Ўзбекистон | 17:45 / 13.06.2024
7888
3 дақиқада ўқилади

“Маълумотлар берилмаган” – Аксилкоррупция агентлиги “ГАСН”нинг коррупцияга қарши рейтингдаги қониқарсиз ўрни ҳақида

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси (халқ тилида “ГАСН”) 2023 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича самарадорлиги паст ташкилотлардан бири бўлган. Инспекция раҳбари Козим Тўлаганов Аксилкоррупция агентлигидан нима сабабдан унинг раҳбарлигидаги идорага салбий натижа ёзилгани ҳақидаги саволига жавоб олмаганини айтганди. Агентлик бунга жавоб қайтарди. 

Фото: РБК

12 июн куни Kun.uzʼда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023 йилнинг энг қониқарсиз ташкилотларидан бири бўлгани ҳамда инспекция раҳбариятининг бунга изоҳи эълон қилинганди

Инспекция бошлиғи Козим Тўлаганов Коррупцияга қарши курашиш агентлигдан унинг раҳбарлигидаги идорага нима сабабдан бундай салбий натижа қайд этилгани ҳақидаги саволга жавоб ололмаганини айтганди. Қурилиш вазирлигининг яна бир вакили, Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот маркази директори Шерзод Содиқов эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги рейтингни тузиш методикасини тақдим этмаганини маълум қилганди. 

Агентлик бунга расмий муносабат билдириб, инспекциянинг бундай важ келтиргани ноўрин эканига ишора қилди. Таъкидланишича, инспекциянинг 2023 йилдаги коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги президентнинг тегишли қарорида белгиланган 5 та йўналиш доирасида 29 та индикаторга асосан e-anticor.uz махсус электрон платформаси орқали баҳоланган. 

Унинг натижаларига кўра, платформага бир қатор маълумотлар жойлаштирилмагани сабабли инспекциянинг коррупцияга қарши курашишдаги самарадорлиги 100 баллдан 46 балл билан “қониқарсиз” деб қайд этилган. 

“Жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилгани, Инспекция марказий аппаратида ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлдирилгани, аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва уни тартибга солиш бўйича қабул қилинган чоралар, ишга қабул қилинувчи номзодлар ҳамда контрагентлар устидан ўтказилган текширувлар, ходимларни коррупцияга қарши ўқитилганлик ҳолатлари юзасидан қарорда белгиланган маълумотлар тақдим қилинмаган. 

Бундан ташқари, инспекция раҳбарининг ходимлар ва жамоатчилик учун коррупцияга қарши курашишга оид мурожаати мавжудлиги, унинг ходимлар эътиборига етказилгани, ҳайъат йиғилишлари ва бошқа йиғилишларда коррупцияга қарши курашиш ҳолатларининг кўриб чиқилгани ҳамда Инспекция раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан ОАВ ва тадбирларда коррупцияга қарши курашиш бўйича чиқишлари бўйича маълумотлар ҳам тақдим қилинмаган”, – дейилади расмий хабарда. 

Маълум қилинишича, платформага киритилган маълумотлар дастлаб агентлик мутахассислари, кейинчалик коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги рейтингини баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи томонидан баҳолаб чиқилган. Йўл қўйилган камчиликлар юзасидан эътирозлар платформа орқали ҳар бир давлат идорасига юборилган. 

Хусусан, инспекцияга бу борада тегишли алоқа хати юборилган. Бунга жавобан эса инспекция баҳолаш натижалари юзасидан эътирозлар мавжуд эмаслиги ва кўрсатиб ўтилган хато ҳамда камчиликлар келгуси иш фаолиятида инобатга олиниши юзасидан хат юборгани кўрсатилган.

Агентлик изоҳ сўнгида коррупцияга қарши курашишдаги ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, келгусида ҳам услубий кўмак беришга тайёрлигини қайд этган.

Мавзуга оид