Жаҳон | 21:00 / 10.06.2024
2951
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ғазо бўйича янги резолюция лойиҳасини тақдим этди

Янги лойиҳада аввалгисига нисбатан иккита асосий ўзгариш мавжуд.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги (БМТ) АҚШ делегацияси Хавфсизлик кенгашига Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича қайта кўриб чиқилган резолюция лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда Interfax ёзди.

Ҳужжатда ҲАМАС гуруҳи 31 май куни АҚШ президенти Жо Байден тақдим этган схемани қабул қилишга чақирилади, шу билан бирга Исроил бунга аллақачон рози бўлгани таъкидланади. Ўзгартиришлар Исроил 6 июн куни тарқатилган резолюция лойиҳасининг олдинги версиясига қарши чиққанидан кейин киритилган.

31 май куни Байден Ғазо сектори учун уч босқичли ўт очишни тўхтатиш режасини таклиф қилди. Биринчиси, сулҳ тузиш, юзлаб фаластинлик асирлар эвазига гаровга олинган баъзи исроилликларни озод қилиш, гуманитар ёрдам етказиб бериш ҳажмини ошириш ва ҳарбий ҳаракатларни муддатсиз тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашни назарда тутади.

Иккинчи босқичда Исроил Ғазодан барча ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетиши, Фаластин гуруҳлари эса гаровга олинганларнинг барчасини озод қилиши керак.

Учинчи босқич халқаро ҳамжамият кўмагида Ғазо секторини қайта тиклаш режасини амалга оширишни бошлашни назарда тутади.

ҲАМАС бу таклифлардан тўлиқ қониқмаганини айтган эди.

Исроил матбуотига кўра, янги лойиҳада аввалгисига нисбатан иккита асосий ўзгариш мавжуд.

Биринчидан, лойиҳада очиқ-ойдин айтилишича, агар томонлар биринчи босқичдан кейин 6 ҳафта ичида келишувга эришмаса, музокаралар давом этаётган давр мобайнида ҳарбий ҳаракатлардан тийилиши шарт.

Яна бир ўзгариш буфер зонасига тегишли. Аввалги лойиҳада БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо секторида расмий ёки норасмий буфер зона яратишга бўлган ҳар қандай уринишларни, шунингдек, ҳудуд ёки ундаги демографик вазиятни ўзгартиришга уринишларни рад этиши аниқ айтилган эди. Янги лойиҳада Ғазо секторидаги демографик вазиятни ўзгартириш ёки унинг ҳудудини қисқартириш бўйича ҳар қандай уринишларга йўл қўйилмаслиги таъкидланади.

Мавзуга оид