Давлат идораларида қариндош-уруғчиликни чеклайдиган қонун қабул қилинди: у кимларга нисбатан ва қандай ишлайди?
Давлат идораларидаги непотизмга барҳам беришга қаратилган қонун давлат фуқаролик хизматининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимлардан ташқари барчага бирдек – давлат органларидан тортиб ҳарбийларгача амал қилади. Антикоррупция агентлиги ва Адлия вазирлиги раҳбарияти қонуннинг энг муҳим жиҳатларига тўхталди.
Ўзбекистонда давлат идораларидаги қариндош-уруғчиликка қарши қаратилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ниҳоят қабул қилинди.
Ҳужжат давлат органлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ компанияларга нисбатан татбиқ этилади.
Қонун билан нималар назарда тутилаётгани ва унинг мазмуни борасида 7 июн куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ва Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов журналистлар учун матбуот анжуманини ўтказди.
Kun.uz анжумандаги энг муҳим саволларга берилган жавобларни бир видеога жамлади.
Анжуман аввалида коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов бу қонунни қабул қилиш зарурати ҳақида гапирди.
“Қонун ҳужжатларида шу пайтгача манфаатлар тўқнашуви ҳақида тушунтириш берилган бўлса-да, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш механизмлари йўқ эди.
Иккинчидан, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли давлат органи мавжуд эмасди.
Учинчидан, давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, уларнинг олдини олишни тартибга солишнинг самарали ҳуқуқий механизми мавжуд эмас эди.
Тўртинчидан, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ҳуқуқий асослар етарли эмас эди.
Бешинчидан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда манфаатлар тўқнашуви нима экани ва бунга йўл қўйган давлат хизматчилари тегишли равишда жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, шу кунгача кодексларимизда жавобгарликка тортишга асос бўлувчи ҳуқуқий механизм йўқ эди ва бизда уларни жавобгарликка тортиш имконияти мавжуд эмасди. Бу жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди.
Қонунчиликда бундай бўшлиқларнинг мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига оид коррупцион ҳаракатларни содир этишга имкон яратиб бераётганди”, - деди Акмал Бурхонов.
У келтирган айрим статистик маълумотларга кўра, ўтган 2023 йил давомида давлат харидлари бўйича 4500 та 573 млрд сўмлик шартномалар манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда тузилгани аниқланган. 141 млрд сўмлик 220 та шартнома ҳақиқатда манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги шароитида тузилгани, 9 та шартнома эса 3 млрд сўмга қиммат нархларда имзолангани аниқланган.
“Ўтган даврда 1500 га яқин ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик субъектларида иштирок этаётганини аниқлаганмиз, ҳаттоки вазирлик ва идораларнинг ҳам юқори лавозимларида ишловчи шахсларида бундай ҳолатлар аниқланган. Ишонч билан айтаманки, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши ва бу қонунни бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши давлат хизматида непотизм, қариндош-уруғчиликнинг олди олинишига, шу орқали коррупцияни бартараф этишга имкон яратади. Бу давлат хизматининг жозибадорлиги ошишига ёрдам беради”, - деди агентлик директори.
Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов эса “Манфаатлар тўқнашуви” атамасини изоҳларкан, бу билан мансабдор шахснинг хизмат мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига тўсқинлик қиладиган вазиятлар тушунилишини таъкидлади.
“Шахсий манфаат деганда шахснинг ўзи ёки яқин қариндошига – оиласи, ота-онаси, эр-хотинларнинг ота-онаси ва опа-сингиллари билан боғлиқ ҳолатларда, шунингдек, уларга алоқадор бўлган тижорат ташкилотларига тааллуқли масалаларда бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиш жараёнида нафни кўзлаш тушунилади.
Ушбу қонун кимларга татбиқ этилади? Бу давлат органлари, маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, давлат муассасалари, давлат унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилади. 69 та давлат органларига, 220 та давлат маҳаллий органлари ва 26400 та давлат муассасалари, 503 та давлат унитар корхоналари, 23 та давлат жамғармаларига, 153 та давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади”, - деди Алишер Каримов.
Вазир ўринбосарига кўра, шу пайтгача манфаатлар тўқнашуви юзага келганда жавобгарлик чоралари аниқ белгиланмаган эди, мазкур қонун билан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга алоҳида модда, 193 прим 4-моддаси билан жавобгарлик киритиляпти.
“Манфаатлар тўқнашуви аниқланганда маъмурий жавобгарлик қўлланади. Шахснинг ўзи томонидан хабар бермаслик ҳолати кузатилганда БҲМнинг 3-5 баробари миқдорида (1,7 млн сўмгача), такроран содир этилганда эса жарима 2 баробар оширилиши назарда тутилган. Бундан ташқари, шунақа ҳолатлар тўғрисида хабар берилганда, мансабдор шахс томонидан тегишли таъсир чоралари кўрилмаса, БҲМнинг 5 баробаридан 10 баробаригача (5 млн 100 минг сўмгача) маъмурий жарима белгиланяпти”, - деди адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида масъуллар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
– “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қайси даражагача ишлайди? Яъни сизлар вазирлик ва идораларни санадингиз, улардан юқори ташкилотлар бор, масалан, Қонунчилик палатаси, Сенат, Вазирлар Маҳкамаси, суд тизими. Қонун бу ташкилотларга ҳам ишлайдими? Ўзи унинг ишлашига қанчалик ишонасиз?
– Қонун ҳукумат аъзоларига ҳам, парламент аъзоларига ҳам, президент администрациясига ҳам татбиқ этилади. Ижтимоий тармоқларда чиқди, ҳарбийларга татбиқ этилмайди деб, ҳаммага татбиқ этилади. Биз бунинг рўйхатини шакллантирамиз, бу “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонундан фарқ қилади. У кўпчиликка татбиқ этилмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, депутатларга татбиқ этилмайди. Бу қонунда давлат органлари ва ташкилотлари дейиляпти. Ҳаммага, 28 мингта идорага татбиқ этилади. Максимал даражада рўйхатга барча киритилади.
Очиғини айтиш керак, бугунги кунда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тўлиқ ишламаяпти. Ишламаётган қонунлар бор. Лекин сабаби техник омиллар билан боғлиқ, қонуности ҳужжатлар қабул қилинмагани билан. Атайин эмас. Лекин мен хурсандманки, қонун 6 ойдан кейин ишга тушишидан мақсад у кучга кириши билан ишлашидир. Ҳеч кимда савол қолмаслиги керак. [Мансабдорларнинг] бўйсунувида ишлайдиганларни ротация қилишга мажбурлаймиз қонун кучга киргунча.
Нимага бу қонун ишлаб чиқиши кечикди? Биз уни пунктма-пункт ёзиб чиқдик, мақсадимиз кучга кириши билан савол қолмаслиги керак. Бугунги кунда савол жуда кўп. Сиз айтган мисол ҳам шундай саволлардан бири. Агар манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган бўлса, имзоланганидан кейин ҳам бизга ваколат бериляптики, суд орқали бекор қилиш. Муҳим тарафи энди давлат тўлаб бермайди, ким харидни амалга оширган бўлса, ўша мансабдор шахс пулини тўлаб беради. Давлат ютқазмайди.
– Юқори лавозимда ишлайдиган амалдорнинг фарзанди чет эл фуқароси, лекин Ўзбекистонда ҳам бизнеслари бор. Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳақида гапирадиган бўлсак, маданий мерос объектлари рўйхатида турган бино унинг номига ўтди, бино бузилиб меҳмонхона қуриляпти, бу масала қандай ҳал қилинади?
– Қонунда фуқаролик билан боғлиқ чеклов белгиланмаган. Яқин қариндош тушунчасига кирса, бу, албатта, шахсий манфаат ёки манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатга тушади. Агар шу ҳолатда манфаатлар тўқнашуви бўлса, қарор қабул қилишда шу шахснинг иштироки, ваколати бўлса, битимдан кейинги процедуралар бор. Яъни суд томонидан битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва давлат даромадига ўтказиш каби. Шунинг учун шу нарсани эътиборга олишни сўраймиз. Агар аукцион орқали сотилган бўлса, ер участкалари очиқ аукцион орқали сотилиши белгиланган, бу ҳолат шаффоф механизм сифатида киритилган. Унда шахс иштироки кўзда тутилмайди.
– Қайта қонунбузарлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган. Нима учун қайта қонунбузилиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмаяпти?
– Маъмурий жавобгарлик нимага белгиланяпти, асосан вақтида хабар бермаганлик, қонунда кўрсатилган нормаларга қонунчиликка риоя қилмаганлик учун. Бошқа ҳолатлар бор, оғирроқ ҳолатда жиноятга тортадиган. Бу ўша мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш. Бу, асосан, қонунга риоя қилмаган, вақтида хабар бермаганларга қўлланади. Айрим ҳолларда мансаб ваколатига совуққонлик билан қараш Жиноят кодексига квалификация қилиниши мумкин. Яъни неча марта содир этилиши эмас, агар раҳбар шунга йўл қўяётган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.
– 6 ойдан кейин қонун кучга киради, унгача манфаатлар тўқнашувига оид ҳолатлар аниқланишини айтиб ўтдингиз. Аниқланган ҳолатлар бўйича таъсир чоралари қонун кучга киргач қўлланадими?
– Биз 6 ой давомида, декабргача тўлиқ ўрганамиз, агар ҳолатлар аниқланса, “шу шахс сенинг бўйсунувингда ишлаётган экан, уни ишдан бўшатиш ёки ротация чоралари кўрилсин” деб талабнома киритамиз. Қонун кучга кирганидан кейин эса жавобгарликка тортилади. Яъни унгача биз шуларни бартараф этиш чораларини кўрамиз ва ҳаммасини эълон қилиб борамиз. Олдини олиш бўйича кўрсатма берамиз.
– Ўтган йили декабрда Янги Тошкент шаҳри қурилиши дирекцияси раҳбари 350 млрд сўмлик буюртмани қариндошига тегишли компанияга берган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар эълон қилинган эди. Агентлик бу ҳолат бўйича ўрганишлар олиб бордими?
– Бу ерда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун бўйича бекор қилиш асоси бор. Амалдаги қонунчилик бўйича эса қонунбузилиш аниқланмаган, қонунчиликда ҳуқуқий асоси бор: президент қарори ёки ҳукумат қарори билан тўғридан тўғри давлат буюртмаси берилиши мумкин. Бу тўғридан тўғри вазир ўринбосарига берилмаган, бунга амалдаги қонунда чеклов йўқ. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун билан эса бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Агар йўл қўйилса, битимни бекор қилиш бўйича судга даъво аризаси киритилади.
– Жаҳон тажрибасини кўрадиган бўлсак, Хитой ва араб давлатларида қатъий ва оғир жазолар белгиланган, лекин коррупция даражасига кўра уларнинг халқаро рейтинги юқори эмас. Лекин Европа давлатларига қарасак, уларда жазолар оғир эмас, лекин коррупцияга йўл қўйганларнинг исм-фамилиясини очиқлаш юқори натижа берган. Белгиланган жарималар енгил эмасми?
– Саволга ўзингиз жавоб бердингиз. Айрим давлатларда жазо чоралари оғир, лекин самарадорлик юқори эмас. Биз ўзимиз ҳам хорижий давлатларда бунинг гувоҳи бўлганмиз. Европа давлатларига борганда, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганда қандай чора бор десак, ҳеч қандай, қонунда бор-ку, мумкин эмас, бу ҳақда ўйлашмайди ҳам ҳатто, дейди. Уларда ҳуқуқий онг, маданият юқорими, ҳатто жазо чоралари ҳам зарур эмас. Лекин биз жазо чораларини киритишга мажбур бўлдик. Биз ҳуқуқий маданият юқори бўлишини хоҳлаймиз, майли фуқаролар ҳуқуқини яхши билмас, лекин давлат органига жазо қўллашнинг ўзи уят. Бу жазони қўллашга мажбур бўлдик. Охирги 3-4 йилда, мумкин эмас бу, буни қилма деганимиз билан фойдаси бўлмади, мажбур бўлдик чора қўллашга. Бу самара бермаса, кейин парламентга жазони кучайтириш бўйича таклиф киритишга мажбур бўламиз. Мен шахсан жавобгарлик чорасини кўпайтиришга қаршиман, лекин биз мажбур бўлдик.
Очиқлик тўғрисидаги қонунда ҳам аввалига жазо йўқ эди, лекин ҳеч ким мажбуриятларни бажармади. Охири жазо қўллашга мажбур бўлдик.
– Суд тизими орқали ҳар бир ҳолатга чора кўриш ишни мураккаблаштиришга олиб келмайдими? Ваколатли орган ўзи чора кўрса бўлмайдими?
– Ваколатли органга тўғридан тўғри жазолаш ваколатини бериш масаласини кўтардингиз. Бир тарафдан фикрингизда жон бор, ҳуқуқбузарликка тезкор чора кўриш. Лекин Конституцияда ҳам белгилаб қўйилган, ҳар бир шахс ўзининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Суд орқали жазо қўллаш ҳам ўзаро тийиб туриш учун зарур. Маъмурий кодексда ҳам органларга тўғридан тўғри ваколатлар берилган, лекин таҳлиллар бу баъзан коррупцион ҳолатларга олиб келганини кўрсатади.
– Қонунни ишлаб чиқишда умумтаълим мактабларидаги қариндош-уруғчилик ҳам назарда тутилганми?
– Бугунги кунда қонунчиликка кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан истисно бор, булар педагоглар, соғлиқни сақлаш ходимлари ва дипломатик вакиллар яқин қариндоши бўлса ҳам ишлаши мумкин. Чунки дипломатик соҳада кадрлар кам, педагогика ва соғликни сақлаш соҳасидаги раҳбарлар учун бу тушади, лекин уларнинг қўлида ишлаётган ўқитувчилар ва шифокорлар учун таъсир қилмайди. Халқаро амалиётда ҳам бу норма бор.
Лекин мактаб директори ўзининг фарзандини, яқин қариндошини ишга олиши манфаатлар тўқнашуви бўлади, у бошқа мактабда ишлаши керак. Бундай ҳолатда уни ротация қилиши керак бўлади.
Мадина Очилова, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
13:04 / 10.06.2024
Ҳокимлардан тортиб ҳарбийларгача: “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?
12:16 / 08.06.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати тузилади - президент қарори
10:29 / 07.06.2024
Манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлик учун жазо белгиланди
19:47 / 05.06.2024