Иқтисодиёт | 20:54 / 12.06.2024
4628
2 дақиқада ўқилади

Май ойида сезилган инфляция даражаси 14 фоизни ташкил этди

Марказий банк сўровномасида иштирок этган респондентларнинг катта қисми дорилар ҳамда бензин ва ёқилғи нархи қимматлашганини кўпроқ сезган. 

Марказий банк май ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилди

Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри (17,4 фоиз) ва Андижон вилоятида (16,2 фоиз), энг паст даражаси эса Қорақалпоғистонда (10,2 фоиз) ва Хоразм вилоятида (11 фоиз) сезилган. 

Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми дорилар ҳамда бензин ва ёқилғи нархи юқори даражада ўсганини таъкидлаган.

Даромадлари 5 млн сўм ва ундан юқори бўлган аҳоли сезган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори даражада шаклланган. Хусусан, 15 млн сўмдан кўп даромад эгалари сезган инфляция 19,9 фоизни ташкил қилган. Даромади 2 млн сўмгача бўлган респондентларга эса инфляция нисбатан камроқ сезилган – 12,4 фоиз.

Тошкент шаҳрида 21 фоиз ва ундан юқори инфляция сезаётганлар улуши 36 фоизга, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида эса 26 фоизга етган.

Аввалроқ, май ойида истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 10,6 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Ўтган ойда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 3,4 фоиз бўлган.

Мавзуга оид