Ўзбекистон | 17:54 / 10.06.2024
4960
3 дақиқада ўқилади

“Зарарли чигирткаларга қарши курашиш учун моддий-техник база яратилган” – агентлик

Ўзбекистонда зарарли чигирткага қарши курашиш апрел ойидан бошланган. 2024 йил давомида республикада зарарли чигирткаларга қарши 574,8 минг гектар майдонда кураш тадбирлари олиб борилиши прогноз қилинган.

Фото: Видеодан кадр

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати раҳбари Сабина Садинованинг маълум қилишича, агентлик таркибидаги Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматининг вилоятлардаги отрядлари чигирткаларга қарши кураш ишларини олиб боряпти. Зарарли чигирткага қарши кураш мавсумини беталафот ўтказиш учун моддий-техник база, ёқилғи, кимёвий воситалар захираси жамғарилган.

Жумладан, 144 та ОВХ ва ВП-1 трактор пуркагичи, 309 та моторли осма қўл пуркагичи, 28 та юқори унумли пуркагичли автомашиналар – жами 500 дан ортиқ техника жалб этилган”, – деди Садинова.

Маълум қилинишича, 2024 йилда республикада зарарли чигирткаларга қарши 574,8 минг гектар майдонда кураш тадбирлари олиб борилиши прогноз қилинган. Ҳозиргача республика бўйича 375,4 мингдан ортиқ гектар майдонда кимёвий ишлов ўтказилган. Шунингдек, зарарли чигирткалар тарқалиши хавфи юқори бўлган Туркманистон билан трансчегаравий ҳудудлар Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳам назорат кучайтирилган. Мониторинг жараёнида Бухоро вилоятининг Ромитан, Қоракўл, Олот, Жондор туманларида чигиртка тарқалгани аниқланиб, кимёвий ишлов олиб борилган. Ҳозиргача Бухоро вилоятида 12321 гектар, Хоразм вилоятида чигиртка ўчоқларининг олдини олиш мақсадида 3272 гектарда кимёвий ишлов ўтказилган.

Шунингдек, муносабатда Ўзбекистон ҳудудидаги саксовулзорларда, хусусан, Қизилқумда энг хавфли бўлган катта ва кичик саксовул букур чигирткасига қарши кураш апрел ойининг учинчи декадасидан бошлангани маълум қилинган.

Бир неча кун аввал Қозоғистон Республикаси ҳудудида мисли кўрилмаган даражада зарарли чигиртка тарқалгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Қозоғистон Республикасида зарарли чигирткага қарши кураш хизматлари мавжуд эмаслиги вазиятни мураккаблаштиради. Қўшни мамлакатда қарши кураш тадбирлари тендер танловларида ғолиб бўлган хусусий ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Бунинг натижасида энг қимматли ресурс вақт бой берилиб, чигирткаларнинг чегарадош ҳудудлардан учиб ўтишига олиб келмоқда”, – дейилади муносабатда.

Маълумот учун, чигирткалар ҳаво ҳарорати кўтарилгани сари ўртача 5-6 кунда 1 ёшни ўтайди, яъни энг хавфли ҳисобланган фазага – қанот чиқариш даврига етиб келади. Бунда ҳашаротлар кунига 50-60 километргача масофани босиб ўтиши мумкин. Чигирткалар хавфини бартараф этиш мақсадида БМТнинг ФАО дастури доирасида қўшни давлатларда тизимли иш ташкил қилиш таклифи илгари сурилган.

Агентлик зарарли чигирткага қарши кураш тадбирларини олиб бориш бепуллигини эслатиб, аҳолидан 1288 ва 71 202 28 88 рақамларига мурожаат қилишни сўраган.

Мавзуга оид