Жаҳон | 13:34 / 11.06.2024
2948
4 дақиқада ўқилади

Украинада Rheinmetall ва «Укроборонопром»нинг биринчи цехи очилди

Rheinmetall билан қўшма таъмирлаш цехи туфайли немис ускуналарини олдинги чизиққа тезроқ қайтариш мумкин, деди Украина стратегик саноат вазири Александр Камишин.

Фото: Telegram / zalizni_zminy

Украинада «Украинская оборонная промышленность» давлат компанияси (собиқ «Укроборонпром») ва Германиянинг Rheinmetall концернининг зирҳли транспорт воситаларини таъмирлаш ва ишлаб чиқариш бўйича биринчи қўшма цехи очилди. Бу ҳақда 10 июн, душанба куни кечқурун Украина стратегик саноат вазири Александр Камишин маълум қилди

«Ҳозирда бу хориж техникасини тезда таъмирлаш ва шунга мос равишда уни тезроқ фронтга қайтариш имконини беради, келажакда бу ерда зирҳли техниканинг янги моделлари ишлаб чиқарилади», — дейилади унинг Telegram’даги постида. Камишиннинг сўзларига кўра, «украиналик мутахассислар цехда Германиядан келган ҳамкасблар техник назорати остида ишлайди», «солиқлар Украинада тўланади». 

Ўз навбатида, Украина мудофаа вазири ўринбосари Дмитрий Клименков «Украинская оборонная промышленность» ва Rheinmetall биринчи қўшма цехининг очилиши Украина мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. «Бу бизга немис техникасини тўғридан тўғри Украина ҳудудида тезкор таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни таъминлаш имконини беради, бу эса Қуролли кучларимиз самарадорлигини сезиларли даражада оширади», — дея унинг сўзларини келтиради «РБК-Украина» интернет-нашри. 

«Укроборонпром» ва Rheinmetall ўртасидаги ҳамкорлик 

2023 йил июл ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Rheinmetall компаниясининг Украинада ишлаб чиқаришни очиш режаларини шарҳлар экан, қуйидагича фикр билдирди: «Агар бундай завод қурилса, Россия Федерацияси Қуролли кучлари учун Украина мудофаа комплексининг бошқа объектлари қаторидаги қонуний нишон бўлади».

Ушбу танқидларга қарамай, 2023 йил октябр ойида Rheinmetall Киевда Украинанинг «Украинская оборонная промышленность» давлат компанияси билан қўшма корхона - Rheinmetall Ukrainian Defense Industry МЧЖга асос солди.

2024 йил февралидаги ҳолат бўйича, Rheinmetall матбуот хизматига кўра, Украинадаги корхоналар қўшма майдончасида жанговар машиналарга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган. «Иккинчи босқичда Украинада Fuchs зирҳли транспорт воситалари, Lynx пиёда жанговар машиналари ва Panther жанговар танклари ишлаб чиқарилади. Мақсад – мамлакатнинг бир вақтлар кучли бўлган мудофаа саноатини тиклаш ва барқарорлигини таъминлашда Украина самарали ҳамкорига айланиш», - дейилади матбуот учун хабарномада. 

2024 йил феврал ойида Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида «Украинская оборонная промышленность» ОАЖ ва Rheinmetall ўзаро англашув меморандумини имзолади. Март ойининг ўрталарида Германия концерни раҳбари Армин Паппергер Украинада снарядлар ишлаб чиқарадиган завод қурилишини бошлашга тайёргарлик кўрилаётганини эълон қилди. 

Rheinmetall ҳар йили Украинада олти хонали миқдордаги 155 мм НАТО калибрига мос келувчи артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, Киев ҳозирча уларни фақат импорт қилиши мумкин. Биринчи снарядлар 2025 йилнинг ёзида Украинадаги конвейердан чиқиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид