Жаҳон | 22:08 / 10.06.2024
6891
2 дақиқада ўқилади

Швейцария тинчлик саммити иштирокчилари сонини эълон қилди

АҚШ ва Аргентина президентлари ҳамда БМТ бош котиби саммитда қатнашмайди, Россия ва Хитой вакиллари умуман иштирок этмайди.

Фото: AP

Деярли 90 га яқин давлат ва ташкилотлар дам олиш кунлари Швейцарияда бўлиб ўтадиган Украина бўйича тинчлик саммитида иштирок этишини тасдиқлади. Россия ва Хитой умуман қатнашмайди. Бу ҳақда AP хабар берди.

Саммит Украина президенти Володимир Зеленский таклифларига бағишланади. Россия эса бу таклифларни қабул қилмоқчи эмас, шу туфайли қатнашмаслигини маълум қилган.

Швейцария президенти Виола Амҳерд саммитнинг мақсади Украинада тинчлик ўрнатиш йўлини белгилаш эканини айтди.

«Бу ташвиқот ҳақида эмас. Бу Швейцария томонидан кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамининг асоси ҳақида. Бу ёрдам тинчликни тарғиб қилиш ва мулоқотни бошлаш учун платформа яратишга асосланган», деди Амҳерд.

Унинг сўзларига кўра, саммитда қатнашаётган давлатларнинг аксарияти раҳбарлари келса, қолганлари ҳукумат раҳбарларини жўнатади. Хусусан, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Олаф Шолц иштирок этиши кутилмоқда.

Тинчлик саммитида нафақат Россия, балки Хитой вакили ҳам иштирок этмайди. АҚШ томонидан фақат вице-президент қатнашади.

Шунингдек, саммитда БМТ бош котиби Антонио Гутерриш ҳам иштирок этмайди.

Мавзуга оид