Конгодаги энг машҳур транспорт – ёғоч скутерлар ёки ажабтовур юк ташиш қурилмаси (Фото)
Африка қитъасида жойлашган Конго демократик республикасида ғаройиб бир транспорт тури жуда оммалашган. Йирик шаҳарлар четида, кичик шаҳар ва қишлоқларда у одамларнинг оғирини енгил қилувчи асосий транспорт ҳисобланади. Чукуду деб номланган бу транспорт ёғочдан ясалади ва кўриниши скутерни эслатади. Бироқ скутердан фарқли равишда конголиклар ундан асосан оғир юкларни ташишда фойдаланишади.
Африкада иккита Конго давлати бор. Уларнинг бири Конго Республикаси, иккинчиси Конго демократик республикаси (Конго ДР) деб аталади. Ҳар икки давлат ўз номини Конго дарёси номидан олган.
Конго республикаси ҳудуди 342 минг километр квадрат бўлиб, у ерда қарийб 6 млн аҳоли бор. Конго ДР ҳудуди 2 млн 345 минг 409 километр квадрат (дунёда 11-ўринда) бўлиб, унинг 112 млн аҳолиси бор.
Конго республикасининг ҳудуди кичик бўлса ҳам ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми аҳоли жон бошига ҳисоблаганда қўшнисиникидан анча кўп.
Жумладан, ЯИМ ҳажми Конго республикасида аҳоли жон бошига 7 минг доллардан, КДРда эса 824 доллардан тўғри келади. Орадаги тафовут қарийб 10 баробарни ташкил этади.
Конго 1960 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган. Бу давлат 1971 йилдан 1997 йилгача Заир (ўзбек тилида Зоир деб ҳам қўлланган) деб аталган. 1997 йилда мамлакат Конго демократик республикаси деб аталган.
КДРда уран, олтин, кумуш, мис, қора метал, олмос, кўмир ва яна бошқа фойдали қазилмаларнинг йирик конлари бор. Жумладан, дунёда аниқланган уран захирасининг ярми, кобалтнинг асосий қисми шу ерда жойлашган.
Мамлакатда фойдали қазилмалар кўп бўлишига қарамасдан аҳолининг катта қисми жуда қашшоқ шароитда яшайди. Бунга сабаб Конго ДРдаги жуда кўплаб конлар бир вақтлар хорижлик сармоядорларга сувтекинга бериб юборилган.
Бундан ташқари, Конго ДРда қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантиришга асосан ҳайвонларнинг қонини сўрувчи Цеце пашшаси йўл қўймайди. Конго ДРда бу ҳашарот жуда кенг тарқалган.
Бугун қашшоқликда яшаётган конголикларнинг бир қисми транспорт воситаси сифатида ёғочдан ясалган скутерлардан фойдаланади.
Чукуду деб номланган бу транспорт воситаси арзон бўлиш билан бирга инсон ёрдамида ҳеч қандай харажатсиз ҳаракатланади. Шу сабабли ҳам сўнгги 30 йилда Чукудилар Конго ДРда жуда оммалашди.
Чукуду тарихи
Икки оёқли ёғоч самокат тарихи ўтган асрнинг 70-йилларига бориб тақалади. Ўша пайтларда Конгони ҳарбий диктатор Мобуту Сесе Секо бошқарар, аҳолининг асосий қисми жуда оғир шароитларда яшарди.
Маълумотларга кўра Чукудуни илк бор ихтиро қилган шахснинг исм-шарифи Педро Сарракайо бўлиб, унинг келиб чиқиши португалиялик бўлган. Педро аввалига қўшни Анголада яшаган, кейин Конгога кўчиб ўтган.
Педро Конгода мамлакат аҳолиси оғир аҳволда яшаётганини, оғир юкларни ҳам елкасида кўтариб ташишини кўриб ёғочдан скутер ясашга аҳд қилади.
У ўзи яшаб турган ҳовли четида ётган ёғоч бўлакларидан биринчи Чукудуни тайёрлайди. Маҳаллий аҳолига у ясаган транспорт воситаси ёқади ва у одамлар орасида оммалаша бошлайди.
Одамлар ўзлари ясаган скутерларга турли ўзгаришлар киритишади, уни мукаммаллаштиришга уринишади. Шу сабабли ҳам аксарият Чукудулар бир-бирига ўхшамайди ва уларнинг ҳар бири ўзига хос янгилик билан ажралиб туради.
Кейинчалик Чукуду тайёрлаб сотадиган усталар пайдо бўлади ва ёғоч скутерлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалашади.
Чукуду узоқ йиллар хизмат қилиши учун улар асосан мамба ёки эвкалипт дарахтларининг жуда қаттиқ ёғочидан тайёрланади. Илк ясалган Чукудуларнинг барча элементлари фақат ёғочдан ясалган. Чунки иқтисодий қолоқ мамлакатда металлдан ясалган эҳтиёт қисмларни топиб бўлмасди.
Кейинчалик Чукудулар оммалашгач уларни ясовчи усталар энди кўплаб элементларни янада чидамли металл материаллар билан алмаштира бошлашган.
Қолаверса, Чукудиларга қандай материал ишлатилиши мижознинг ҳамёнига ҳам боғлиқ бўлган. Яхшироқ нарх тўланса улар мижоз хоҳлаганидай қилиб ясаб берилган.
Масалан, дастлабки скутерларнинг бошқарув рули ёғочдан ясалган ва Т шаклида бўлган. Ғилдираклар ҳам ёғочдан ясалгани учун скутерлар тош йўлларда юрганда уни бошқараётган одам қийналарди.
Кейинчалик эски машина ғилдиракларини кесиб ёғоч оёқларга қоқадиган бўлишди ва Чукудуни ҳаракатлантириш бироз осонлашади. Шунингдек, унинг олд ғилдираги ўрнатилган жойи эски мотоцикллардан ечиб олинган эҳтиёт қисм ўрнатилади. Бу олд ғилдиракда тушадиган юкни юмшатиб, скутернинг юришини янада осонлаштиради.
100-150 долларлик беминнат транспорт
2000-йиллар бошларида ёғоч скутерларни ясаш учун 50-60 доллар сарфланарди ва улар 100 доллар атрофида сотиларди. 2020-йилларга келиб ҳам нархлар бироз ошди ва Чукудулар ўлчамига қараб 100 доллардан 150 долларгача сотилмоқда.
Бугун конголик 150 долларга ёғоч скутер сотиб олса, одамларнинг юкини ташиб бериб кунига 5-10 доллар ишлаши мумкин. Бироқ бу учун у эрта тонгдан то кечгача тиним билмай ишлаши керак.
Ўртача катталикдаги Чукудуни ясаш учун уч кун вақт сарфланади ва улар эгасига 2-3 йил беминнат хизмат қилади. Чукудуларнинг кичикроқлари 400 килограмм, катталари эса 800 килограммгача юк кўтариши мумкин.
Конго ДРда узунлиги 2 метр бўлган Чукудулар энг оммабоп ҳисобланади. Уларга 500 килограммгача юк ортиб юриш мумкин.
Чукудулар оммалашгач унинг усталар ясаб берадиган эҳтиёт қисмлари савдо дўконларида сотила бошланди. Агар ёғоч скутер дўкондан сотиб олинган эҳтиёт қисмларни йиғиб ясалса уни тайёрлаш учун бир неча соат кифоя бўлади.
Чукудуларни турли хил юкларни ташишга осонгина мослаштириш мумкин. Одамлар унга барча нарсани орта олишади. Шунингдек, Чукуду такси вазифасини ҳам бажаради ва ундан одам ташишда фойдаланишади. Чукудуни бошқарувчи шахс унга 2-3 кишини миндириб ҳам ҳаракатлана олади.
Одатда Чукудуни бошқараётган одам унинг устига чиқиб, бир оёғини тиззалаб ёки ортиб олган юкининг устига қўяди. Иккинчи оёғи билан Чукудунинг орқадаги ғилдирагини куч билан айлантириб кетаверади.
Агар йўл қиялик бўлса Чукуду бошқараётган одам унинг устига чиқиб олади. Шунда Чукудунинг ўзи ҳаракатланиб кетаверади.
Чукудудан энг кўп Конгонинг шарқий қисмида жойлашган энг камбағал ҳудудлари Шимолий Киву ва Гом провинцияларида фойдаланишади. Бу провинциялар кўчаларида асосан Чукудулар ҳаракатланади. Бу ерда ҳеч бир транспорт юк ортиб юриш бўйича Чукудулар билан беллаша олмайди.
Бугун Конгода Чукуду ишлаб чиқарадиган кўплаб устахоналар мавжуд. Ёғоч скутерларини ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ қўл меҳнати билан амалга оширилади.
Ўртача катталикдаги Чукудуни тайёрлаш учун кўпи билан уч кун давом этади. Бу унинг дизайни қанчалик мураккаблигига боғлиқ. Скутернинг минимал нархи 150 доллардан бошланади.
Ҳунарманд бу пулнинг 70 фоизини ёғоч ва бошқа ускуналар сотиб олишга сарфлайди. 30 фоиз пул унга фойдага қолади. Уста Чукудуга уч йил ёки 150 минг километр масофани босиб ўтиши учун кафолат беради.
Чукудулар пойгаси ва унга ўрнатилган ёдгорлик
Анча йиллардан буён Конгонинг турли ҳудудларида Чукудулар ўртасида ҳам пойга мусобақалари мунтазам равишда ўтказиб келинади. Пойга учун текислик, тепалик ва қияликлари бор жой танланади.
Бошқа транспорт воситаларининг пойгалари каби, бунда ҳам маррага ким биринчи бўлиб етиб келса ўша ғолиб ҳисобланади. Ғолибга пул мукофоти ёки бошқа совғалар берилади.
Илк Чукуду пойгаси 2006 йилда БМТнинг Конгодаги ваколатхонаси томонидан уюштирилган. Кейинчалик бу спорт тури жуда оммалашади ва тез-тез пойгалар ташкиллаштирилади.
Пойгалар орасида энг машҳури Thsukudu Гран-При мусобақаси ҳисобланади. У 2013 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинади.
Чукудуларни машҳур қилган яна бир нарса, бу транспорт воситасига ёдгорлик ўрнатилгани бўлган. 2009 йилда Конго демократик респуликаси президенти Жозеф Кабила Чукудулар энг оммалашган Гома провинциясига Чукуду етаклаб кетаётган одам кўринишидаги ёдгорлик ўрнаттиради.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
10:50 / 31.10.2024
Тошкентда Tracker ва скутер иштирокида ЙТҲ содир бўлди
20:58 / 28.10.2024
Самокат бошқаришда содир этилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади
11:22 / 13.10.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда скутер ҳайдовчиси ҳалок бўлди
23:21 / 05.10.2024