Ўзбекистон | 21:28 / 12.06.2024
11879
3 дақиқада ўқилади

“Тошкент бош режаси яқин 1-2 ойда қабул қилинмайди” – Козим Тўлаганов

Қурилиш вазирлиги расмийcига кўра, ҳукуматга муҳокамага киритилган Тошкент шаҳрининг бош режаси бўйича жараёнлар охирлаб қолган. “Мен яқин даврларда, 1-2 ойда эълон қилинади деб айтолмайман, лекин қисқа муддат ичида Тошкент шаҳрининг “генплани” тасдиқланиб, ишга қўйилади”, – дейди Қурилишда назорат инспекцияси бошлиғи. 

Фото: Kun.uz

11 июн куни Қурилиш вазирлиги масъуллари билан ўтган матбуот анжуманида Тошкентнинг бош режаси қачон қабул қилинишига оид саволга жавоб берилди. 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Козим Тўлагановнинг айтишича, бош режа ҳануз Вазирлар Маҳкамасида муҳокамада турибди. 

“Охирги даврда қилинганда 1997 йилда ўзим бош бўлганман. 25 йилга тузилган [бош режа] бугунгача ишлаб турибди, ҳозир президентнинг топшириғига 2 йил бўлди, [ҳозирги бош режани тузишга] жуда кўп мутахассислар чақирилган, Тошкент шаҳрининг янги бош режаси деярли охирига етди. Баъзи йўналишларда бу бўйича охирги ишлар давом этмоқда. Мен яқин даврларда, 1-2 ойда эълон қилинади деб айтолмайман, лекин қисқа муддат ичида Тошкент шаҳрининг “генплан”и тасдиқланиб, ишга қўйилади. Яқин кунларда эълон қилинади. Қаерда нима бўлиши – деярли ҳамма нарса инобатга олинган”, – деди у. 

Шунингдек, Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси архитектори

Шавкат Дўстмуҳаммедов нима сабаб бош режанинг тасдиқланиши сурилаётганига изоҳ бераркан, унга янги тушунчалар киритилганини айтиб ўтди. 

“УМН, ҚМН, яъни булар умумий майдони ва қурилиш майдонига нисбатан қурилишларни [назарда тутади]. Тошкент шаҳрининг бутун концепцияси ишлаб чиқилган, бу албатта, янги Тошкентни ҳам ўзига қамраб олиб, уйғунлаштирилган мажмуа, шаҳар қилиб ишланган. 

Ҳақиқатан айтганингиздек, бу 2018 йилда тасдиқланиши керак эди. Бу нарса “ТошкентбошпланЛИТи” томонидан ишлаб чиқилган, шаҳар кенгаши томонидан кўриб чиқилган, тасдиқланган. Ҳужжатни тасдиқлаш учун яна юқори ташкилотга берилганди. Лекин у тасдиқланмади, шундан кейин уни бошқатдан ишлаб чиқиш бошланди. Бунда янги режа бутун бошли бошқа давлатларнинг стратегиялари бўйича, умуман бошқа қараш билан ишлаб чиқилди, янги тушунчалар киритилди. Замонга қараб ишлайдиган ҳужжат ишлаб чиқилди, ҳозирга келиб бу тасдиқлашда турибди”, – деди Дўстмуҳаммедов. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 17 августда қабул қилинган президентнинг тегишли фармони билан Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш учун халқаро танлов эълон қилиниши керак эди

“ТошкентбошпланЛИТи” бош лойиҳа институти директорининг ўринбосари Шерзод Зияев Kun.uz'га берган интервюсида шу вақтдан бери “генплан”ни ишлаб чиқиш масаласи “бўтқа”га айланганини айтганди. Шунингдек, у ҳужжат жамоатчиликка ҳам эълон қилиниши, шундан сўнг қабул қилинишини таъкидлаган.

Мавзуга оид