ҲАМАС устидан ғалаба қозонилиши даргумон экани, Исроил янги тактикага мослашишга уринаётганини айтиб ўтган.

«Улар салоҳиятини 17 йил давомида ўстиришган, муаммони ҳал қилишнинг тезкор йўли мавжуд эмас», — деган у.

Исроил ИШИД билан бир қаторда

БМТ Исроилни ИШИД билан бир қаторга жойлади. Орадан икки йил ўтиб БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ўз сўзида турди: БМТ Исроилни болаларнинг қотили бўлган мамлакатлар “қора рўйхати”га тиркади. Бу ҳақда Антониу Гутерриш исроиллик мулозимларга ҳам хабар берган.

«Бу демократик давлат ушбу рўйхатга қўшилган илк ҳолат”, — деган Исроилнинг 13-телеканали.

Ушбу “қора рўйхат”дан турли вақтларда Суриядаги Башар Асад режими, Мянма, Судан, Конго каби давлатлар, ИШИД ва Ал-Қоида каби террорчилик ташкилотлари ўрин олган.

2021 йил бўйича Исроил 78 нафар фаластинлик болалар ўлдирилгани ва 982 нафари яраланганига қарамасдан, 2022 йилда БМТ бош котиби “қаттиқ ташвишга тушгани”ни изҳор қилиб, Исроилни бу рўйхатга қўшмаган, лекин ишлар шу зайлда кетаверса Исроил рўйхатдан ўрин олишини ваъда қилган эди.

Исроилдагилар БМТнинг бу қарори қурол-яроғ эмбаргосига сабаб бўлиши, халқаро ва дипломатик муносабатларга таъсир ўтказиши мумкинлигидан ташвишга тушишмоқда.

Исроил мухолифати ўз ҳукумати ва БМТни айблай бошлаган.

«Қонунсизлик ҳукумати Исроилдаги сиёсий емирилишни тўхтатишга бўлган ҳар қандай қобилиятини йўқотиб бўлди. Фақат соғлом фикрли ҳукумат бизнинг халқаро нуфузимизни тиклаши мумкин», — деган Исроил мухолифати лидери Яир Лапид. У БМТни ҳам бирйўла Исроилни бу рўйхатга асоссиз қўшганликда айблаб ўтган.

Путиннинг урушга муносабати

Россия президенти Владимир Путин Украина билан урушнинг чўзилиб кетганини Россия аскарларининг жони борасида қайғурилаётгани билан тушунтирган.

Путиннинг гапларидан англашиладики, урушга илакишиб қолган ва 130 минг аскаридан айрилган Россия ҳали ўз олдига қўйган вазифаларига тўлиқ эришмаган. У ҳарбий кампания яқин орада тугашидан умид қилмаслик кераклигига ҳам шама қилган.

«Олдимизга қўйилган вазифаларни ечишнинг тезлигини ошириш мумкинми? Мумкин, албатта, лекин бу йўқотишларга тўғри пропорционал», — деган Путин. Унинг сўзларига кўра, ўзи урушнинг чўзилиб кетишидаги “масъулияти”ни англайди, лекин аскарларнинг жонини омон сақлаш учун шундай йўл тутилмоқда.

«Мен Мудофаа вазирлиги Бош штаби таклифидан келиб чиқаман. Тезлик муҳим, лекин фронтда жанг қилаётган фарзандларимизнинг жони ва омонлиги муҳимроқ», — деган у.

Путинга кўра, ҳарбий идораларда урушнинг барча мақсадларини амалга ошириш учун ҳаракатлар режаси бор ва “жанговар ишлар кетмоқда”. Унинг айтишича, шу йилнинг бошидан буён Россия армияси 47 та аҳоли пункти ёки Украина ҳудудининг 880 километр квадратини эгаллаб олган, Украина қўшинларини Донбассдан сиқиб чиқаришда давом этмоқда.

Путин аввалроқ урушда ҳалок бўлганлар борасида ўз баҳолашларини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украинанинг тиклаб бўлмас йўқотишлари 1га 5 нисбатда. Украина қуролли кучларининг йўқотишлари ойига 50 минг кишини ташкил этмоқда. Агар Путиннинг оғзидан янграган рақамларга ишонилса, Россия армиясининг бир ойдаги йўқотишлари 10 минг аскарга тенг ёки 27 ойлик уруш мобайнида 270 минг аскарни ташкил этади. Уларнинг 135 минг нафари ҳалок бўлган.

Бу баҳолаш АҚШ разведкасининг маълумотларига мос келади. Улар 2023 йил охирида Россия Украинада 120 минг аскаридан айрилганини хабар қилган эди.

Медведевни қамашни сўрашди

Ҳаагадаги Халқаро жиноят судидан Россиянинг собиқ президенти, айни пайтда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари бўлган Дмитрий Медведевни қамоққа олишни талаб қилишди.

Талабни Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро федерация — FIDH илгари сурган. Улар Ҳаага судидан Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев ва бир қатор россиялик пропагандачиларга қарши ордер  берилишини талаб қилишган. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий баёнотида айтилади.

Ҳуқуқбонлар, хусусан, Россиянинг бош пропагандачиси Владимир Соловёв, Russia Today телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян, «Россия сегодня» мудиагуруҳи раҳбари Дмитрий Киселёв ва телебошловчи Сергей Марданни ҳибсга олишга чақиришмоқда.

Улар шунингдек украиналикларни нафрат тили билан таъқиб қилишда жавобгарликни Россия Федерацияси президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари, Россия телевидениесида давлат пропагандаси учун кураторлик қилувчи Алексей Громов зиммасига юклашни талаб қилишган.

FIDH'дагиларнинг қайд этишларича, пропагандачилар Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан нафратни тарқатиб, Россиянинг ҳарбий жиноятларига ёрдам беришмоқда.

«Бу инсон ҳуқуқларининг жиддий тарзда бузилиши ва уни россиялик пропагандачиларнинг гуманизациядан холи бўлган кампаниясисиз амалга ошириб бўмайди. Улар украиналик тинч аҳолини қурол тепкисини босиб ўлдираётганлар сингари айбдордир», — деган FIDH вице-президенти Александра Матвейчук.

Мавзуга оид