Жаҳон | 09:02 / 12.06.2024
2156
3 дақиқада ўқилади

Украина Россия активларидан 1,5 млрд евро даромад олади

Россия Федерациясининг музлатилган активларидан маблағлар июл ойидаёқ келиб тушади, деб хабар берди Еврокомиссия раҳбари фон дер Ляйен. У Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар олиб боришга чақирди ва: «Харкив, бу – Европа, Украина, бу – Европа», дея қўшимча қилди.

Фото: AP / Geert Vanden Wijngaert

Украина июл ойидаёқ ЕИда музлатилган Россия активларидан тахминан 1,5 миллиард евро даромад олиши мумкин, деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 11 июн, сешанба куни Берлинда бўлиб ўтаётган Украинани тиклаш бўйича конференцияда. 

Бу маблағларнинг катта қисми мудофаага, 10 фоизи эса -Украинани тиклашга йўналтирилади, дея аниқлик киритди Еврокомиссия раҳбари. «Биз Украинанинг омон қолиши ва тикланишига ёрдам бериш учун молиявий кучимизни фаоллаштирамиз», деб таъкидлади фон дер Ляйен. 

Унинг қўшимча қилишича, Украинага Европа ёрдам жамғармасидан қўшимча 1,9 миллиард евро шу ойда Киевга ўтказилади. Ушбу жамғарма грантлар ва кредитлар кўринишидаги 50 миллиард еврога мўлжалланган бўлиб, у Украина давлатининг қисқа муддатли эҳтиёжларини ҳам, 2024-2027 йилларда мамлакатни реконструкция ва модернизация қилиш бўйича ўрта муддатли вазифаларни ҳал этишни ҳам таъминлаши керак.

Бундан ташқари, Еврокомиссия раҳбарига кўра, Россия ҳужумидан жабр кўрган мамлакатга хусусий сармояларни жалб қилиш учун Европа Иттифоқи банклар билан тахминан 1,4 миллиард евролик шартномалар имзолайди. 

Фон дер Ляйен: «Харков, бу - Европа» 

Конференцияда сўзга чиққан фон дер Ляйен, шунингдек, Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни июн охирида бошлаш зарур, деб ҳисоблашини, чунки Киев бунинг учун барча зарур чораларни кўрганини айтди. 

«Харкив, бу - Европа. Украина, бу - Европа. Бизнинг иттифоқ эса - сизнинг уйингиз. Украинага шон-шарафлар бўлсин, яшасин Европа!» - дея Европа комиссияси раҳбари ўз нутқини якунлади.

Украинани қайта тиклаш бўйича учинчи конференция 

11-12 июн кунлари Берлинда бўлиб ўтаётган Украинани тиклаш бўйича икки кунлик конференцияда Володимир Зеленский, Германия канцлери Олаф Шолц, шунингдек, 60 та давлатдан яна икки мингга яқин иштирокчи – сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, бизнес, фуқаролик жамияти, муниципалитетлар ва ҳудудлар вакиллари қатнашмоқда. 

Украина билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияни ўтказиш орқали Германия ҳукумати Украинанинг тикланишига узоқ муддатли истиқболни тақдим этиш ва сармояларни рағбатлантириш ниятида. Бундан ташқари, гап Россия Федерацияси томонидан давом этаётган ҳужумлар туфайли фавқулодда ёрдам кўрсатиш масалалари ҳақида кетяпти.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг ҳарбий ҳужумидан Украинага етказилган зарар камида 486 миллиард долларни ташкил этади. Шунга ўхшаш конференциялар 2022 йилда Швейцариянинг Лугано шаҳрида ва 2023 йилда Лондонда бўлиб ўтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид