Ўзбекистон болалар тўйиб овқатланмайдиган давлатлар рўйхатига киритилди
Болаларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги овқатланиш рациони кўрсаткичи билан аниқланади. У ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган.
ЮНИСЕФ ташкилоти ёш болаларнинг етарли миқдорда овқатланмаслиги билан боғлиқ масалалар таҳлилига бағишланган ҳисоботини (.pdf) эълон қилди. Бундай муаммога эга мамлакатлар 63 та бўлиб, уларнинг қаторида Ўзбекистон ҳам бор.
Болаларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги овқатланиш рациони кўрсаткичи билан аниқланади. У ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан ишлаб чиқилган. Соғлом ўсиш ва ривожланиш учун болалар 8 та гуруҳга кирувчи маҳсулотларнинг камида 5 тасини истеъмол қилиши лозим:
1. Кўкрак сути;
2. Дон маҳсулотлари, илдиз мевалилар, резаворлар, тропик мевалар;
3. Дуккаклилар, ёнғоқ ва уруғлар;
4. Сут маҳсулотлари;
5. Гўшт маҳсулотлари (жумладан, парранда ва балиқ);
6. Тухум;
7. А витаминига бой мева ва сабзавотлар;
8. Бошқа мева ва сабзавотлар.
Агар болалар:
- 2 та гуруҳга кирувчи маҳсулотларни истеъмол қилса, улар овқатланиш билан боғлиқ ўта қашшоқ аҳволда яшайди;
- 3-4 та гуруҳга кирувчи маҳсулотларни истеъмол қилса, улар овқатланиш билан боғлиқ мўътадил аҳволда яшайди;
- 5 ва ундан ортиқ гуруҳга кирувчи маҳсулотларни истеъмол қилса, улар овқатланиш билан боғлиқ қашшоқ аҳволга тушмаган ҳисобланади.
ЮНИСЕФ рўйхатига 63 та давлат киритилган бўлиб, Сомали, Гвинея, Афғонистон, Эфиопия, Ҳиндистон, Покистон, Сенегал, Тожикистон каби мамлакатлар юқори ўринларда қайд этилган.
Ўзбекистон болаларнинг тўйиб овқатланмаслик даражаси ўртача бўлган мамлакатлар қаторига киради. Бу гуруҳда Арманистон, Қирғизистон, Миср ва Хитой каби мамлакатлар бор.
Тўйиб овқатланмаслик даражаси паст бўлган мамлакатлар қаторига Беларус, Сербия, Коста-Рика, Перу, Туркманистон ва бошқалар киритилган.
Тадқиқотчиларнинг қайд қилишича, болаларнинг овқатланиш билан боғлиқ қашшоқ аҳволга тушиб қолишининг 3 та асосий сабаби бор: ноқулай озиқ-овқат муҳити, нотўғри овқатланиш амалиёти ва оила даромадининг пастлиги.
Мавзуга оид
14:33 / 07.11.2024
ЮНИСЕФ: Ғазода икки кун ичида 50 дан ортиқ бола ҳалок бўлди
18:09 / 24.10.2024
ССВ болаларни нафас аъзолари касалликларидан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берди
13:50 / 09.10.2024
Камбағалликни қисқартириш вазирлигида "лойиҳа менежерлари" гуруҳи ташкил этилади
16:24 / 30.09.2024