Вовчанск учун жанглар давом этмоқда, Харкив ўққа тутилмоқда. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 838-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Азов денгизида украин дронлари буксир ва баржага ҳужум қилди.
- РФ қўшини Харкивга учта авиабомба ташлади. Саккиз киши яраланган.
- Полшада ҳарбий заводда портлаш рўй берди, бу ерда Украина учун зенит-ракета комплекслари ҳам ишлаб чиқарилган.
- Финландия россияликлар самолёти ўз ҳаво кенглигини бузиб кирганини гумон қилмоқда. Бу ҳолат мамлакат НАТОга аъзо бўлганидан буён илк бор кузатилган.
- Белгороддаги телеграм-каналда болаларнинг губернаторга мурожаати жойланди — улар ўз майдончалари атрофида бомбапанагоҳлар қуришни сўрашган.
- Украина оладиган F-16 қирувчиларининг бир қисми бошқа мамлакатлардаги авиабазаларга жойлаштирилади.
- Z ҳарфи акс этган болага дўқ урган екатеринбурглик аёл уч йилга қамалди.
- Шебекинода ўзини мудофаа қилиш кучларининг уч жангчиси ҳамда «Россия 24» телеканали ходими минада портлаб кетди.
- Москвада тризуб акс этган кулон учун талаба етти кун муддатга ҳибсга олинди. Уни Алексей Навалний дафн этилган Борисов қабристони ҳудудида қўлга олишган.
Харкив ўққа тутилиши
Харкив областида юриш қилишга уринаётган Россия қўшини област маркази бўйлаб зарбалар беришни давом эттирмоқда. Регион раҳбари Олег Синегубовнинг айтишича, 10 июн куни шаҳарнинг Киев ва Салтиков районларига КАБ-500 авиабомбалари ташланган.
Вовчанск атрофидаги украин ҳарбийлари ҳаёти
Харкивдан 50 километр масофада Вовчанск учун жанглар давом этмоқда, Россия қўшинининг шаҳарни бир ҳамлада эгаллаб олишга бўлган уриниши муваффақиятсизликка учради. Шаҳар қарийб тўлиқ вайрон бўлган, Британиядаги The Guardian газетаси Вовчанск ҳақидаги мақоласида уни «XXI асрнинг мини-Сталингради», «ўлим, қуроллар овози ва яқин жанглар жойи» деб атаган. Вазият оғир бўлишига қарамай, украиналик ҳарбийлар мудофаани ушлаб туришга муваффақ бўлмоқда. Россия қуролли кучлари бўлинмалари ҳамон шаҳарнинг шимолий ярмини эгаллашга ва шаҳар ўртасидан ўтувчи Волчя дарёсини кечиб ўтишни уддалай олмаган. Украина қўмондонлиги Вовчанск учун жангларда қатнашаётган ҳарбийларига дам бериш учун мунтазам равишда ротация амалга оширмоқда.
Часив Яр яқинида ёниб кетган машина
РФ қўшини Донецк областидаги Часив Яр шаҳрини ҳам эгаллашга ҳаракат қилмоқда, бу фронтнинг мазкур участкасидаги жанглар учун стратегик аҳамиятга эга аҳоли яшаш пунктидир. Украинадаги телеграм-каналлар 9 июн куни Россия қўмондонлиги бир неча кундан буён Канал микрорайонида куч тўплаётгани ҳақида ёзган — бу Часив Ярнинг шарқий чеккаси саналади. «Украинская правда»нинг Украина қуролли кучларидаги манбаси ҳам россиялик ҳарбийлар шаҳар шарқий чеккасида тургани ва артиллерия ҳамда дронлар кўмагида олдинга силжишга уринаётганини тасдиқлаган.
Мавзуга оид
20:14 / 24.11.2024
Россия армиясининг «Жануб» қўшинлар гуруҳи қўмондони лавозимидан четлатилди
19:21 / 24.11.2024
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
15:06 / 24.11.2024
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22 / 24.11.2024