Жаҳон | 15:07 / 13.06.2024
16499
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россиянинг олдинга силжиши деярли барча йўналишларда тўхтаб қолди

Ҳолбуки Путин РФ қуролли кучлари украин армиясини «сиқиб чиқараётгани»ни айтганди.

Алексей Коновалов / ТАСС / Profimedia

Россия армияси 2023 йил октябрида бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда бошланган юришларини июн ойида ҳам давом эттирмоқда. РФ қуролли кучларининг асосий зарбаси берилган ва энг катта қўшин ҳаракатга келтирилган Авдийивка йўналишида саккиз ой мобайнида 15-20 километр масофа босиб ўтилди. Шу билан бирга, Авдийивканинг ўзи эгаллаб олинган феврал ойидан кейинги даврдаги илгарилаш 7-10 километрни ташкил этган. Май ойида РФ қуролли кучлари Харкив яқинида янги фронт очган, бир неча кун ичида украинлар назоратидаги ҳудуд бўйлаб етти-саккиз километр масофага кириб келинганди. Бошқа йўналишларда эса олдинга ҳаракатланиш янада секин ва камтарона бўлмоқда.

Владимир Путин 7 июн куни РФ қуролли кучларининг ҳужум методларини Украина қуролли кучларини Россия «назорат остига олиши керак бўлган» ҳудудлардан «сиқиб чиқариш» тактикаси деб атаганди. Бундай юриш суръатини тезлаштириш ҳам мумкин — аммо фақат Россия армиясининг Украина армиясига нисбатан сон жиҳатдан устунлигини сезиларли даражада ошириш ҳисобига. Бунинг учун эса сафарбарлик ҳамда йўқотишлар миқдори ортиши талаб этилади — бундай вариантлар эса Путинни қониқтирмайди.

Унинг режасига кўра, Россия айнан қайси ҳудудларни «назорат остига олиши» кераклиги аниқ эмас, аммо тахмин қилиш мумкинки, гап камида Донецк ва Запорижжя областларини тўлиқ эгаллаш ҳақида боради. Донецк областининг логистик ва саноат марказларигача (Краматорск, Словянск, Покровск, Курахово, Лиман) РФ қуролли кучлари 30 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиши керак бўлади. Регион чегарасигача — турли йўналишларда (агар энг шимолий нуқтаси ҳисобланмаса) 40-50 километр юриш керак. Бу шуни англатадики, юришнинг ҳозирги суръатларида (бу эса келгусида ҳам сақланиб қолиши кафолатланмаган) фақат Донецк областининг ўзини эгаллашга бир йилдан ортиқ вақт кетиши мумкин.

Шу билан бирга, Россия қўмондонлиги захираларни бошқа йўналишларга сочиб юборган. Хусусан, у Харкивдан шимолда тўхтаб қолган, аввалбошдан Ленинград ҳарбий округи қўшинларидан таркиб топган гуруҳини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Харкив ва Вовчанск

  • Россия қўшини ҳамон Вовчанскда ва унинг атрофидаги ҳудудларда Украина қуролли кучларини Волчя дарёси ортига чекинтира олмади. Украина қўмондонлиги ҳудудга захира кучларни олиб келди — жумладан, шу вақтгача Днипро дарёсининг чап соҳилида, Кринки плацдармида ўрнашиб олишга ҳаракат қилиб келган денгиз пиёдалари бригадаларидан камида биттасининг қисмлари ушбу ҳудудга ўтказилган. РФ қуролли кучлари, афтидан, худди шундай жавоб қайтарган: Вовчанск ҳудудига (агар тузилманинг телеграм-каналидаги видеога ишонилса) Купянск атрофидан 47-танк дивизияси ҳамда шу вақтгача Вуҳледар учун жангларда қатнашган Тинч океани флоти денгиз пиёдаларининг 155-бригадаси қисмлари етиб келган. Ҳозирча бу тузилмаларни тўлиғича Харкив фронтига ташлаш режалаштирилгани аниқ эмас. Эълон қилинган видео — ҳарбий ҳийла бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

  • Россиянинг Вовчанскдан 50 километр ғарброқда, Харкивнинг шимолий чеккаларига кириб келишга уринган бўлинмалари ҳам бир жойда депсиниб турибди. Украина қуролли кучлари шошилинч тарзда олиб келган захира кучлари бу гуруҳга ғарбий қанотдан — Глубокое қишлоғи ҳудудида қарши ҳужумлар уюштирмоқда. Шу туфайли жануброқдаги Липци қишлоғи томон юриш бутунлай тўхтаган.
  • Тахмин қилиш мумкинки, Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучларини шу йўналишга тортишни Харкив амалиётидаги асосий мақсад сифатида ҳисобламайди: энди унинг ўзи ҳам ушбу участкада юришни давом эттириш учун захира кучларни жалб этишга тайёр.

Купянск йўналиши

  • Афтидан, Харкив атрофида янги фронт очишдан мақсад бир йилдан ортиқ вақтдан буён Купянск шаҳрига ва Оскол дарёсининг Украина қуролли кучлари назорати остидаги кечув жойига етиб келишга ҳаракат қилаётган рус қўшинларига ёрдам бериш бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Харкив билан бир вақтда бошланган бу йўналишдаги янги юриш муваффақиятли кечмоқда: РФ қуролли кучлари қисмлари кенг фронтда бир неча қишлоқлар ва мустаҳкамланган позицияларни эгаллаган.
  • Сўнгги ҳафтада ҳам аста-секин илгарилаш давом этди: Ивановкани эгаллаган Россия қўшини Степовая Новоселовка қишлоғи йўналишида ҳужум қилган ва унинг чеккаларига етиб келган. РФ мудофаа вазирлиги Мясожаровка қишлоғи ҳам (эски номи — Артемовка) эгалланганини хабар қилган, аммо буни тасдиқловчи визуал тасвирлар пайдо бўлмаган.
  • Юришнинг бугунги суръатларида кенг фронт бўйлаб Оскол дарёси бўйларига етиб келиш  яқин ойлар ичида амалга ошириб бўладиган вазифа эмас. Шунингдек, Вовчанск томон ҳужум қилаётган қўшин Украина қуролли кучларининг Оскол бўйидаги гуруҳи ортида пайдо бўлишни уддалашига ҳам ишониш қийин.

Часив Яр ва Авдийивка

  • Мураккаб шаклдаги яна бир амбицияли юриш — бир вақтнинг ўзида Авдийивка ва Бахмут томондан Константиновка йўналишида ҳужум қилиш ҳам ҳал қилувчи муваффақиятдан жуда узоқда.

  • Бир неча ойдирки, РФ қуролли кучларининг десант ва мотоўқчи тузилмалари Часив Яр шаҳрининг Бахмутдан 10 километр масофадаги шарқий чеккаларига ҳужум қилмоқда. Олдинга юриш давом этмоқда: Россия қўшини Канал микрорайонининг катта қисмини эгаллаган ва бир неча жойда ушбу шаҳарнинг шарқий чеккасини марказдан ажратиб турувчи Северский Донец — Донбасс канали бўйларига етиб келган. Украина қуролли кучлари ниҳоят канал ортига суриб чиқарилса, РФ қуролли кучлари қаршисида навбатдаги вазифа пайдо бўлади — тепаликда ва сув тўсиғи (ўша каналнинг ўзи; айрим жойларда у ер остидан ўтади, аммо айнан шундай тор участкаларда Украина қуролли кучлари мудофааси бошқа жойлардагидан кўра мустаҳкамроқ бўлиши керак) ортида жойлашган кўп қаватли бинолар ҳудудига ҳужум қилиш.
  • Часив Ярдан 40 километр жануби-шарқда Россиянинг бошқа гуруҳи, бир ой олдин Авдийивкадан ғарбдаги Очеретино посёлкасини эгаллаб олган бўлинмалар юриш қилмоқда. Унинг шимолий йўналишдаги ҳаракати сўнгги ҳафтада секинлашди: Украина қуролли кучлари қўмондонлиги бу ерга ҳам захира кучларини ташлаган. Лекин Россия қўшини ғарбий йўналишда бир неча километр илгарилашга улгурган: афтидан, бу ерда украин кучлари жанглар билан дарё (бу дарё ҳам Волчя деб аталади) ва сув омбори ортига ўтишга тайёр, улар сув тўсиғи рақибнинг кейин ҳам олдинга юришини тўхтатишидан умид қилмоқда.

Вуҳледар ва Красноҳоривка

  • Донецк области жанубида — Вуҳледардан ер билан битта қилинган Марйинка шаҳри атрофидаги Красноҳоривка шаҳригача бўлган ҳудудда юриш қилаётган қўшинлар олдига ҳам худди шундай катта вазифа қўйилган: улар кенг фронт бўйлаб фронтдан 10-20 километр масофа ичкаридаги Вуҳледар — Курахово чизиғига етиб келиши керак.
  • РФ қуролли кучлари бўлинмалари Красноҳоривка марказида ҳужумни давом эттирмоқда, аммо уларнинг олдинга силжиши секинлашган. Шаҳарни тўлиқ эгаллаш учун улар шимолдаги кўп қаватли бинолар районини тўлиқ эгаллаши талаб этилади.
  • Вуҳледардан шарқдаги Новомихайловка посёлкасини эгаллаган РФ қуролли кучлари ғарб томон юриш қилишда давом этмоқда. Улар қўшни Парасковиевка қишлоғини эгаллаган ва Константиновка (Бахмутдан ғарбдаги Константиновка шаҳри билан адаштирмаслик керак) чеккасига етиб келган. Ушбу қишлоқ Россия қўшини томонидан эгалланиши Вуҳледар таъминот чизиғига таҳдид солади. Аммо улар тўлиқ муваффақиятга эришишига ҳали анча бор. Агар Новомихайловкани эгаллаган 155-денгиз пиёдалари бригадаси чиндан ҳам Харкив фронтига олиб кетилса, Вуҳледарга юриш тўхташи мумкин.

Мавзуга оид