Ўзбекистон | 14:31 / 13.06.2024
18539
2 дақиқада ўқилади

Корея президенти Ўзбекистонга ташриф буюрди

Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири кутиб олди.

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея президенти Юн Сок Ёл рафиқаси Ким Гон Хи билан биргаликда 13-15 июн кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади.

Бугун, 13 июн куни Корея президенти республикага ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Қисқа суҳбатдан сўнг, Корея президенти турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида ўзлари учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон–Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинади.

Шунингдек, минтақавий, шу жумладан “Марказий Осиё – Корея Республикаси” форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган.

Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид